Бир қишлоқда камбағал ёлғиз онанинг бир нафар ўғли бор эди. Она ҳар тунда фарзанди ҳаққига дуо қиларди. Бир куни ўғли оғир бетоб бўлиб қолди. Она ҳар қанча дуо қилса-да, фарзанди тузалавермагач, ўша даврнинг олимига бориб: “Нега Аллоҳ менинг дуоларимни қабул қилмаяпти?” деб сўради. Олим табассум билан: “Баъзида машаққатлар ҳам одамга фойда бериши мумкин. Касал бўлган киши тузалгач, саломатлигининг қадрига кўпроқ етиб, ўзига эътибор бера бошлайди. Аллоҳ Ўзини зикр қилган бандани ҳеч қачон ёлғизлатиб қўймайди”, деди.
Орадан вақтлар ўтиб, онанинг ўғли тузалиб, кейинчалик шифокор бўлди. У кўплаб инсонларни даволашга ҳисса қўшиб, касбига маъсулият билан ёндашарди. Она ўғлининг ҳаққига қилган дуолари ижобат бўлганини, фақат ўзи натижани кўришга шошқалоқлик қилганини англади.
Қиссадан ҳисса шуки, ҳаётимизда ҳар қанча синов бўлса-да, умидсиз бўлмаслигимиз керак экан. Баъзида азоблар, қийинчиликлар ортидан ажойиб яхшиликлар келади. Шундай экан, Аллоҳга дуо қилинг ва ижобатига ишонч билан яшанг.
Акбаршоҳ Расулов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума куни эрталабки намоздан олдин:
أَسْتَغْفِرُاللهَ الَّذِي لاَ إِلَهَ إِلاَّ هُوَ الْحَيُّ القَيُّومُ وَأَتُوبُ إِلَيْهِ
"Астағфируллоҳаллазий лаа илаҳа илла ҳувал ҳаййул қоййум ва атубу илайҳ", деб уч марта айтса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини денгиз кўпигича бўлса ҳам, кечириб юборади», дедилар (Ибн Сунний ривоятлари).
Маъноси: Ҳай ва қаййум сифатига эга бўлган Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Унга истиғфор айтиб, Унга тавба қиламан.