Муқаддас Ислом динимиз инсонларни кечиримли бўлишга тарғиб қилади. Чунки кечиримли бўлишда инсонлар учун кўп манфаатлар бор. Аввало, Кечирган инсон ўзини енгил тортиб, Аллоҳдан бўладиган ажрга лойиқ бўлса, кечирилган инсон эса кечирувчига адовати кетиб, қалбида унга нисбатан илиқлик ва меҳр пайдо бўлади.
Аллоҳ таоло ўзининг Каломида бундай баён қилади: “Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сен яхшилик бўлган нарса ила даф қил. Кўрибсанки, сен билан орасида адовати бор кимса, худди содиқ дўстдек бўлур” (Фуссилат сураси, 34-оят).
Дарҳақиқат, турли-туман хулқ-атворли одамлар орасида яшар эканмиз, албатта улардан бир қанча озор-азиятлар кўрамиз. Агар ҳар бир шундай кўнгилсизлик бизга қаттиқ таъсир этиб, ғамга ботириб қўяверса, шубҳасиз, бутун ҳаётимиз азобга айланади. Шу боис имкон қадар ён-атрофимиздагиларнинг хатолари, билиб-билмай етказган озорларига сабр қилиб, кечиришга ҳаракат қилайлик.
Шунда бир-биримизга меҳр-муҳаббатимиз зиёда бўлади. Гоҳида бошқалардан бирор ёмонлик ёки зулм ўтса ҳам, синов деб қабул қилишимиз зарур.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтадики: “Албатта, ким (ўзига етган озор-азиятларга) сабр қилса ва (интиқом олмай Аллоҳ учун) кечириб юборса, шак-шубҳасиз бу (иш) ишларнинг мақсадга мувофиғидир”. (Шўро сураси, 43-оят).
Аллоҳ таоло яна: “Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир”, деган (Аъроф сураси, 199-оят).
Яъни, ўзаро муомала-муносабатда кечиримли бўл, осон йўлни тут. Одамларга нисбатан ўта талабчан бўлма, қилган хатоларини авф этувчи, кенг бағрли бўл.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Қиёмат куни Аллоҳ бутун халойиқни жамлаганида бир нидо қилувчи: “Фазл эгалари қани?” деб нидо қилади. Шунда озчиликни ташкил қилувчи бир гуруҳ инсонлар турадилар. Улар жаннат сари шошиб юрадилар. Уларни фаришталар кутиб олиб: “Жаннат сари шошиб келаяпсизлар?” дейишади. Улар: “Биз фазл эгаларимиз”, дейишади. Фаришталар: “Фазлларингиз нимадан иборат эди?” дейдилар. Улар: “Агар бизга зулм қилинса, сабр қилар эдик. Жоҳиллик қилинса, ҳалимлик қилардик”, деб жавоб беришади. Уларга: “Жаннатга киринглар! Амал қилувчиларнинг ажри (мукофоти) қандай ҳам яхши!” дейилади
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар: “Ё Расулуллоҳ, гўзал хулқ нима?”. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга жавобан ушбу оятни ўқидилар: “Авф-марҳаматли бўлинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан юз ўгиринг” (Аъроф сураси, 199-оят).
Сўнгра: “Гўзал хулқ – узилган (қариндошинг)га боғланмоғинг, бермаганга бермоғинг, сенга зулм қилганни кечирмоғингдир”, дедилар.
Халқимизда “Беайб Парвардигор” деган ҳикмат бор. Инсон хатодан ҳоли эмас. Одамлар бир-бирларининг хатоларини кечириши, тузатиши уларнинг олийжаноб хулқ эгаси эканидан далолат беради. Кечириш қалбларимизни гина-кудуратлардан, хафагарчилик ва озорлардан сақлайди.
Робия Адавиййа раҳматуллоҳи алайҳо вафотлари яқинлашгач бундай васият қилган эканлар: “Авф қилишда иккиланманг, ўзингиздан бошқа ҳаммани кечиринг, лекин ўз нафсингизни асло кечирманг. Зеро, у (гуноҳларга мойил бўлиб, Аллоҳнинг ғазабига ва дўзахга тушишингизга сабаб бўлиши мумкин бўлган) асл душманингиздир! Ҳаммани кечиринг! Зеро, комил инсон бошқаларнинг дўзахда азобланишига сабабчи бўлишга асло рози бўлмайди”.
Шу ўринда айтиш жоизки, Давлатимиз раҳбари фармони билан сўнгги йилларда турли байрамлар ва ҳайит байрамлари арафасида минглаб турли жиноятларни қилиб, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига ўтган шахслар авф этилмоқдалар. Улар ўз оилалари бағрига қайтиб, қалбларида Ватанга муҳаббат, келажакка ишонч туйғулари пайдо бўлмоқда. Шу билан биргаликда авф этилганларни реабилитация қилиш, уларни жамиятга қўшиш ва иш билан таъминлаш ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Абу Зарр розияллоҳу анҳу Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳуга: “Эй қора хотиннинг ўғли, мени босиб олдинг!” дегандилар, Билол розияллоҳу анҳу ғазаб қилган ҳолда ўрниларидан туриб: “Аллоҳга қасам, мен бу ишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтаман”, дедилар. Бу хабар етказилганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари ўзгариб кетди ва: “Эй Абу Зарр"! Онасини айбладингми?" Сенда жоҳилият одатлари бор экан”, дедилар. Абу Зарр розияллоҳу анҳу йиғладилар ва: “Ё Аллоҳнинг Расули, менга истиғфор айтинг” дедиларда масжиддан йиғлаган ҳолда чиқиб кетдилар. Кейин Билол розияллоҳу анҳунинг олдига келиб, юзларини тупроққа қўйдилар-да: “Аллоҳга қасам, то оёғинг билан юзимни эзғиламагунингча бошимни кўтармайман. Сен олийжаноб кишисан, мен эса пасткашман”, дедилар.
Билол розияллоҳу анҳу ҳам йиғлаб унга яқинлашдилар-да, унинг юзидан ўпдилар. Сўнгра: “Аллоҳга қасамки, Аллоҳ учун бир марта бўлса ҳам сажда қилган юзни оёғим билан босмайман”, дедилар. Кейин икковлари ўринларидан туриб, бир-бирларини қучоқлаб, йиғида давом этишди.
Бизлар бугунги кунда бир-биримизга ёмонлик қилиб қўйсак кечирасиз, деб айтишга ҳам ботина олмаймиз.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқи ҳамидалари билан яхши сифатланиб боришимизни насиб этсин! Имонимизни саломат сақлаб, мулойимлик, ҳаё, қаноатлик, кечиримли солиҳ бандалардан бўлишимизга муваффақ айласин!
Муҳаммад Қуддус Абдулманнон,
Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби.
Жаннатдаги юқори мартабаларни ва улуғ фаришталар билан бирга бўлишни хоҳласангиз Аллоҳнинг оятларига боғланинг. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонга моҳир бўлган киши ҳурматли фаришталар билан биргадир”[1], деганлар. Бошқа бир ҳадисларида эса: “Қиёмат куни Қуръон соҳиби жаннатга кирса, унга “Ўқи ва кўтарил!” дейилади. У ўқийди ва ҳар бир оят учун бир даража кўтарилади, токи ўзидаги бор оятларни ўқийди”[2], деганлар.
Аллоҳнинг оятларига қандай боғланиш мумкин?
Жузларга ажратилган Қуръон сотиб олинг. Шунда мўлжалланган жузни ўзингиз билан олиб юра оласиз. Бўш вақтингиздан унумли фойдаланинг ва бир-икки оят бўлса-да, ўқиб олишга ҳаракат қилинг.
Намозга айтиладиган иқома ва азон ўртасида Қуръон ўқишга озроқ вақтингиз бўлиши учун намозга эртароқ боринг.
Уловингизга битта мусҳаф қўйиб қўйинг. Уйга киришдан аввал кичик бўлса-да, бир неча оят ўқинг. Шу тариқа сиз уйингизга Аллоҳнинг оятлари ила бирга кириб борасиз.
Ишга кетаётган ва қайтаётган пайтингиз бир неча дақиқа бўлса ҳам Қуръон эшитинг.
Жума намозига эртароқ боринг ва ҳафта давомида Қуръондан ўқий олмаган қисмингизни ушбу муборак соатларда ўқиб, етказиб олинг.
Муҳтарама аёллар! Уй йиғиштираётганингизда, таом тайёрлаётганингизда Қуръоннинг овозли шаклини қўйиб қўйинг. Қанчадан-қанча вақтимиз ҳавога совурилиб кетяпти. Хасрату надоматлар фойда бермайдиган кунда бу вақтларимиз учун пушаймон бўламиз, ахир.
Қуръоннинг электрон шаклини телефон ёки компьютерингизнинг экранига ўрнатиб олинг. Шунда озроқ бўлса-да, ўқишга муваффақ бўласиз.
Пиёда юрганингизда ёд олган сураларингизни такрорлаб боринг ва буни кундалик одатга айлантиринг.
Ётоқингизга яқинроқ жойда ҳам битта Мусҳаф бўлсин. Уйқуга кетишдан аввал Қуръондан кунлик белгиланган миқдорни тугатиб қўйинг. Шундай қилсангиз кунингизнинг якуни Аллоҳнинг оятлари билан ҳамоҳанг бўлади.
Ҳассон Шамсий Пошонинг "Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар" номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Муслим ривояти.
[2] Имом Аҳмад ривояти.