Мен Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло мени улардан Қуръони каримни ўрганишга муваффақ қилган жуда кўп машойихларимиздан Қуръонни ёд олишнинг энг афзал йўли ҳақида сўраб чиқдим. Мадинадаги қорилар устози шайх Иброҳим Ахдор, шайх Муҳаммад Аҳмад, шайх Бакр Таробиши раҳимаҳуллоҳ, шайх Родвон ҳафизаҳуллоҳ каби кибор уламолардан сўрадим. Одатда, биз бу ҳақида кўпчиликдан сўраймиз. Аммо умрининг 60-70 йилини Қуръонни тиловат қилиш ва уни ўргатишга бағишлаган ва бутун ҳаёти Қуръони карим таълимига сарфланган устозлардан Қуръонни ёдлашнинг энг афзал усулини сўраганимизда, улар бир овоздан маъқуллаб айтишадики, “Қуръонни ҳифз қилишнинг энг яхши йўли - Пайғабаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсияларига амал қилиш: “Қуръонга ўзингизни бағишланг!” (Уни мунтазам ўқинг). Оддий. Бу борада кўп баҳслашамизу, аммо охир-оқибат Пайғабаримиз алайҳиссаломнинг тавсияларига қайтамиз: “Қуръонни мунтазам ўқинг!” Оз-оздан Қуръондан ўқишни кунлик одат қилиб олишингиз керак. “Амалларнинг энг яхшиси — оз ва бардавом бўлганидир”.
Яъни, биламизки, еб-ичишдан бутунлай воз кечолмайсиз, аммо оз-оздан бўлса ҳам қилишингиз керак. Таомланиш ва ичиш каби кунлик қиладиган одатларингиз ичига Қуръондан оз миқдорда тиловатни ҳам қўшишингиз керак. Ва вақт ўтгани сари бу оз миқдор кўпайиб боради ва шу билан сиз Қуръонни, шубҳасиз, ёд оласиз. Аллоҳ сизни Қуръонни ёд олишга муваффақ қилиши даражасига етмагунингизча, тунлари саждада дуо қилишингиз лозим: “Ё Аллоҳ, Қуръонни қалбимнинг баҳори, кўксимнинг нури қилгин. Менга нафсимни енгишимда мадад бер!”.
Қуръон аҳллари бу — Аллоҳнинг хос бандалари бўлиб, улар У зотга энг яқин бўлганлардир. Аллоҳ бандалари орасидан Қуръон аҳлларидан бўлишга лойиқларини танлайди. Аллоҳ қалбингиздаги Қуръон аҳлларидан бири бўлишга бўлган кучли истагингизни кўриши керак. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан сизни Қуръонни ҳифз қилишга муваффақ этишини сўраб, бу амални ўзингизга кунлик одат қилиб олсангиз, Ўзининг изни ила сизни Каломини ҳифз қилиш билан мукофотлайди.
Шайх Ёсир Дусарий
Мусулмон ўз ризқига сабаб бўлаётган касбига меҳр қўяди ва унга вафодор бўлади. Тажриба инсон ўз касбига меҳр қўймагунча, бирор яхши натижага эришмаслигини такрор-такрор кўрсатган. Аксинча, касб-ҳунарига меҳр қўйган ва уни ўзига лозим тутганлар баракага сазовор бўлганларини ҳам кўпчилик яхши билади.
Бундан ўзга ризқ топиш учун сабаб бўлиб турган нарсани то у фойда бермайдиган бўлиб қолмагунча тарк қилмаслик кераклиги англанади. Нофеъ айтади: "Мен Шом ва Мисрга тижорат моли юборар эдим. Аллоҳ менга кўп яхшиликни ризқ қилиб берарди. Бир гал Ироққа (мол) юбордим. Сармоям ҳам қайтмади. Ойша розияллоҳу анҳонинг ҳузурига кирган эдим: “Ҳой болам, тижоратингни лозим тут. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Бирингизга бир эшикдан ризқ очилса, ўшани лозим тутсин”, деганларини эшитганман” деди".
Ҳа, мусулмон киши ризқи келиб турган эшикни ёпиб, ўзини бошқа эшикка уришга шошилмаслиги керак.
“Ҳалол касб-ҳунар – қут-барака келтирар” китобидан