Ҳеч шубҳа йўқки, китоб ўқишга одатланиш мактабга бормай туриб, уйда – оилада йўлга қўйилиши керак. Дарҳақиқат, мутолаа энг яхши одат. Ҳозирда биз телефон, интернет, сериаллар асридамиз. Сиз бундай вазиятда фарзандларингизнинг мутолаага бўлган муҳаббатини қандай шакллантиряпсиз?
Фарзандларингизга намуна бўлинг. Ёш бола уйда турли хил китоблар билан тўлиб турган китоб жавонини кўрса, ота-онасининг тез-тез китоб ўқиётганига гувоҳ бўлса, бундай ҳолат, кўпинча, болани китоб ўқишга ва ота-онасининг изидан боришга ундайди.
Фарзандингизга унинг феъл-атвори, ёшига тўғри келадиган китоблар олиб беринг. Ёш болаларга расмлари бўлмаган катта-катта китобларни олиб бериб бўлмайди.
Фарзандингизни ўзларининг китоб жавонлари бўлишига қизиқтиринг, кичкина бўлса ҳам майли. Уларнинг китоб жавонларида ибратли қиссалар, эртак китоблар, эътиборни тортувчи газета ва журналлар бўлсин. Фарзандларингизни китоб дўконларига олиб боринг ва улар сизнинг назоратингизда қизиқарли китоблар ёки журналлар сотиб олишсин.
Ёш болаларга китобни босқичма-босқич танланг. Аввалига ёзуви кам, суратлари кўп китобларни, кейин аста-секин бошқаларини олиб беринг.
Албатта, фарзандларингизнинг қизиқишларини ҳисобга олинг. Болалар, одатда, ранг-баранг ҳамда қаҳрамонлар тўғрисидаги эртакларга қизиқишади. Уларни қизиқмайдиган китобларни ўқишга ҳеч ҳам мажбур қилманг.
Ҳатто бешикдаги фарзандингизга ҳам китоб ўқиб беринг. У сизнинг ишорангиз ва ҳаракатларингизга ўз таъсирини билдиради, сизга қўшилиб ҳаракат қилади.
Фарзандингизга ухлашидан аввал бирорта эртак ёки қисса айтиб беришга ҳаракат қилинг. Агар бу ишда онаси ҳам иштирок этса жуда ажойиб бўлади. Ҳикоя қила туриб қаҳрамонларнинг образларига мослаб ҳаракатларингиз ва овозингизни ўзгартиринг. Ёшлари бироз катта бўлгач эса бир неча дақиқа бўлса-да, китоб ўқиб беринг.
Фарзандларингизга байрамларда, бирор-бир муваффақиятлари муносабати билан китоблар совға қилинг.
Уйингизга биттадан ортиқ телевизор ўрнатманг. Бундай жиҳозларнинг кўпайиши фарзандларингизнинг асосий вақтларини телевизор қаршисида ўтказадиган қилиб қўяди. Телевизордаги фойдали кўрсатувларни кўриши учун уларга кунига бир ярим соат вақт белгиланг. Ўқиш кунлари эса буни ярим соатга қисқартиринг. Айниқса фарзандларингизнинг ётоғига асло телевизор ўрнатиб берманг. Улар телевизор кўриб ухлашга одатланиб қоладилар.
Фарзандларингизнинг мутолаадаги ғайратлари, ҳаракатларини мақтаб қўйинг ва уларнинг ўқиган ҳар бир китобларининг номини ёзиб қўйинг, шунингдек, вақти-вақти билан кутубхоналарга олиб боринг.
Ҳассон Шамсий Пошонинг "Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар" номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурбон ҳайити куни ғусл олардилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайити куни ва Қурбон ҳайити куни ғусл қилар эдилар” (Ибн Можа ривояти).
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурбон ҳайитида қурбонлик қилишдан олдин ҳеч нарса емасдилар.
Бурайда розияллоҳу анҳу айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни таомлангунларича (фитр намозига) чиқмас эдилар ва Қурбонлик куни намоз ўқигунларича таомланмас эдилар” (Имом Термизий ривояти).
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга пиёда юриб борардилар.
Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайит намозига пиёда чиқар эдилар” (Ибн Можа ривоят қилган).
- Масжидга кетишда Аллоҳни зикр қилардилар.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам то намозгоҳга боргунларича такбир айтар эдилар” (Имом Ҳоким ривояти).
- Ҳайит намозидан олдин нафл намоз ўқимас эдилар.
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит намозидан олдин ҳеч нарса ўқимас эдилар, манзилларига қайтганларида икки ракат намоз ўқир эдилар” (Ибн Можа ривоят қилган).
- Масжидга бир йўлдан бориб, бошқа йўлдан қайтар эдилар.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит куни (бориш ва қайтиш) йўлларини бошқа-бошқа қилар эдилар” (Имом Бухорий ривояти).
- Ҳайит намозидан сўнг қурбонлик қилардилар.
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким намоздан олдин курбонлик қилса, у ўзига қўй сўйибди. Ким намоздан кейин сўйса, курбонлигини мукаммал қилибди ва мусулмонларнинг суннатини топибди”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизни ҳар бир ишда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эгашувчилардан қилсин!
Даврон НУРМУҲАММАД