Мен Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло мени улардан Қуръони каримни ўрганишга муваффақ қилган жуда кўп машойихларимиздан Қуръонни ёд олишнинг энг афзал йўли ҳақида сўраб чиқдим. Мадинадаги қорилар устози шайх Иброҳим Ахдор, шайх Муҳаммад Аҳмад, шайх Бакр Таробиши раҳимаҳуллоҳ, шайх Родвон ҳафизаҳуллоҳ каби кибор уламолардан сўрадим. Одатда, биз бу ҳақида кўпчиликдан сўраймиз. Аммо умрининг 60-70 йилини Қуръонни тиловат қилиш ва уни ўргатишга бағишлаган ва бутун ҳаёти Қуръони карим таълимига сарфланган устозлардан Қуръонни ёдлашнинг энг афзал усулини сўраганимизда, улар бир овоздан маъқуллаб айтишадики, “Қуръонни ҳифз қилишнинг энг яхши йўли - Пайғабаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсияларига амал қилиш: “Қуръонга ўзингизни бағишланг!” (Уни мунтазам ўқинг). Оддий. Бу борада кўп баҳслашамизу, аммо охир-оқибат Пайғабаримиз алайҳиссаломнинг тавсияларига қайтамиз: “Қуръонни мунтазам ўқинг!” Оз-оздан Қуръондан ўқишни кунлик одат қилиб олишингиз керак. “Амалларнинг энг яхшиси — оз ва бардавом бўлганидир”.
Яъни, биламизки, еб-ичишдан бутунлай воз кечолмайсиз, аммо оз-оздан бўлса ҳам қилишингиз керак. Таомланиш ва ичиш каби кунлик қиладиган одатларингиз ичига Қуръондан оз миқдорда тиловатни ҳам қўшишингиз керак. Ва вақт ўтгани сари бу оз миқдор кўпайиб боради ва шу билан сиз Қуръонни, шубҳасиз, ёд оласиз. Аллоҳ сизни Қуръонни ёд олишга муваффақ қилиши даражасига етмагунингизча, тунлари саждада дуо қилишингиз лозим: “Ё Аллоҳ, Қуръонни қалбимнинг баҳори, кўксимнинг нури қилгин. Менга нафсимни енгишимда мадад бер!”.
Қуръон аҳллари бу — Аллоҳнинг хос бандалари бўлиб, улар У зотга энг яқин бўлганлардир. Аллоҳ бандалари орасидан Қуръон аҳлларидан бўлишга лойиқларини танлайди. Аллоҳ қалбингиздаги Қуръон аҳлларидан бири бўлишга бўлган кучли истагингизни кўриши керак. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан сизни Қуръонни ҳифз қилишга муваффақ этишини сўраб, бу амални ўзингизга кунлик одат қилиб олсангиз, Ўзининг изни ила сизни Каломини ҳифз қилиш билан мукофотлайди.
Шайх Ёсир Дусарий
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Тўлиқ исми ва таваллуди
Исо ибн Мино ибн Вардон ибн Исо ибн Абдуссомад ибн Умар ибн Абдуллоҳ аз-Зарқий. Куняси Абу Мусо. Қолун эса унинг лақабидир. У ансорлардан Бани Зуҳранинг мавлоси[1] бўлган. Нофеъ ибн Абдурраҳмоннинг қарамоғида улғайган. Қолун лақабини олишининг сабаби унинг гўзал қироати билан боғлиқ. Бу ҳақда ўзи айтади: “Агар Нофеънинг олдида тиловат қилсам, бармоқларини тугиб, менга “қолун” яъни, румликлар тилида “яхши, яхши” дер эди.
Айтилишча, Қолун асли румлик бўлиб, шу тилда гаплашган. Унинг бобоси Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу даврида Румда асирга тушган ва Мадинага олиб келингач, ансорийлар уни сотиб олишган.
Қолун Халифа Ҳишом ибн Абдулмалик даврида ҳижрий 120-йили таваллуд топган.
Ҳаёти ва илмий фаолияти
Қолуннинг қулоғи мутлақо эшитмас эди. Аммо олдида Қуръон тиловат қилинса, ўқувчининг хатосини тўғрилаб турарди. Али ибн Ҳасан Ҳисанжаний айтади: “Қолун Исо ибн Минонинг қулоғи жуда ҳам оғир эди. Ҳатто унга баланд овозда бақирсангиз ҳам эшитмасди. Лекин олдида Қуръон ўқилса, қорининг лабларига қараб туриб, лаҳн ва хатосини қайтарар эди”.
Абу Муҳаммад ал-Бағдодий айтади: “Қолун бирор товушни эшитолмас эди. Лекин Қуръон ўқилса, эшитарди. Қорилар унга Қуръон ўқиб беришар ва уларнинг хатолари ва лаҳнларини лабдан билиб олар ва тўғрилаб қўярди”.
Қолун Қуръоннинг етти хил қироат ровийларидан бири бўлган. Ўз замонасида Ҳижозда араб тили илмларида ва қироатда тенгсиз кишилардан саналган. У устози Нофеънинг олдида алоҳида ўринга эга бўлиб, унга жуда кўп марта Қуръонни ўқиб ўтказган ва буни ўзининг китобида ҳам қайдлаган.
Қолундан: “Нофеъга неча марта Қуръонни ўқиб бергансиз”, деб сўралганда “Нофеъ билан йигирма йил ўтирганман, кўп ўқиб берганлигимдан неча марталигини санай олмайман” деган.
Яна айтади: “Нофеъ менга: “Менга қачонгача ўқиб берасан, бир устунга ўтир сенга ҳам ўқиб берадиганларни жўнатаман” деди”.
Қолун устози ҳақида яна шундай дейди: “У инсонларнинг энг хулқи чиройлиси, қироати гўзали ва сахий, зоҳид эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида намоз ўқиб эллик тўққиз йил мобайнида одамларга қироат ўргатди”. Нофеъ ўзи ҳақида: “Мен бирор марта талабанинг сувини ичмаганман” деган.
Нофеънинг қироатда санади олий бўлган. У тобеъинлардан етмиш кишига жумладан, Абдураҳмон ибн Ҳурмуз ал-Аърож, Абу Жаъфар Язид ибн Қаъқоъ, Шайба ибн Нисоҳ, Язид ибн Нўъмон, Муслим ибн Жундаб, ибн Умарнинг мавлоси Нофеъ, Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайр, Абу аз-Зинад, Муҳаммад ибн Шиҳоб аз-Зуҳрийларга Қуръонни ўқиб ўтказган. Асмаъий айтади: “Нофеъ ибн Абу Нуъайм билан бирга ўтирардим. У обид, фақиҳ қорилардан эди”.
Нофеъ ҳазилни хуш кўрадиган ва хулқи гўзал бўлган. Ундан доим хушбўй ҳид таралиб турарди. Бу ҳақда: “Эй, Абу Абдуллоҳ ёки Абу Рувайм, Қуръон ўқитиш учун ўтирганингизда ҳар доим хушбўйланиб оласизми?” деб сўралганда: “Мен хушбўйланмайман, лекин тушимда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрганман. У зот менинг оғзимга Қуръон ўқиб берганлар. Ўша вақтдан бери оғзимдан ушбу хушбўй ҳид таралиб туради” деганлар. Имом Шотибий ҳам манзумаларида бунга ишора қилиб айтадилар:
Нофеънинг хушбўйлигидаги ажиб сир,
Мадинани манзил этиб танлаганлигидир.
Нофеъга: “Мунча ҳам юзингиз порлоқ, хулқингиз гўзал!?” дейилган эди. “Нечук бундай бўлмайин?! Ваҳоланки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан қўл бериб кўришганлар. У зотга (тушда) Қуръон қироат қилиб берганман” деганлар.
Қолун устози Нофеъни жуда ҳам эҳтиром қилар, унинг олдида одоб билан ҳушёр турарди. Бу ҳақда ўзи шундай дейди: “Мени Нофеънинг олдида бирор марта уйқу босмаган. Лекин бир куни унинг ҳузурида “ухлаб қолди, қироатимни эшитмайди” деб бироз ухламоқчи бўлдим. Шунда мени сўкиб берди. Дарров унинг олдида тавба қилдим ва қайта бундай такрорламадим”. “Нофеъ бирор оятни бетаҳорат ўқимаган, мен ҳам бирор оятни бетаҳорат ўқимаганман. Бунда ажабланарли нарса йўқ. Дарҳақиқат, унинг устози Абу Жаъфар муҳожирлар ва ансорлар тўлдириб турадиган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида имом бўлган”.
Қолун Нофеъдан ташқари яна Абу Жаъфар Язид ибн ал-Қаъқоъ, Исо ибн Вардон ва бошқаларга ҳам Қуръонни ўқиб ўтказган. Қолундан жуда кўпчилик қироат илмини олган ва ундан ривоят қилган. Улардан Иброҳим ибн Ҳусайн Кисоий, Иброҳим ибн Муҳаммад Маданий, Аҳмад ибн Солиҳ Мисрий, Аҳмад ибн Язид Ҳалвоний, Исмоил ибн Исҳоқ ал-Қозий, Ҳасан ибн Али аш-Шаҳҳам, Ҳусайн ибн Абдуллоҳ ал-Муаллим, Солим ибн Ҳорун Абу Сулаймон, Абдуллоҳ ибн Исо ал-Маданий ва бошқалар.
Қолун бир неча муҳаддис уламолардан ҳам ҳадис ривоят қилган. Улар Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Абу Касир, Абдурраҳмон ибн Абу аз-Зинад, Нофеъ ибн Абу Нуъайм ва бошқалар.
Қолундан эса Исмоил ал-Қозий, Абу Зуръа ар-Розий, Ибн Дизил, Мусо ибн Исҳоқ ал-Ансорий, Аҳмад ибн Солиҳ, Абу Нашийт, Мусо ибн Исҳоқ, Али Ҳисанжоний ва бошқалар ҳадис ривоят қилишган.
Вафоти: Қолун юз йил умр кўрган ва Мадинаи Мунавварада халифа Маъмун даврида ҳижрий 220-йили вафот этган. Баъзи манбаларда бошқа сана қайд этилган. Имом Заҳабий ушбу санани аниқроқ деб қайдлаган.
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим тайёрлади
[1] Озод қилинган қул.