Ота-ўғил бир-бирларини бағрига босишди, кўз ёшлари сел бўлиб оқди. Фаррух аёли билан ўтириб дилдан суҳбатлашди ва гап орасида: “Мен бериб кетган ўттиз минг динорни нима қилдингиз?” – дея сўради. Шу пайт азон овози янгради. Фаррух бомдод намозини ўқиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари томон отланди. У ердаги катта оломон сабаб ташқарида ўқишга мажбур бўлди.
Намоздан сўнг Фаррух масжидга кирди. Набий алайҳиссаломнинг қабрларига яқинлашиб, у зотга салом берди ва равзаи мутаҳҳаранинг олдида туриб анча вақтгача намоз ўқиди. Фаррух намозини тугатгач кетмоқчи бўлиб турган эди ҳамки, масжид ҳовлисида ўтирган катта жамоат унинг эътиборини тортди ва уни жойида тўхташга ундади. Одамлар унга бирор катта уламони кутаётгандек кўринарди. Фаррух ҳам яқинроққа ўтирди, шайх ваъз қила бошлади. У кишининг гапларидан қалблар ларзага келди. Толиби илмлар шайхнинг айтган гапларини қоралаб боришарди. Фаррух шайхдан ажабланди. Шайх мажлисни тугатиб ўрнидан тургач, одамлар кўришиб, зиёрат қилиш учун унинг атрофини ўраб олишди.
Фаррух ўтирганлардан бирига яқинлашиб, пичирлаганча: “Бу шайх ким?” – деб сўради.
Саволни эшитган киши ҳайрон ҳолда қошини чимириб: “Орамизда шайх ким эканини билмайдиган одам ҳам бор экан-да, ахир шайхнинг исми ҳар ерда донг таратган, сиз бу шаҳарлик эмасга ўхшайсиз”, деди. Фаррух: “Йўқ, лекин мен узоқ сафарда эдим, бугун кечаси қайтдим”, дея жавоб берди.
Қаршисидаги одам табассум ила бундай деди: “Ҳа қадрдоним-а, бу зот тобеъинларнинг улуғларидандир. У парҳезкор муҳаддис бўлиб, кўрганингиздек, унинг мажлисига Молик ибн Анас, Абу Ҳанифа, Яҳё ибн Саъид, Суфёни Саврий, Авзоий, Лайс ибн Саъд ва бошқаларни ҳам жамлай оладиган фақиҳларнинг имомидир. У Фаррух ўғли Робийъатур Райдир. Унинг отаси кўп йиллар илгари урушга кетган эди. Кеча тунда қайтиб келибди. Одамлар айтишди”, деди.
У киши гапини тугатмасидан Фаррух ҳушини йўқотаёзди ва шахдам қадамлар билан уйи томон шошди. Қалби бу буюк олим унинг ўғли эканлигидан ҳузур ва фахр туйғулари билан лиммо-лим эди. Аёлининг олдига кирди ва: “Азизам, жуфти ҳалолим, мен кўрганларим мени ҳайратда қолдирди. Ўзидан бошқа илоҳ бўлмаган Зотга қасамки, агар дунёдаги барча хазиналар тортилса ҳам, бу неъмат оғир келади”, деди.
Аёли: “Хўш, нима экан у?” – деди. “Ўғлимиз Робийъа илмда юксак мартабага эришибди, ҳатто замонанинг катта уламолари ҳам унинг илмидан баҳраманд бўлмоқда эканлар”, деди.
Аёл табассум ила: “Аллоҳ йўлида жангга отланиш олдидан бизга ташлаб кетган ўттиз минг динорингизни нималарга сарфлаганимни англадингизми?” деди.
“Ҳа”, деди Фаррух. Аёл яна: “Динорларнинг барини фарзандимиз тарбияси ва камоли учун сарфладим. Кўриб турганингиздек шу даражага етди”, деди.
Фаррух кўзларида ёш ила: “Аллоҳ хайрингизни берсин, азизам! Барака топинг. Сиз ҳақиқатан ҳам таҳсинга сазовор мўмина аёлсиз...”, дея завжасига миннатдорчилик билдирди.
Ҳассон Шамсий Пошонинг "Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар" номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
Республикамиз ҳожилари иштирокида ўтказилаётган маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари қизғин давом этмоқда.
“Янги Ўзбекистоннинг фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз” ташаббуси доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов бошчилигида ўтказилган 69 минг 138 та тадбир доирасида жорий йилнинг шу даврига қадар 422 минг 565 нафардан ошиқ юртдошимиз қамраб олинди.
Улар билан тинчлик қадри, шукроналик, ёшлар тарбияси, илм-маърифатга тарғиб, ёт ғояларга қарши курашиш, оила масъулияти, низоларнинг олдини олиш мавзуларида суҳбатлар ўтказилди. Эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиниб, озиқ-овқат маҳсулотлари, моддий ёрдамлар бериб борилмоқда.
Ушбу хайрли ишларга диний соҳа вакиллари билан бир қаторда 11 мингдан зиёд ҳожилар жалб этилган бўлиб, улар маҳаллаларда амалий ишларда кўнгилли равишда иштирок этишмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати