Яқин кунларда ўзбек тилида юритиладиган хориж нашрларининг бирида Ўзбекистон мусулмонлари идораси фаолиятига оид асосланмаган маълумотлар тарқатилди. Мазкур хабарларда гўёки Диний идорада молиявий камомад кузатилгани ва маблағлар ўзлаштирилгани ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган бир қатор иддаолар қилинган.
Зийрак ва оқил киши мана шундай хабарлар кетма-кетлиги ва ундаги маълумотларнинг далилланмаганини кузатиб, жамоатчилик орасида Диний идорани обрўсизлантириш мақсад қилинганини яққол англаб етади.
Энг аввало, таъкидлаш керакки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўз Устав талабларига кўра, ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан нодавлат нотижорат ташкилот бўлиб, ҳеч қандай тижорий фаолият билан шуғулланмайди. Диний идоранинг сарф-харажатлари масжидлар, зиёратгоҳлар ва турли хайрия ишларидан тушган эҳсонлар ҳисобидан қопланади.
Мазкур йиғилган маблағлар тасдиқланган смета асосида сарфланади ва молиявий айланмалар Ўзбекистон мусулмонлари идораси Олий Ҳайъати, Тафтиш комиссияси, адлия органлари ва солиқ идоралари томонидан доимий назорат қилиб борилади. Хусусан, 2024 йилнинг 1-12 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги мутахассислари, солиқ идоралари ходимлари томонидан Диний идорада қонунчилик ҳужжатлари бажарилиши ва молиявий фаолиятларнинг қонунийлиги юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилган.
Ўрганишлар якуни бўйича Адлия вазирлигининг 2024 йил 18 ноябрь кунидаги 21/5-978/9-сонли тақдимномасида Диний идорада молиявий камомад ва ноқонуний хатти-ҳаракатлар мавжуд эмаслиги қайд этилган. Бундан ташқари, Тафтиш комиссияси Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2021-2024 йиллардаги молиявий фаолиятини батафсил текшириб, мазкур жараёнлар амалдаги қонунчиликка мувофиқ экани тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Олий Ҳайъатига ҳисобот берган.
Тарқатилган хабарлардаги “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбарига нисбатан қўзғатилган жиноят иши эса унинг мазкур вазифага киришишдан олдинги фаолияти билан боғлиқ эканини алоҳида таъкидлаш керак. Олиб борилган тергов жараёнларида ҳам Фонд маблағларини ноўрин сарфлаш ва ўзлаштириш ҳолатлари ўз тасдиғини топмаган. Фонд ўз фаолиятини қонунчилик ҳужжатлари ва Васийлик кенгаши қарорлари асосида олиб боради. Мазкур Кенгаш Фонд фаолиятининг динимиз талаблари ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлигини мунтазам назорат қилиб боради.
Шунингдек, ҳақиқатга тўғри келмайдиган хабарларнинг бирида умра зиёратчилари учун нимча ва сумка бўйича ўтказилган танлов ҳақида ҳам асосланмаган маълумотлар учрайди. Маълумки, мамлакатимизда ҳаж ва умра сафарини ташкил этиш ишлари Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги “Ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 364-сонли қарор асосида амалга оширилади. Ушбу қарорга илова қилинган Низомнинг 17-бандида зиёратчилар учун кийим-кечак ва сумка тайёрлаб берувчи ташкилотларни танлаш учун алоҳида тендер (танлов) ўтказиш ва тендер (танлов) хулосаларини Жамоатчилик кенгашига киритиш ва Жамоатчилик кенгаши қарорига асосан тендер (танлов)да ғолиб чиққан ташкилотлар билан шартномалар тузиш белгиланган.
Айтиш жоизки, ҳар йили нимча (камзул) ва сумка тайёрлаб бериш бўйича алоҳида очиқ танлов ўтказилади ва бу ҳақда ОАВда эълонлар берилади. Унда фирмалар томонидан тақдим этилган бир қатор ҳужжатлар билан бирга нимча (камзул) ва сумка намуналари сифати ва нархи мутахассислар томонидан ўрганилиб, уларнинг якуний хулосаси Жамоатчилик кенгашига киритилади.
Шунингдек, мазкур хабарда умра зиёратчилари учун нимча ва сумкаларга пуллар ўтказилиб, ўзлаштириб юборилган, деган мазмундаги маълумот ҳам асоссиздир. Чунки, ўтказилган танловда ғолиб чиққан фирма билан тузилган шартномага асосан ҳар бир нимча учун 34.130,91 сўмдан (ҚҚСсиз), ҳар бир сумка учун 28.369,09 сўмдан (ҚҚСсиз) тасдиқланган смета асосида маблағ ажратилган. Мазкур нимча ва сумкалар умра зиёратчиларига тарқатилган ва улар Саудия Арабистонида ибодатларини адо этиб қайтдилар.
Яна бир хабарда келтирилган важ ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди, яъни ҳаж ва умрага оид фаолият айрим шахсларнинг кўрсатмаси билан эмас, балки Вазирлар Маҳкамаси, Жамоатчилик кенгаши қарорлари ва назорати асосида амалга оширилади. Шунингдек, мазкур масалаларга оид барча ташкилий-ҳуқуқий ишлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш маркази” томонидан амалга оширилади.
Ушбу хабарларда асосланмаган маълумотларни Дин ишлари бўйича қўмита фаолиятига ҳам боғлашга уринилган. Таъкидлаш керакки, мазкур қўмита давлат органларининг диний ташкилотлар билан ўзаро алоқаси ва ҳамкорлигини мувофиқлаштириш ҳамда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ дин ишлари соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш билан шуғулланади. Демак, қўмита ёки ундаги мансабдор шахслар Ўзбекистон мусулмонлари идораси ёки “Вақф” хайрия жамоат фонди фаолиятига бевосита аралашмайди.
Баён этилганлардан келиб чиқиб, ахборот асрида Интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқ юритувчилари турли манбалар орқали тақдим этилган маълумотларни оммага эълон қилишдан аввал текшириб кўришлари лозим. Зеро, асосланмаган маълумотларни тарқатиш қонунчиликда жавобгарликка, динимизда эса оғир гуноҳга сабаб бўлади. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўрингиз, билмай бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлмангиз” (“Ҳужурот” сураси, 6-оят). Муфассирлар ояти каримани шарҳлаб, келтирилган ҳар қандай хабарга ишонавермасликни, агар фосиқ киши бирор гап олиб келса, уни яхшилаб текшириб кўриш зарурлигини таъкидлашади.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, ҳар бир мўмин-мусулмон киши ҳақиқатдан йироқ гапларга учмаслиги, фитналардан огоҳ бўлиши даркор. Шунингдек, тўғри ахборот олиш, уни тўғри етказа билиш бугунги кун кишисининг шиори бўлиши керак.
Сўзимиз ниҳоясида, Рамазони шариф остонасида турли фитналарга берилмасдан, улуғ кунларни ғанимат билишга чақирамиз. Аллоҳ таоло ҳаммамизга инсоф-тавфиқ берсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Уламолар Усмон (розияллоҳу анҳу) турли юртларга юборган Мусҳафларнинг сони тўғрисида ҳар хил ривоятлар айтганлар. Масалан, Ҳамза бин Ҳабиб аз-Заййёт: «Улар тўртта эди», дейдилар. Абу Ҳотим ас-Сижистоний эса еттита бўлган дейдилар. Энг тўғри ривоят олтитадир: Маккий, Шомий, Басрий, Куфий, Мадина аҳли учун умумий бўлган маданий ва халифанинг ўзлари учун хос бўлган маданий Мусҳафлардур. Охиргисини ҳазрати Усмон(розияллоҳу анҳу) ўзлари учун олиб қолганлар. Ул зот бу мусҳафларнинг бирортасини ҳам ўз қўллари билан ёзмаганлар, балки уларни ёзишга буюрганлар, холос.
Тарих уламолари наздида қурайшлардан биринчи бўлиб хат ёзишни ўрганган ва ўргатган киши Ҳарб бин Умайядир. Ўша пайтдаги хат тури анборий-ҳимёрий деб аталарди. У Ҳижозда тарқагандан сўнг, Ҳижозий деб атала бошлади. Ислом дини келган пайтда араблар орасида мана шу хат тури қўлланилар эди ва шу ёзув билан ваҳийни, Абу Бакр саҳифаларини, Усмон Мусҳафларини ёздилар. Усмон Мусҳафлари ҳар хил ёрдамчи шакл ва нуқталардан ҳоли ёзилган. Унга жузълар, ҳизблар ва бошқа кўрсатгичларнинг аломатлари қўйилмаган. То Куфа ёзуви пайдо бўлгунча Мусҳаф ва бошқа ҳужжатлар ана шу хатда ёзилар эди. Кейинчалик бир гуруҳ хаттотлар Куфа ёзуви билан нусхалар кўчира бошладилар. Бу ёзув араб хатининг тажвидини ва унинг яхшиланишини кўзда тутар эди. Бора-бора Куфа аҳли ёзуви ўзининг шакли жиҳатидан ҳижозий хатдан қулай эканлиги маълум бўлди ва куфий хат деб аталди. Ана шу вақтдан эътиборан Қуръон ва бошқа ёзув асарлари қуфий хатида битила бошлади.
Ўша замонда битиклар териларга куфий хат билан ёзилар эди. Бундан бошқа турда хат битишни араблар билмас эдилар. Исломдан кейин энг қадимий ёзув бўлган битикларни ҳам териларга ёздилар. Улар матоларга, хусусан, бўздан тўқилган Миср матосига, шунингдек тахта, суяк, тош ва сополларга ёзар эдилар.
Аббосийлар даврига келиб, қоғоз деб аталадиган янги ашё пайдо бўлди. У юзига мум суртилган варақлардан иборат бўлиб кўринишидан терига ўхшаб кетар эди. Қоғоз ясашни араблар хитойликлардан олганликлари ҳақиқатга яқинроқдир. Чунки хитойлар милоддан олдин ҳам қоғоз ясаш соҳасида моҳир бўлганлар. Араблар Самарқандни фатҳ қилганларида бу синоатни ўша ердан ўргандилар, лекин, у Аббосийлар даврининг биринчи асридагина кенг тарқалди. Бу пайтга келиб терилар камайиб, ёзишма ва битиклар учун етишмай қолган эди.(«Қоҳирадаги Ҳусайн масжидларидаги Пайғамбардан қолган осорлар» китоби.126-бет («Мухалл Эфотур-Расул»)
Араблар ажамлар билан аралашиб, қуда-анда бўлиб, улардан янги авлод пайдо бўлганда, бу авлоднинг талаффузида ҳар хил оҳанглар вужудга келди. Бу ҳолат араб тилининг бузилиши ва Қуръон қироатига футур етиши хавфини туғдирди. Шунинг учун ёзувда қисқа унлиларни ифодаловчи ҳаракат белгиларини (ҳаракатларни) ишлаб чиқиш қатъий заруриятга айланди. Натижада, 67-ҳижрий йилда Ироқ волийси Зиёд ибн Абиҳи Абул-Асвад Дувалийга наҳв(синтаксис) дарслигини ишлаб чиқишни буюрди. Бунинг учун Абул-Асвад эъроб (сўзларнинг жумладаги ҳолатини ифодалаш) ҳаракатларини билдирувчи нуқталардан фойдаланди. У қуйидагича йўл тутди. Бир котибни олиб келиб, унга: «Агар бирор ҳарфдан кейин «а» қисқа унлисини талаффуз қилсам, ўша ҳарфнинг тепасига нуқта қўясан(фатҳа), агар «у» қисқа унлисини айтсам, ўртасига (замма), агар «и» қисқа унлисини қўшсам, ҳарфнинг тагига нуқта(касра) қўясан», − деди. Бунда нуқталар матн ёзуви сиёҳидан бошқача рангдаги сиёҳлар билан ёзилар эди. Бу араб ёзувининг такомиллаштиришдаги биринчи ислоҳ эди. Иккинчи ислоҳ умавий халифалардан Валид бин Абдул Малик бин Марвон (86-96 ҳ.) даврида, араб тили она тиллари бўлмаган ажам қорийлари кўпайиб, нотўғри талаффуз туфайли одамларнинг қироатни тушунмай қолиш ҳоллари зиёдалашганда амалга оширилди. Улар «жим», «ҳо» ва «хо»; «ё», «то» ва «со»; «сод» ва «зод»; «то» ва «зо»; «син» ва «шин» каби шакли ўхшаш ҳарфларни бир-биридан ажратишда қийналар эдилар.
Ибн Халликон «Ат-Тасҳиф» (Нотўғри талаффуз) китобида Абу Аҳмад ал-Аскарийдан шундай ҳикоя қиладилар: Одамлар қирқ йилдан зиёд, то Абду-Малик бин Марвон замонигача Усмон Мусҳафларини ўқишда давом этдилар. Ироқда нотўғри таллафуз қилиш кўпайиб кетгандан кейин, Ҳажжож ўз котибларини чақириб, уларга шакли ўхшаш ҳарфларни бир-биридан ажратиш учун белгилар ишлаб чиқишни буюрди.
«Айтишларича, Наср бин Осим бу вазифани ўз зиммасига олди ва нуқталар қўйишни одат қилди»( Мароккода чиқадиган «Ал-Лисонул-арабий»( «Араб тили») мажалласи, 43-бет, 6-сон 1388й.ҳ.
У нуқталарни битта ёки иккита қилиб, ҳарфнинг устига ё тагига қўйди. Нуқталар ҳарф билан бир хил сиёҳда ёзилар эди, чунки улар ҳарфнинг бир бўлаги, деб саналади. Бундан келиб чиқадики, араблар нуқта ва ҳаракат белгиларини ҳижрий биринчи асрнинг иккинчи ярмидан, яъни умавийлар замонида ишлата бошладилар. Абул-Асвад Дувалий ҳаракат белгиларини ва Наср бин Осим нуқталарни ихтиро қилмагунча, улар араб ёзувида мавжуд эмасдилар. Жоҳилиятдаги ёки ҳижрий асрнинг биринчи ярмидаги асарларда ҳарфлар нуқта ва ҳаракат белгилари, шунингдек, товушни қисқа ва узун чўзиш (мадд) аломатларидан ҳоли эди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг мактублари (уларни ёзишда котиблар ўзларининг ёзув санъати ва тажвид бобидаги бор маҳоратларини ишга солар эдилар, чунки, улар Пайғамбар (алайҳиссалом)) дан подшоҳларга, амиру умароларга юборилган бўлиб, ўз вазифасини тўла адо этиши учун хати аниқ ва ҳарфларнинг шакли тўлиқ бўлиши керак эди) ҳам нуқта ва белгиларсиз эди. Усмон Мусҳафларида ҳам улар йўқ.(«Мухаллафотур-Расул» 124-бет)
Уч ҳаракат белгилари (иъжом)ни эса Аббосийлар даврининг бошларида яшаган араб тили фанининг устозларидан бири Халил Аҳмад Фароҳидий (вафоти 170 ҳ ва 786 м.й.) йўлга қўйди.
Байҳақий «Шуъабул-иймон»да ёзишларича, Усмон Мусҳафлари кейинчалик тилшунос (наҳвий) лар томонидан ишлаб чиқилган имло қоидаларидан фарқ қиладиган, ўзига хос шаклда ёзилган. Бу фарқ олти жойда намоён бўлади: ҳазф (ёзувда бирор нарсани тушириб қолдириш), зиёда (қўшимча), ҳамза (араб тилида ўзига хос товушни ифодаловчи белги), ибдол (бир ҳарфни ёки сўзни иккинчиси билан алмаштириш), васл (бирини иккинчисига қўшиб ўқиш), фасл (бирини иккинчисидан бўлиб ўқиш) белгилари ва икки хил ўқилиши мумкин бўлган жойлар. Ислоҳ натижасида бир хил қоидага мувофиқ ёзув пайдо бўлди. Натижада Қуръоннинг хати муқояса қилинмайдиган, ўзгартирилмайдиган, ихтилоф қилинмайдиган ва унга қатъий амал этиладиган ёзувга айланди. Бу қоидаларни билиш Қуръонга тааллуқли илмларнинг биридир.
Усмон Мусҳафлари ҳақида хабарлар
Юқорида Усмон Мусҳафлари олтита эди, дедик. Улардан бири Басрага, иккинчиси Куфага, учинчиси Шомга, тўртинчиси Маккаи мукаррамага, бешинчиси Мадина аҳлига юборилди ва олтинчиси ҳазрати Усмоннинг ўзларида қолган эди. Мана шу олтинчи Мусҳафнинг устида ҳазрати Усмон шаҳид бўлдилар ва муборак қонлари қуйидаги оят устига тўкилди, деган ривоят машҳурдир:
Яъни «Уларнинг ёмонлигидан сизга (эй Муҳаммад), Аллоҳнинг ўзи етарлидир. У эшитгувчи ва билгувчидир», («Бақара» - 137).
Ҳазрати Усмон (розияллоҳу анҳу)) тиловатдан бир хил таълим беришни назарда тутиб, ўша мусҳафларнинг ҳар бирига биттадан олим қўшиб, турли ўлкаларга юборган эдилар. Масалан, Зайд бин Собитга Мадина аҳлига, Абдуллоҳ бин Соибга эса Макка аҳлига қироатни ўргатишни амр этгандилар. Мана шу йўл билан бир хил қироат ҳамма томонга ёйилди ва Усмон Мусҳафларидан нусхалар олинди. Усмон Мусҳафлари бош китоб ва мурожаат қилинадиган асл манбаъ сифатида мўътабар ва муқаддас саналар, шунинг учун ҳам улар қўриқланадиган жойларда, ниҳоятда эҳтиёткорлик билан сақланар эди. Бора-бора улар қимматбаҳо ёдгорлик сифатида халифа ва подшоҳларнинг хазиналарига кўчирилиб, одамлар кўзидан узоқлашди. Агар кимнинг қўлига ундан бирор нусха тушиб қолса, ҳеч кимга кўрсатмасликка ҳаракат қилар эди. Давлат тўнтаришлари, турли ихтилоф ва талон-тарожлар оқибатида бу Мусҳафларнинг баъзилари бошқа мамлакатларга олиб кетилди. Баъзилари ҳар хил шахсларнинг қўлига тушди, тақдири эса номаълум бўлиб қолди.
Муҳаммад Тоҳир бин Абдул-Қодир Курдий ўзининг «Тарихул-Қуръон» номли китобида шундай ёзади: «Биз Ҳижоз ва Миср кутубхоналарида кўп изланишлар олиб бордик, лекин уларнинг мавжудлиги ҳақида бизларни қониқтирадиган ҳужжатлар топмадик, фақатгина Қоҳирада чиқадиган «Ад-дуня ва куллу шайъ» («Дунё ва ҳар бир нарса») мажалласининг 1937 йил 24 август сонида босилган «Олмония олти ой ичида Ҳижоз подшоси ҳукумати билан тузилган битимга мувофиқ, халифа Усмон Мусҳафининг асл нусхасини қайтариб беради», деган хабарга йўлиқдик, холос. Бу хабарга кўра, мазкур Мусҳаф Мадинадан турк қуролли кучлари томонидан олиб кетилган бўлиб, кейинчалик собиқ император Гилйом II га- топширилганлиги исбот бўлган».(«Тарихул-Қуръон» 119-бет.)
Мадина Мусҳафи
Усмон Мусҳафларининг уламо ва қорийлар томонидан энг кўп зикр қилинадигани Мадина Мусҳафидир. Унинг тўғрисида имоми Нофиъ кўп нақл қилганлар.
Ибн Жубайр ўзининг саёҳати пировардида шундай ёзади (унинг Мадинага қилган зиёрати 580-ҳижрийда бўлган): «Масжиди Набавийда сақланаётган мусҳаф, устида ҳазрати Усмон шаҳид бўлган Мусҳаф эмас, балки ҳар томонга юборилган Мусҳафларнинг биридур».
Мавлоно Шибли Нуъмоний айтадилар: «Мадина Мусҳафини 735 ҳ. йилда Мадинаи мунавварада кўрганлар, унинг орқасида шундай ёзув бор эди: «Бу Мусҳаф бир гуруҳ саҳобалар, шу жумладан, Зайд бин Собит, Абдуллоҳ бин Зубайр ва Саид бин Ос қарорлари билан ёзилди». Китобнинг бошқа томонида ҳазрати Усмон Мусҳафни ёзиш учун йиққан бошқа саҳобаларнинг номлари бор эди. Мана шу санада Макка Мусҳафи ҳам мавжуд эди».
Самҳудийнинг «Хулосатул-вафо» китобларида, «654-ҳижрийда Масжиди Набавийда содир бўлган биринчи ёнғин пайтида ёниб кетган нарсалар ичида китоб ва мусҳафлар ҳам бор эди. Баъзи бир нарсалар ва Усмон Мусҳафидан бошқа ҳеч нарса омон қолмади»,— дейилади. Шунга биноан Усмон Мусҳафи шу санада Мадинада мавжуд эди, кейинчалик қаёққа кетгани маълум эмас. Баъзи бир замондошларимиз: «У то турклар Мадинадан 1334 йилда чиқиб кетгунларича мавжуд эди. Эҳтимол, Остона (Константинопол)га олиб кетилган бўлса керак»,− дейдилар.(«Тарихул-Қуръон» китоби)
Бош Мусҳаф
Ҳазрати Усмоннинг ўзларига хос бўлган Мусҳафга келадиган бўлсак, у тўғрида Шотибий Моликдан шундай ривоят қиладилар: «Мазкур Мусҳаф ғойб бўлган, у тўғрида машойихлардан ҳеч бир хабар ололмадик».
Ибн Қутайба: «Усмон (розияллоҳу анҳу) тиловат қилиб туриб, тепасида шаҳид бўлган Мусҳаф, кейинчалик ўғиллари Холидда эди, ундан сўнг унинг авлодларига қолди, улар эса бирин-кетин оламдан ўтиб кетдилар. Шомнинг баъзи машойихлари, Мусҳаф Тус заминида, дейдилар», − деб хабар беради.
Умар Ризо ҳазратлари «Қуръон нима?» номли китобларида шундай ёзадилар: «Бир ривоятда, Усмон (розияллоҳу анҳу)нинг хос Мусҳафлари умавийлар қўлида эди, дейилган. Умавийлар Андалусга ҳижрат қилганларида уни ўзлари билан олиб кетган эдилар. Андалусда мусулмонлар давлати ағдарилгандан кейин Мусҳаф Фос (Мағриб)га олиб келинган».
Ибн Батутанинг айтишича, VIII ҳижрий асрда у Фосда мавжуд эди ва унда қон доғлари бўлган.
Самҳудий Мадина Мусҳафининг Усмон Мусҳафи эмаслиги тўғрисидаги ривоятнинг шарҳида шундай деган: «Мутақаддим (аввалги авлод)ларнинг ҳеч бири у тўғрида зикр қилганини кўрмадим, уларнинг ривоятлари ўша пайтда Мусҳафнинг масжидда бўлмаганини тақозо қилади. Ҳатто мутааххир (кейинги авлод)лардан биринчи бўлиб тарихни ёзган Ибн Нажжор асарларида ҳам у тўғрида зикр қилинганини кўрмадик».
Барзанжий ҳазратларининг «Нузҳатун-нозирин» китобидаги «Мадина тарихи» бобида шундай дейилади: Ҳозирги кунда Мадинада мавжуд бўлган Мусҳафни саййидино Усмонга нисбат қилинганини, Ал-Матарий ва ундан кейингиларнинг Масжиди Набавийнинг ўртасида бўлган қуббанинг биринчи ёнғиндан омон қолганлиги тўғрисидаги ривоятдан бошқа ривоятларда учратмадим».
Шом Мусҳафи
Ибн Касир ўзининг «Фазоилул-Қуръон» китобида (49-бет) «Бугунги кунда Усмон Мусҳафларининг энг машҳури Шомдаги Дамашқ жомеъининг шарқ томонидаги хонада сақланаётган Мусҳафдур. У қадимда Табарийя (Тивериада) шаҳрида эди, сўнгра тақрибан 518-йилда Дамашққа олиб келинган. Мен уни равшан сиёҳ ва чиройли ҳусни хат билан терига ёзилган катта, улуғ китоб эканлигини кўрдим. Бу туя териси бўлса керак, валлоҳу аълам», − деб ёзади.
Мавлоно Шибли Нуъмоний ўзининг «Таҳзибул-ахлоқ» китобида шундай дейди: «Абул-Қосим Сабтий Шом Мусҳафини 657-йилда умавийлар жомеъининг хонасида кўрган. Шунингдек, Ибни Абдулмалик уни 725-йилда кўрган эди».
Баъзи тадқиқотчилар бу (шомий) Мусҳаф бир қанча муддат Петербургда Русия подшоҳлари қўлида бўлиб, сўнгра Англияга олиб кетилган, кейинги тақдири нима бўлганини ҳеч ким билмайди, деган фикрга мойиллик билдирадилар. Кимки қўлёзма мусҳафлар ва улар ҳақида бирор манбаъга эга бўлган кутубхоналар тўғрисида чуқурроқ маълумот олмоқчи бўлсалар, Шуфан китобининг 10-жилдига мурожаат қилсин.(Профессор Субҳи Солиҳ. «Мубоҳасот фи улумил-Қуръон» (Қуръон илмлари тўғрисида баҳслар), 103-бет.)
Басра Мусҳафи
Ибн Батутанинг саёҳати тўғрисидаги китобда Басра шаҳри ҳақида шундай сатрлар бор: «Басра шаҳрида Али ибн Абу Толиб масжиди бор. Бир пайтлар у шаҳар ўртасида бўлиб, ҳозирда марказдан икки мил (1 мил-750 метр) узоқликдадир. Унда жумъа намозлари ўқилади ва икки жумъа орасида ёпиқ бўлади. Мазкур масжидда Усмон (розияллоҳу анҳу) тиловат чоғида қатл этилганларида қонлари томган Мусҳаф сақланади».
Шаҳобуддин Маржоний-Қозоний ҳазратлари, қироатлар хусусида тасниф қилганларнинг биринчиси Абу Убайд Қосим бин Саллом Бағдодийдур, иккинчиси Аҳмад бин Жубайр Куфий, дейдилар. Қироатлар хусусида ҳар бир юртдан биттадан имомни санаб бештага етказганлар. Булар аниқланган Мусҳафлар сонига мувофиқдур, чунки бошқа икки Мусҳаф тўғрисида ҳеч қандай хабар эшитилмаган.(«Вафийя»нинг муқаддимаси, 2-бет.)
Қоҳирадаги Усмон Мусҳафи
Қоҳирадаги «Саййидуно Ҳусайн» масжидида иккита қадимий мусҳаф бор. Улардан бири саййидуно Усмон (розияллоҳу анҳу) ва иккинчиси саййидуно Али (розияллоҳу анҳу)га тегишли деб ҳисобланади. Барзанжий айтадилар: «Қоҳирадаги Мусҳафда худди ҳозирги кунда Мадинаи мунавварада мавжуд бўлган Мусҳафдаги каби «фасаякфикаҳумуллоҳ» оятининг устида қон излари бор. Маккадаги Мусҳафда ҳам шундай. Бундан келиб чиқадики, кимдир атайлаб, мазкур оят устига, Бош Мусҳафга ўхшатиш мақсадида, қон изларини туширган. Ваҳоланки, ҳазрати Усмон қонларининг изи фақат битта Мусҳафда бўлган. Эҳтимол, булар Ибн Жубайр ривоятида айтилган, ҳазрати Усмон ҳар хил юртларга жўнатган Мусҳафларнинг баъзилари бўлса керак».
Шунингдек, Берлин музейида ҳам бир қадимий мусҳаф бор, яна бири Туркияда мавжуд. Мағриб подшоҳлари юришларда ҳазрати Усмон Мусҳафларини қўшиндаги биринчи туяга юклаб қўяр эдилар.(«Нафхут-тияб», 1-жилд, 263 -бет.)
Баъзи шарқшунос олимлар бир қанча тарихий ривоятларни тўплаганларки, уларни эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Бу ривоятлар қадимги уламоларнинг Мусҳафларни ёки уларнинг сураларини мусулмон мамлакатларда кўрганликларини таъкидлайди. Мазкур шарқшунос олимларнинг бошида профессор Казимировни тилга олиш мумкин. Ушбу ривоятлардан биз Усмон Мусҳафларидан бири IV ҳижрий асрнинг бошларида мавжуд эканлигини билиб оламиз. («Мубоҳасот» 101-бет).
Шайх Исмоил Махдумнинг
«Тошкентдаги Усмон Мусҳафининг тарихи»номли китобидан