Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Самарқанд вилояти, Булунғур тумани "Сулувқўрғон" жоме масжиди имом ноиби Раҳмонберди домла Умрзоқовнинг ҳамда Тойлоқ тумани "Ўрта" масжиди мутаваллиси Дилмурод Ғаффаровнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳумларни Ўз мағфиратига олсин, иймонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Дин ривожи, халқ маърифати ва Ватан равнақи йўлида қилган барча хизматларини Аллоҳ қабул айласин!
Ҳақ таоло марҳум диний соҳа ходимларининг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари, сафдошлари, шогирдлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳумларни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Раҳмонберди Умрзоқов ҳамда Дилмурод Ғаффаровнинг оила аъзолари, ёр-биродарлари, сафдошлари ва яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Muslim.uz
Жорий йил 24-25 февраль кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази директор ўринбосари Ғуломиддин Холбоев ва марказ бош мутахассиси Ҳикматилла Тоштемиров Туркия давлатида бўлиб, Турк давлатлари ташкилоти (ТДТ) Мусулмон диний идоралари Фатво ҳайъати тадбирида иштирок этишди.
“Мия ўлимига оид ҳукмлар”, “Аёлнинг маҳрамсиз сафар қилиши”, “Норасмий никоҳни бекор қилиш” каби масалаларнинг ечими мавзусида ўтказилган мазкур йиғилишда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркия уламолари, диншунослар, исломшунослар ҳамда журналистлар қатнашди.
“Аёлнинг маҳрамсиз сафар қилиши” мавзусида бошқа иштирокчилар қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази вакили Ғуломжон Холбоев ҳам сўзга чиқди.
Куннинг иккинчи ярмида “Норасмий никоҳни бекор қилиш” мавзуси кўриб чиқилиб, Ҳикматилла Тоштемиров бу мавзунинг кун тартибига келиш сабаблари, муаммолар ҳақида гапириб, сўзи охирида манбаларга таянган ҳолда унинг ечимини таклиф этди.
Шунингдек, “Мия ўлими билан боғлиқ масалалар” мавзусида ҳам вакилларимиз фаол иштирок этишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати