Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир киши имом Вакийъ ибн Жарроҳ раҳимаҳуллоҳни сўкди. У зот жавоб қайтармадилар. Одамлар: “Унга жавоб қайтармайсизми?” дейишди. Шунда у зот: “Унда илм олганимиз қаерда қолади?!” дедилар.
Агар сизга бирор ақлсиз кимса гап қотса, унга жавоб қайтарманг. Илмингиз ҳурматидан, илмдан олган тарбиянгиз сабабидан одоб сақланг.
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ақли паст кимса менга ниҳоятда қабиҳ сўзлар билан гапирса, унга жавоб қайтаришни ўзимга эп кўрмайман. Унинг сафоҳати ортган сари, менинг ҳалимлигим ортади. Гўё чўғ исириқни куйдирган сари, унинг ҳушбўйи кўпрок таралгандек”.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ
Аждодларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, сафимизда юрган кексаларни эъзозлаш – одамийликнинг олий мезони ва халқимизга хос азалий қадрият эканлигининг далолатидир.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида хизмат қилиб, нафақага чиққан бир гуруҳ фахрийлар ҳолидан хабар олинди.
Зиёрат давомида Диний идора тизимида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган, ёшларга ибрат бўлган устозлар уйларига борилиб, уларга эҳтиром билдирилди. Ҳадялар улашилди.
Шу билан бирга, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Абдурашид қори Баҳромов, Усмонхон домла Алимов, Абдураззоқ ҳожи Юнусов, Анвар қори Турсунов каби марҳум улуғларимизнинг хонадонларига борилиб, оила аҳллари ҳолидан хабар олинди.
Шунингдек, бундай тадбирлар жойлардаги вакилликлар томонидан ҳам амалга оширилиб, ҳеч ким эътибордан четда қолмади. Бундай тадбирлар орқали Ислом динида ўтганлар хотирасига эҳтиром, тирикларни қадрлаш, устозлар ўгитларидан баҳраманд бўлиш каби хайрли анъаналар бардавом бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати