Бугун, 18 февраль куни Боғот туманида янгидан қуриб битказилган "Дарвеш бобо" жоме масжидининг очилиш маросими ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакили Хайрулла домла Абдуллаев, Боғот тумани ҳокими Жаҳонгир Назаров, мутасаддилар, имом-хатиблар ва маҳалла аҳли жам бўлишди.
Маросимда Қуръони карим тиловати ва бу масжиднинг то қиёматгача мўмин-мусулмонларга хизмат қиладиган, таровеҳлар, хатми Қуръонлар, зикру тасбеҳлар айтиладиган саждагоҳ бўлишини, янги масжид халқимиз эътиқоди, маърифатини мустаҳкамлашда ҳидоят ва зиё маскани бўлиб кўп йиллар фаолият юритишини Аллоҳ таолодан сўраб, бу хайрли ишда кўмакчи бўлган барча эзгу ниятли кишилар ҳаққига дуолар қилинди.
Замонавий талабларга жавоб берадиган, барча қулайликларга эга бўлган мазкур масжид 3000 нафар намозхонларга мўлжалланган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бугун – чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов Диний идорага турли масалаларда келган фуқароларни қабул қилди. Уларнинг масжидлар фаолияти, соҳани ривожлантириш, моддий ёрдам каби масалаларида қилган мурожаатлари тингланди.
Фуқаролар томонидан билдирилган таклиф ва сўровлар атрофлича ўрганилиб, Диний идора ваколати доирасида тегишлилари бўйича масъулларга тез фурсатларда ҳал этиш юзасидан топшириқлар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати