Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳу айтадилар: "Мен тушимда иблис лаийнни боши эгик ҳолда кўрдим. Уни асоим билан урмоқчи эдим, менга: "Эй Абу Саъийд! Билмайсанми, мен асодан ҳам, қуролдан ҳам қўрқмайман", деди. Мен: "Унда нимадан қўрқасан, эй малъун?" дедим. Шунда: "Мен фақат иккита нарсадан қўрқаман. Биринчиси, истиъоза (аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм)ни айтганлардан, иккинчиси, иймонида содиқларнинг маърифат жилосидан", деди.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ
Сулаймон ибн Аюб раҳимаҳуллоҳ бундай ҳикоя қилади: “Мен ўн йилдан кўпроқ вақт давомида илм ўрганиш ва Қуръонни ёд олишга ҳаракат қилсам-да, Фотиҳа сурасини тўғри ўқий олмасдим. Бу ҳолат менга оғир эди. Ҳатто устозим ҳам мендан умидини узган эди.
Ёлғиз қолганимда саждага бош қўйиб йиғлаб, дуоларимда Аллоҳ таолодан тилимни бурро, хотирамни ўткир қилишини ҳамда қалбимдаги ғашликни кетказишини сўраб илтижо қилардим.
Солиҳ инсонлардан бирига ҳолимни баён этдим. У мендан: Ота-онанг борми? - деб сўради.
Мен: Ҳа, онам бор, - деб жавоб бердим.
У: Онангга яхшилик қиласанми? – деб сўради.
Мен: Ҳа онамнинг хизматларини бекаму кўст бажараман, – дедим.
Шунда солиҳ киши менга: Онангни олдига бориб, ундан Қуръони каримни ёд олишинг ҳамда фақиҳ бўлишинг учун дуо қилишини сўра, – деди.
Мен уйга бориб, бу гапларни онамга айтдим. Волидам ярим тунда намоз ўқиди, ҳаққимга хайрли дуолар қилди. Сўнгра саҳарлик қилиб, Аллоҳ учун рўза тутди.
Тонг отиши билан онамнинг дуолари қабул бўлди. Худди булутлар тарқагач қуёш чарақлагани сингари ақлим ҳам ёришиб, қувваи ҳофизам кучайганини ҳис этдим.
Шу тариқа мен зеҳни ўткир ва илмли инсонга айландим. Онамнинг дуоси баракотидан Қуръон ва ҳадисни пухта ўзлаштириб, илму-ҳикмат денгизида суза бошладим. Ниҳоят, кучли имомга айландим”.
Ким бирор мақсадини амалга оширишда қийналса, аввало, Аллоҳ таолога таяниш баробарида ота-онасининг дуосини олсин!.
Шайх Маҳмуд МИСРИЙнинг
“Солиҳ ва солиҳалар ҳаётларидан қиссалар” китоби асосида
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.