Аёл киши таксининг орқа ўриндиқлари бўш бўлатуриб, ҳайдовчининг ёнида ўтириб кетяпти?
Бир киши масжиднинг ёнгинасидан ўтиб кетяпти, масжидда эса одамлар намоз ўқишяпти. У киши намозга кирмай ўтиб кетаверди?
Бир кишининг ёнидан ўтиб кетатуриб унга салом бердингиз, лекин у саломингизга алик олмади?
Биринчи ҳолатда, эҳтимол, аёл такси ҳайдовчисининг хотини бўлиши мумкин.
Иккинчи ҳолат, масжидга кирмаган киши, эҳтимол бошқа масжидда намоз ўқигандир.
Учинчи ҳолат, саломингизга алик олгмаган киши, эҳтимол саломингизни эшитмагандир.
Салафи солиҳлардан бирлари айтади: "Агар мен биродарларимдан бирининг соқолидан ароқ томиб турганини қўрсам, эҳтимол устига қуйилиб кетган бўлса керак?" дейман.
Агар уни тоғнинг тепасига чиқиб: "Мен сизнинг олий Роббингизман", деб бақираётганини эшитсам, эҳтимол у Қуръон ўқиётган бўлса керак? дейман.
Ибнул Қайюм раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Банда ўзининг қилаётган амалидаги ниятини аниқ билиб олиши жуда қийин иш. Қандай қилиб у бошқаларнинг ниятидан воқиф бўлиши мумкин?".
Кўпинча сиз суратнинг бир қисмини кўрганингизда, унинг қолган қисмини ҳаёлингизда ижобий шаклда гавдалантиришга ҳаракат қиласиз. Чунки ўша суратдаги одамга зулм қилиб, унга нисбатан ноҳақлик қилмаслик учун шундай ҳаёлга борасиз. Шундай экан, ҳаётдаги инсонлар ҳақида ҳам яхши гумонда бўлинг.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ
Ўзбекистондаги 2025 йилги Ҳаж мавсуми шу йил 13 майдан бошланади. 28 майга қадар ҳар куни юртимиздан Саудия Арабистонига авиақатновлар амалга оширилади.
Зиёратчилар юртимизнинг 9 та ҳудудидаги Тошкент, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Қарши, Термиз, Урганч, Навоий ва Нукус шаҳарларидаги аэропортлар орқали Мадина шаҳрига тўғридан-тўғри учади.
Авиапарвозлар Uzbekistan Airways билан бирга FlyNas ва FlyAdeal авиакомпаниялари томонидан амалга оширилади.
Ҳаж тадбирларини ташкил этиш бўйича тайёргарлик ишлари жадал давом этмоқда:
– Зиёратчилар тиббий кўрикдан ўтказилди;
– Эмлаш ишлари олиб борилди;
– Гуруҳ раҳбарлари ва шифокорлар бириктирилди;
– Сафар олдидан амалий машғулотлар ташкил этилди;
– Ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Шунингдек, ҳар бир зиёратчига қуйидагилар тақдим этилмоқда:
– "Ҳаж – буюк ибодатдир" қўлланмаси, сумка, нимча, термос, соябон, сим-карта ва қувватлагич.
Айни пайтда гуруҳ раҳбарлари зиёратчилар билан Ҳаж амаллари бўйича суҳбатлар олиб бормоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг веб-сайти ва ижтимоий тармоқларида Ҳаж амаллари ҳақидаги суҳбатлар, тавсиялар ва мақолалар тақдим этилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати