Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ўз замонларида ўзлари ишлаб чиққан танзир қоидаларига кўра: «Музораъа савдоси жоиз эмас», деб фатво берганлар. Музораъа – шерикчилик асосида ҳосилнинг учдан бири ёки тўртдан бирини бериш эвазига ерни топшириш. Бундан қайтарилгани ҳақида Пайғамбар алайҳиссаломдан очиқ ҳадиси шарифлар ҳам ворид бўлган. Абу Ҳанифа шулардан далилланиб айтганлар. Лекин кейинчалик жамиятда музораъа муомаласи кенг ёйилди, чунки унга эҳтиёж пайдо бўлди. Натижада, гарчи Абу Ҳанифани қўллаб-қувватловчи кўплаб далиллар бор бўлса ҳам, биз у кишининг сўзларини тарк қилдик ва икки шогирднинг бунга ижозат берган фатволарини олиб, музораъа ва мусоқот келишувларига рухсат бердик.
Бунда уламолар Абу Ҳанифанинг далилини заиф билиб, у зотнинг сўзларини шунинг учун тарк қилишмаган. У зотнинг сўзини тарк қилишимизга сабаб бошқа нарса – мазкур татбиқ усуллари, қоидаларидир. Улар усулут-татбиқ дейилади. Демак, Абу Ҳанифанинг далиллари заиф эмас, балки татбиқ масаласи сабабли биз у кишининг гапларидан бошқа гапга фатво берганмиз. Масалан, орамизда «Ихтиёр» китобини ўқиганлар бўлса, бир неча ўринларда муаллиф аввал бир масалага Абу Ҳанифанинг кўплаб далилларини келтириб, гапларини Қуръон, Суннат ва қиёс жиҳатидан қўллаб, сўнг «Урф сабабли фатво имом Муҳаммаднинг сўзларига берилади», «Зарурат сабабли икки шогирднинг гапига фатво берилади», деган ўринларга гувоҳ бўлади. Ёки замон ўзгариши, бирор муаммо ёки эҳтиёжнинг ўта оммалашиб кетиши каби бошқа сабаблар туфайли шогирдларнинг сўзига фатво берилади.
Шулардан кўриниб турибдики, танзир масаласи ва татбиқ масаласи бошқа-бошқа нарсалар экан. Бошқа ривоятга кўра, фатво бериш мазҳаббошининг далили заиф бўлгани учун эмас, балки муфтийнинг замонни тушунишдаги, қоидаларни татбиқ этишдаги йўли экан.
Тушунарлироқ бўлиши учун бошқа бир машҳур масалани айтиб ўтаман. Бир киши бедарак бўлиб кетди, уйида аёли қолган эди. Буни «мафқуд» масаласи деймиз. Мазҳабимизга кўра, то ўша киши тенги одамлар вафот этмагунича уни ўлди деб ҳукм чиқара олмаймиз. Масалан, бир аёл йигирма ёшида турмушга чиқди. Эри тўсатдан ғойиб бўлиб, йўқолиб қолди. Энди уни эридан ажратишимиз учун 50 йил кутиш керак. Шундан кейин унга ажрашди, деб ҳукм берилади ва идда ўтиради. Бу масалада Расулуллоҳ алайҳиссаломдан заиф ривоятлар бор, Алий, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳулардан бир қанча асарларда шундай дейилади. Қиёсга кўра ҳам шундай бўлиши керак. Лекин амал ва татбиқ қилиш жиҳатига келсак, бу масалада имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг сўзларига фатво берилганини кўрамиз: эр йўқолганидан 4 йил ўтгач, аёл эрнинг никоҳидан чиқарилади, яъни ундан ажрашади. Бу ҳукм ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг сўзларидир.
Хўш, бу ерда Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг сўзларини заиф бўлгани учун тарк қилдикми? Йўқ! Биз татбиқ қилиш жиҳатидан Абу Ҳанифанинг сўзидан енгилроқ сўз топганимиз учун иккинчи қавл билан ҳукм чиқардик. Бу иккинчи қавл ҳам мутлақ мужтаҳиднинг қавли. Тушунтириш учун айтаман: «Абу Ҳанифанинг сўзлари рожиҳ, яъни устун», деймиз. Далил жиҳатидан бирорта сўзни у кишининг сўзларидан муқаддам қўймаймиз. Кейинги баҳсларда бу масалани батафсил кўриб чиқамиз. Далил жиҳатидан Абу Юсуфнинг сўзларини ҳам, Муҳаммаднинг сўзларини ҳам у кишининг сўзларидан муқаддам қўймаймиз, лекин амалга татбиқ қилиш жиҳатидан юздан эллик фоиз масалада Абу Ҳанифанинг қавлларидан бошқа қавлга фатво беряпмиз.
Хуллас, Абу Ҳанифанинг қавллари энг устуни, чунки у зот энг қадри баланд мужтаҳиддирлар. Лекин муфтий риоя қилиши лозим бўлган зарурат, енгиллик қилиш, машаққатни кетказиш, замоннинг ўзгариши, бирор муаммо ёки эҳтиёжнинг ўта оммалашиб кетиши каби татбиқ қилиш қоидаларига келсак, буларнинг барчаси Қуръон ва Суннатда собитдир. Ушбу зарурат, енгиллик қилиш, машаққатни кетказиш, замоннинг ўзгариши, бирор муаммо ёки эҳтиёжнинг ўта оммалашиб кетиши каби омилларга қатъий далиллар бор. Агар шулардан бир қанчаси Абу Юсуф ёки Шофеъийнинг далили билан жамланса, мана шу қавл рожиҳ деб эътиборга олиниб, Абу Ҳанифанинг қавлларидан муқаддам қўйилади. Бу тариқа баён қилишимиз ўзимизнинг катта имомимизга – имоми Аъзамга нисбатан таъзим ва эҳтиром бўлади. Лекин бироз олдин айтганимиздек, ихтилофлар ва зарурат, енгиллик, замоннинг ўзгариши каби омилларни қўллаб-қувватлаган далиллар бор бўлса, у зотнинг сўзларидан бошқасини мазҳаб тутамиз ва унга амал қиламиз.
Айтилган бу гаплардан оладиган катта хулосамиз шуки, ҳеч бир масалада Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг бирор далилларини ўша далил заиф бўлгани учун тарк қилмаган эканмиз. Балки, фатво берувчи учун ишлаб чиқилган йўллар – зарурат, енгиллик қилиш, машаққатни кетказиш, замоннинг ўзгариши, бирор муаммо ёки эҳтиёжнинг ўта оммалашиб кетиши каби омиллар сабабли айрим далилларини тарк қилганмиз.
Мана шулар билан фиқҳ илмининг асослари мукаммал бўлади. Айнан биз айтган сабаблар туфайли эҳтиёжга қараб бошқа қавлларни, бошқа мазҳабларнинг далилларини оламиз.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан
Айни кунларда ҳаж сафарига киришган илк зиёратчиларимиз Мадина шаҳридаги беш юлдузли “Zamzam Pullman” замонавий меҳмонхонасида истиқомат қилишмоқда.
Мазкур меҳмонхона Масжиди Набавийнинг ёнида жойлашган бўлиб, зиёратчиларимиз беш маҳал намозни адо этиш, Равзаи шарифга кириш ва бир неча бор Расул алайҳиссаломга салом йўллаш саодатига эга бўлмоқда.
Меҳмонхонада ҳозирланган шароитлар барча ҳожиларимизни мамнун этмоқда. Ҳар бир хонада кийим жавони, ёзув столи, совутгич ва музлатгич, қибла кўрсаткичи, жойнамоз, Қуръони карим, телевизор бор. Фойе, лифт ва хоналар кенг ва ёруғ.
Ҳожиларга хизмат кўрсатадиган ошхона-ресторанда ҳам зарур ўринлар ва барча қулайликлар яратилган. Бир неча минг кишилик ошхонада ибодатга қувват бўладиган лазиз таомлар, салатлар, сархил мевалар, ширинликлару шарбатлар тортиқ қилинмоқда.
Мазкур меҳмонхонада жойлашган Ўзбекистон ишчи гуруҳи штаби барча ташкилий ишларни рисоладагидек бўлиши учун 24 соат давомида узлуксиз зиёратчилар хизматида бўлмоқда.
Мавсум давомида ҳожиларимиз тетик, соғлом бўлишлари учун аввало, ўзлари, сўнгра тиббиёт ходимлари ҳам масъул. Бу йил ҳам ҳожиларимизнинг соғликларини доимий кузатиб бориш учун олий тоифали шифокорлар жалб этилган. Улар ҳамюртларимиз саломатликлари учун туну кун хизматда бўлиб туришибди.
Тиббиёт ходимлари ҳожиларнинг сиҳатларини кўздан кечириб, керакли ёрдам, маслаҳат ва дори-дармонлар бермоқда. Тиббий хизмат марказларида муолажа учун керакли жиҳозлар, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун шароитлар мавжуд. Барча турдаги касалликларга биринчи ёрдам кўрсатиш мақсадида юртимиздан етарли даражада дори-дармонлар олиб борилган.
Жорий мавсумда ҳожиларимизга яна бир қулайлик ва туҳфа улашилди. Ўзбекистон алоқа оператори тарафидан бу йилги ҳар бир зиёратчига интернет трафиги ва бонусли дақиқалари мавжуд бўлган бепул телефон сим картаси, махсус сумка, термос, соябон ва бош кийим кабилар тақдим этилди.
Жорий мавсумда бўлғуси ҳожиларга хизмат кўрсатиш сифати янги босқичга олиб чиқилгани ва шароитлар сезиларли даражада яхшилангани барчани чексиз мамнун этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати