Яқин кунларда ўзбек тилида юритиладиган хориж нашрларининг бирида Ўзбекистон мусулмонлари идораси фаолиятига оид асосланмаган маълумотлар тарқатилди. Мазкур хабарларда гўёки Диний идорада молиявий камомад кузатилгани ва маблағлар ўзлаштирилгани ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган бир қатор иддаолар қилинган.
Зийрак ва оқил киши мана шундай хабарлар кетма-кетлиги ва ундаги маълумотларнинг далилланмаганини кузатиб, жамоатчилик орасида Диний идорани обрўсизлантириш мақсад қилинганини яққол англаб етади.
Энг аввало, таъкидлаш керакки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўз Устав талабларига кўра, ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан нодавлат нотижорат ташкилот бўлиб, ҳеч қандай тижорий фаолият билан шуғулланмайди. Диний идоранинг сарф-харажатлари масжидлар, зиёратгоҳлар ва турли хайрия ишларидан тушган эҳсонлар ҳисобидан қопланади.
Мазкур йиғилган маблағлар тасдиқланган смета асосида сарфланади ва молиявий айланмалар Ўзбекистон мусулмонлари идораси Олий Ҳайъати, Тафтиш комиссияси, адлия органлари ва солиқ идоралари томонидан доимий назорат қилиб борилади. Хусусан, 2024 йилнинг 1-12 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги мутахассислари, солиқ идоралари ходимлари томонидан Диний идорада қонунчилик ҳужжатлари бажарилиши ва молиявий фаолиятларнинг қонунийлиги юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилган.
Ўрганишлар якуни бўйича Адлия вазирлигининг 2024 йил 18 ноябрь кунидаги 21/5-978/9-сонли тақдимномасида Диний идорада молиявий камомад ва ноқонуний хатти-ҳаракатлар мавжуд эмаслиги қайд этилган. Бундан ташқари, Тафтиш комиссияси Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2021-2024 йиллардаги молиявий фаолиятини батафсил текшириб, мазкур жараёнлар амалдаги қонунчиликка мувофиқ экани тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Олий Ҳайъатига ҳисобот берган.
Тарқатилган хабарлардаги “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбарига нисбатан қўзғатилган жиноят иши эса унинг мазкур вазифага киришишдан олдинги фаолияти билан боғлиқ эканини алоҳида таъкидлаш керак. Олиб борилган тергов жараёнларида ҳам Фонд маблағларини ноўрин сарфлаш ва ўзлаштириш ҳолатлари ўз тасдиғини топмаган. Фонд ўз фаолиятини қонунчилик ҳужжатлари ва Васийлик кенгаши қарорлари асосида олиб боради. Мазкур Кенгаш Фонд фаолиятининг динимиз талаблари ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлигини мунтазам назорат қилиб боради.
Шунингдек, ҳақиқатга тўғри келмайдиган хабарларнинг бирида умра зиёратчилари учун нимча ва сумка бўйича ўтказилган танлов ҳақида ҳам асосланмаган маълумотлар учрайди. Маълумки, мамлакатимизда ҳаж ва умра сафарини ташкил этиш ишлари Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги “Ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 364-сонли қарор асосида амалга оширилади. Ушбу қарорга илова қилинган Низомнинг 17-бандида зиёратчилар учун кийим-кечак ва сумка тайёрлаб берувчи ташкилотларни танлаш учун алоҳида тендер (танлов) ўтказиш ва тендер (танлов) хулосаларини Жамоатчилик кенгашига киритиш ва Жамоатчилик кенгаши қарорига асосан тендер (танлов)да ғолиб чиққан ташкилотлар билан шартномалар тузиш белгиланган.
Айтиш жоизки, ҳар йили нимча (камзул) ва сумка тайёрлаб бериш бўйича алоҳида очиқ танлов ўтказилади ва бу ҳақда ОАВда эълонлар берилади. Унда фирмалар томонидан тақдим этилган бир қатор ҳужжатлар билан бирга нимча (камзул) ва сумка намуналари сифати ва нархи мутахассислар томонидан ўрганилиб, уларнинг якуний хулосаси Жамоатчилик кенгашига киритилади.
Шунингдек, мазкур хабарда умра зиёратчилари учун нимча ва сумкаларга пуллар ўтказилиб, ўзлаштириб юборилган, деган мазмундаги маълумот ҳам асоссиздир. Чунки, ўтказилган танловда ғолиб чиққан фирма билан тузилган шартномага асосан ҳар бир нимча учун 34.130,91 сўмдан (ҚҚСсиз), ҳар бир сумка учун 28.369,09 сўмдан (ҚҚСсиз) тасдиқланган смета асосида маблағ ажратилган. Мазкур нимча ва сумкалар умра зиёратчиларига тарқатилган ва улар Саудия Арабистонида ибодатларини адо этиб қайтдилар.
Яна бир хабарда келтирилган важ ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди, яъни ҳаж ва умрага оид фаолият айрим шахсларнинг кўрсатмаси билан эмас, балки Вазирлар Маҳкамаси, Жамоатчилик кенгаши қарорлари ва назорати асосида амалга оширилади. Шунингдек, мазкур масалаларга оид барча ташкилий-ҳуқуқий ишлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш маркази” томонидан амалга оширилади.
Ушбу хабарларда асосланмаган маълумотларни Дин ишлари бўйича қўмита фаолиятига ҳам боғлашга уринилган. Таъкидлаш керакки, мазкур қўмита давлат органларининг диний ташкилотлар билан ўзаро алоқаси ва ҳамкорлигини мувофиқлаштириш ҳамда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ дин ишлари соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш билан шуғулланади. Демак, қўмита ёки ундаги мансабдор шахслар Ўзбекистон мусулмонлари идораси ёки “Вақф” хайрия жамоат фонди фаолиятига бевосита аралашмайди.
Баён этилганлардан келиб чиқиб, ахборот асрида Интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқ юритувчилари турли манбалар орқали тақдим этилган маълумотларни оммага эълон қилишдан аввал текшириб кўришлари лозим. Зеро, асосланмаган маълумотларни тарқатиш қонунчиликда жавобгарликка, динимизда эса оғир гуноҳга сабаб бўлади. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўрингиз, билмай бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлмангиз” (“Ҳужурот” сураси, 6-оят). Муфассирлар ояти каримани шарҳлаб, келтирилган ҳар қандай хабарга ишонавермасликни, агар фосиқ киши бирор гап олиб келса, уни яхшилаб текшириб кўриш зарурлигини таъкидлашади.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, ҳар бир мўмин-мусулмон киши ҳақиқатдан йироқ гапларга учмаслиги, фитналардан огоҳ бўлиши даркор. Шунингдек, тўғри ахборот олиш, уни тўғри етказа билиш бугунги кун кишисининг шиори бўлиши керак.
Сўзимиз ниҳоясида, Рамазони шариф остонасида турли фитналарга берилмасдан, улуғ кунларни ғанимат билишга чақирамиз. Аллоҳ таоло ҳаммамизга инсоф-тавфиқ берсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Набавий башорат
Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизнинг яхшиларингиз менинг асримдагилардир. Сўнгра улардан кейин келадиганлар, сўнгра улардан кейин келадиганлар”.
Имрон розияллоҳу анҳу: “У зот алайҳиссалом икки марта ёки уч марта айтдиларми, билолмадим”, деди. “Кейин шундай бир қавм келадики, улар гувоҳлик сўралмаган ҳолда гувоҳлик беришади, хиёнат қилишади, омонатдор бўлишмайди, назр қилиб, вафо қилишмайди, уларда семизлик пайдо бўлади”» (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Ҳадис шарҳи
Уламолар ушбу ҳадисда касаллик ёки бошқа физиологик хусусиятлар туфайли туғма семизлик эмас, балки айнан овқатга очкўзлик ва нафсни тиймаслик, ортиқча овқатланиш натижасида орттирилган семизлик ҳақида гап кетаётганини айтишади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида семизлик кенг тарқалган ҳодиса эмас эди ва саҳобалар бу муаммони хаёлларига ҳам келтиришмаган. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларининг ҳолидан хавотирга тушганлар.
Семириш – глобал эпидемия
Бугунги кунда ортиқча вазнга эга бўлиш, семириб кетиш инсониятни ташвишга солаётган муаммолардан биридир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) семиришни глобал эпидемия деб эълон қилган.
Агар шу ҳолат давом этса…
Сўнгги 50 йил ичида одамларда вазн ортиши динамикаси кескин ортди. Бугунги кунда Ер сайёрасида 2,5 миллиарддан ортиқ одам (38%) ортиқча вазнга эга. Агар шу ҳолат давом этса, 2035 йилга келиб бу кўрсаткич 50%дан ошиши мумкин ва инсониятнинг ярмидан кўпида семириш ташхиси қўйилади.
Семизлик ёш танламайди
Семириб кетиш фақат катталар учун эмас, ҳатто болалар ва ўсмирлар орасида ҳам тез ўсиб бораётгани янада хатарлидир. Ҳар йили 2,8 млн ўлим ортиқча вазн сабаб содир бўлади.
Семиришнинг сабаби нима?
Диетологларнинг фикрига кўра, ҳозирги вақтда истеъмол қилинаётган озиқ-овқатлар ниҳоятда осон ҳазм бўлади ва зарур бўлган калориядан бир неча баравар кўп концентрацияни ўз ичига олади. Одамлар бундай овқатларни тобора кўп истеъмол қилишлари оқибатида семизлик келиб чиқмоқда. Албатта, бу сабаблардан бири.
Ортиқча овқат – шаҳватни келтириб чиқаради!
Ортиқча овқатланиш шаҳват кучайишига олиб келади. Натижада инсоннинг ҳар қандай ёмонликка бошлайдиган нафсига қарши курашиши қийинлашади. Шунинг учун меъёрида овқатланиш, нафл рўза тутиш мақсадга мувофиқ.
Ўз нафсингиз билан бўладиган оғир жангда муваффақият ва зафарлар тилаймиз.
Олдини олиш учун нима қилиш керак?
Соғлом овқатланиш, жисмоний тарбия билан шуғулланиш. Айниқса кўпроқ пиёда юриш – қон-томир касалликлари, инсульт, хавфли ўсмалар ва қандли диабет каби касалликларнинг олдини олади.
Даврон НУРМУҲАММАД