Кеча, 19 февраль куни Баҳрайн Подшоҳлиги шафелигида Мусулмон донишмандлар кенгаши ташаббуси билан ушбу давлат пойтахти Манама шаҳрида бошланган халқаро конференцияда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари иштирок этмоқдалар.
Мазкур халқаро конференцияда Миср Араб Республикаси Бош имоми, ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад Тоййиб, Баҳрайн ислом ишлари бўйича олий кенгаш президенти Шайх Абдураҳмон бин Муҳаммад бин Рошид ал-Халифа, Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа, Миср муфтийси доктор Назир Муҳаммад Айёд, Дорул улум Карачи Ислом университети профессори Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, шайхул-ислом Аллоҳшукур Пошозода, Россия марказий диний идораси раиси, муфтий Шайх Талъат Тожиддин каби таниқли уламолар, давлатлар муфтийлари, дин ва давлат арбоблари қатнашмоқда.
Сўзга чиққан нотиқлар бугунги мураккаб ва таҳликали даврда бутун дунёда тинчлик-осойишликни қарор топтириш, мусулмон уммати бирлигини таъминлаш, турли дин вакиллари ва турфа миллат-элатлари аҳил-иноқлигига эришиш жуда ҳам муҳим экани, исломофобия хатти-ҳаракатларининг олдини олиш каби ўта муҳим масалаларни таъкидладилар. Шунингдек, ҳозирги кунда мусулмон уммати олдида турган долзарб муаммолар, келгусидаги истиқболли режалар тўғрисида фикр алмашдилар.
Конференция эртага, 20 февраль куни ҳам давом этади.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш лозимки, Мусулмон донишмандлар кенгаши мустақил халқаро ташкилот бўлиб, 2014 йилда Бирлашган Aраб Aмирликларининг Aбу Даби шаҳрида ташкил топган. Кенгашга Миср Араб Республикаси Бош имоми, ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, Шайх Аҳмад Тоййиб раислик қилади. Муҳаммад Абдуссалом эса унинг бош котиби ҳисобланади.
Ташкилотнинг асосий мақсади мусулмон оламида тинчликни тарғиб қилиш, низоларни биргаликда ҳал этиш, бағрикенгликни таъминлаш, бошқаларга ҳурмат сақлайдиган фаровон жамият барпо этишдир.
Кенгаш аъзолигига ўзининг серқирра фаолияти билан обрў-эътиборга эришган дунёнинг энг нуфузли мусулмон олимлари жалб қилинади. Ана шу уламолар қаторида Марказий Осиё минтақасидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ҳам аъзо қилинган эдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Илмий кенгашнинг қурилиш ва экспозиция ишларига бағишланган кенгайтирилган учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ФА вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот марказлари вакиллари, Алоҳида муҳим ижтимоий, маданий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш дирекцияси раҳбари Рустам Шоабдураҳмонов, Шайх Абдулазиз Мансур, хаттот Ҳабибулло Солиҳ, академик Акбар Ҳакимов каби бир қатор олимлар ва ташкилотлар масъуллари (зоом орқали) ҳамда Марказ ходимлари иштирок этди.
Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги учрашувда бинонинг янги босқичдаги ривожланиш йўналишлари муҳокама қилинди.
Унда Марказ экспозициясида намойиш этиладиган хаттотлик асарлари, Қуръон оятлари ёзилган гиламлар, бино фасадига ўрнатилган ҳадислар таржимаси, шунингдек, рассом Баҳодир Жалолов ва Собир Рахметов асарлари, “Байрам” номли сўзананинг музей экспозициясига қабул қилиниши масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув аввалида Шайх Абдулазиз Мансур Марказ Қуръон зали учун тайёрланаётган 8 та гиламда акс этиши белгиланган оятлар ҳақида ўз фикрларини билдирди:
"Бизнинг асосий мақсадимиз – гиламларда акс этган муқаддас сўзларни кенг жамоатчиликка тушунарли ва равон тарзда етказишдир. Шу боис, равоқларда акс этган ҳар бир оят ва ҳадис ўзбек тилидаги таржимаси билан ҳам берилиши керак. Бу Марказга ташриф буюрувчиларга ислом таълимоти ва унинг маънавий-маърифий аҳамиятини янада чуқурроқ англаш имконини яратади. Шунингдек, таржималар аниқ, мазмунан мукаммал ва диний-илмий жиҳатдан изчил бўлиши шарт. Бунда энг тўғри ва ишончли манбалардан фойдаланиш, мутахассислар билан маслаҳатлашиш, олимларимизнинг тажрибасига таяниш зарур. Ислом цивилизацияси маркази – ислом маърифати, маданияти ва тамаддунининг улкан илмий-маданий мажмуаси бўлади. Унинг фасади ҳам маънавий моҳиятини акс эттириши керак. Шу боис, ушбу 44 та равоқдаги ёзувлар Марказнинг умумий концепциясига, ислом таълимотига ва тарихий манбаларга тўла мос келиши лозим", – деди Марказ катта илмий ходими Абдулазиз Мансур.
Қурилиш масалалари доирасида бинонинг тўртта асосий кириш жойида ўрнатиладиган мармар тошларда акс этадиган ёзувлар, марказ эшиклари ва суратлар галереяси ўртасидаги йўлак дизайни, мармар тахтачада акс эттириладиган матн мазмуни юзасидан ҳам таклифлар билдирилди.
"Биз бу ерда марказнинг асосий ғояларини акс эттирувчи рамзий элементлар, ёзувлар ва нақшларни жойлаштиришимиз керак. Ушбу ёзувли тошлар ислом илм-фани, маданияти, маънавиятининг энг муҳим жиҳатларини ёзиб қўйиш, уларни тарихий манбалар асосида ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ. Чунки бу ерга ташриф буюрувчи ҳар бир киши ислом цивилизациясининг улкан илмий ва маънавий меросини ҳис этиши керак. Шунингдек, бу стелалар шунчаки ёзувлар билан чекланмаслиги лозим", — деди Марказ бўлим бошлиғи Шоазим Миноваров.
Марказ илмий-инновацион лойиҳалари, хусусан, Махдуми Аъзам илмий-тадқиқот фонди билан ҳамкорлик, равоқлар бўйича масалалар ҳам муҳокама қилинди. Шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши ғалабасининг 80 йиллигига бағишланган медиа-лойиҳа концепцияси тақдим этилди.
"Бугунги Илмий кенгаш учрашуви Ислом цивилизацияси маркази экспозициясини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабли, ҳар бир учрашувда биз экспозицияни янада бойитиш ва такомиллаштириш учун янги таклифларни биргаликда муҳокама қилиб келяпмиз. Айни кунларда экспозицияни шакллантиришдаги энг муҳим жиҳатлардан бири – унинг илмий асосланганлиги ва кенг қамровли бўлишидир. Шу боис, бугунги йиғилишда илмий тадқиқотларга асосланган таклифлар муҳокама қилинди, ҳамда уларни амалий жараёнга татбиқ этиш масалалари кўриб чиқилди. Илмий кенгаш – бу марказнинг юраги, деб айтиш мумкин.
Чунки айнан шу ерда илмий ёндашув асосида лойиҳалар шакллантирилади, тарихий ҳақиқатлар қайта тикланади ва маданий меросни асраш ҳамда кенг жамоатчиликка етказиш бўйича муҳим қарорлар қабул қилинади", — деди Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов.
Илмий кенгашнинг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши якунида кун тартибидаги барча масалалар атрофлича муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати