Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Июн, 2025   |   16 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:28
Аср
17:38
Шом
20:00
Хуфтон
21:38
Bismillah
12 Июн, 2025, 16 Зулҳижжа, 1446

Рўза - мажбурий очлик эмас!

24.02.2025   8961   4 min.
 Рўза - мажбурий очлик эмас!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Рўзанинг  фалсафаси – Шайх Муҳаммад Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ

Рўза ибодати  фақат моддий ҳаётни истайдиган кишилар учун ёт ёки инкор этиладиган ибодатдир. Чунки бундай кишилар фақат тананинг эҳтиёжиларини тан оладилар, руҳиятни эътиборга олмайдилар. Фақат дунё ҳаётига ишонадилар ва охират кунига эътибор қаратмайдилар. Шунинг учун ҳам бундай кишилар шаҳвоний истакларни чеклайдиган, оз муддат бўлса ҳам нафсни тарбиялайдиган ибодатни ёқтирмайдилар.
Баъзи одамлар фақат даромадни кўпайтириш ва турмуш даражасини ошириш ҳақида ўйлайди, аммо бундан покроқ ҳаёт кечириш учун восита сифатида фойдаланишга аҳамият бермайди.
Овқат инсон организми учун иккита асосий вазифани бажаради.
Биринчиси – тананинг ҳаракатланишига ёрдам берадиган иссиқлик билан таъминлаш.
Иккинчиси – тананинг эскирган ҳужайраларини янгилаш ва ўсишини таъминлайди.

Диетолог олимларнинг айтишича, инсон танаси кунлик фаолиятини таъминлаш учун маълум миқдорда калория талаб қилади. Лекин амалдачи? Агар инсонга 100 калория керак бўлса, у камида 300 калория истеъмол қилади, ҳатто баъзан 1000 калориягача етиши мумкин!
Овқат – инсон учун ёқилғи. У танани қувватлантириш учун зарур. Автомобил ёки бошқа техника билан инсон организмининг фарқи шундаки, машинанинг ёқилғи баки аниқ бир миқдорни сиғдира олади ва ҳаддан ташқари тўлиш имконияти йўқ. Аммо инсон ошқозони кенгайиш қобилиятига эга ва керагидан кўп ейилса ҳам сиғаверади.
Автомобил ёқилғи билан таъминланганда, у бакдаги сўнгги томчисигача ишлатади. Лекин инсоннинг ошқозони керакли миқдорни қабул қилгандан сўнг, ортиқча қисмни ёғ шаклида тўплайди, бу эса вазн ортишига сабаб бўлади. Агар машинада ортиқча ёқилғи тўпланиши мумкин бўлганида, у танага пластик моддалар қўшиш ёки ғилдиракларни катталаштириш каби тасаввур қилиб бўлмайдиган натижаларга олиб келган бўлар эди!
Инсон ажабланарли мавжужотдир, у ҳар доим етарли миқдордан кўпроқ нарсага интилади. Баъзан у ўз танасига зарар етказадиган нарсага эришиш учун ҳатто уришишгача боради. Қўлидаги ортиқча ресурсни муҳтож кишиларга ёрдам бериш ёки камбағалларга озиқ-овқат сифатида тарқатиш ўрнига, ўзи учун захира қилиб тўплайди.

Бир куни мен кўп тамаки чекишни яхши кўрадиган бир дўстим билан учрашдим. Уни афсус билан кузатиб турдим ва Аллоҳдан уни бу иллатдан халос қилишини сўрадим. У эса кулган ҳолда: "Аллоҳ дуойингизни қабул қилмасин, мен сигаретнинг лаззатидан маҳрум бўлишни истамайман", деди.
Бу сўзлар мени жуда ҳайратлантирди. Чунки инсон – ўзига зарар етаётганини билган ҳолда ҳам, ўз зарарига ҳаракат қиладиган ягона мавжудотдир!
Рўза тутишнинг асосий тарбиявий мақсади – инсонни керакли миқдор билан кифояланишга ўргатиш ва уни ортиқча истеъмол қилишдан тийишдир. Лекин кўпчилик бу маънода рўза тутмайди, балки кундузи ўзини тийиб, ифтор вақтида кўпроқ овқат ейиш билан бу одатни бузиб қўяди.

Рўзанинг энг муҳим жиҳатларидан яна бири – у инсонни турли қийинчиликларга чидамли қилишидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эрталаб уйларида озиқ-овқат бор-йўқлигини сўрар эдилар. Агар йўқ дейилса, у ҳолда "Мен бугун рўза тутишни ният қиламан" дер эдилар ва кунларини одатдагидек ўтказар эдилар.
У зот ҳеч қачон очликдан шикоят қилмасдилар. Чунки Аллоҳга бўлган ишончлари комил эди: "Албатта, ҳар бир қийинчиликдан кейин енгиллик келади" (Иншироҳ сураси, 5-6).
Бутун жамият ҳам худди шундай руҳий қудратга эга бўлса, муаммоларга юзланганида енгил ва хотиржам қолиши мумкин. Жамият ҳаётида баъзан қаттиқ қийинчиликлар рўй беради: ҳосил камайиб кетади, иқтисодий инқироз юзага келади, одамлар оч қолишади. Улар бу ҳолатни норозилик билан қарши оладилар ва сабр қилишга мажбур бўладилар.
Лекин рўза тутиш мажбурий очлик эмас! У мусулмон кишининг ўз хоҳиши билан Аллоҳга яқинлашиш йўлидир. Инсон Аллоҳ учун оч қолади, шаҳватларини тияди, сабри эвазига ажр умид қилади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Кимки Рамазон рўзасини иймон ва ихлос билан тутса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади".
Бу ҳадисдаги "иймон ва ихлос" сўзлари катта маънога эга. Бу дегани, киши қилган амалининг мукофотини дарҳол олмайди, балки уни Аллоҳнинг ҳузуридаги захиралар қаторида сақлайди.

Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ

Бошқа мақолалар

Ҳажингиз мабрур бўлсин!

13.07.2022   6127   2 min.
Ҳажингиз мабрур бўлсин!

Аллоҳ таоло ҳар бир амални ихлосу муҳаббат билан ўЗининг қоидасига мувофиқ бажарган бандаларига улкан мукофотларни ато қилади. Ҳаж амалларини гўзал ҳолатда адо қилган кишилар учун дунёда гуноҳлари кечирилиши, охиратда эса жаннат мукофот қилиб берилади.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умрадан умрагача бўлган (сағира) гуноҳлар кечирилади. Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннат бўлади!”, дедилар» (Имом Байҳақий ривояти).

“Мабрур” сўзи луғатда яхшилик қилинган, қабул қилинган маъноларини англатади. Уламолар ҳадисни шарҳлар эканлар, ҳажнинг мабрур бўлиши учун қуйидаги сифатлар топилиши лозим деганлар. Ихлос: зуҳди зиёда бўлиши; охиратга рағбат қилиш; барча ҳукмларини тўлиқ бажариш; сафарда фисқ ва маъсиятлардан, фаҳш сўзлардан тийилиш; риё, сумъа ва ужбдан сақланиш.

Аллоҳ таоло ҳожиларга берган энг катта имкониятлардан яна бири гуноҳларни мағфират қилишидир. Нафақат ҳожининг, балки ҳожи гуноҳларини мағфират қилишни сўраган инсонларнинг ҳам гуноҳларини Аллоҳ таоло кечиради. Шунинг учун зиёратга кирган кишилар ҳожидан ҳақларига дуо қилишни сўрайдилар.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким ҳаж қилса, ёмон гап ва ёмон иш қилмаса, худди онаси туққан кундагидек ортга қайтади”, деяётганларини эшитдим» (Имом Бухорий ривояи).

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ҳаж қилса, ёмон гап ва ёмон иш қилмаса, ўтган гуноҳлари кечирилади”, дедилар».

Бу ерда кичик гуноҳлар назарда туттилган. Чунки катта гуноҳларнинг кечирилиши учун тавба шарт. Сўзимизни қуйидаги ҳадиси шариф ҳам қувватлайди.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Беш вақт намоз (ўртасида), жумадан жумагача, Рамазондан Рамазонгача бўлган гуноҳлар, агар кабирасидан четланилса, кечирилади”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло юртимиз ҳожиларининг қилган ибодатлари, дуо ва зикрларини Ўз даргоҳида ҳусни қабул этсин! Ҳажингиз мабрур, саъйингиз машкур бўлсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг "Ҳаж буюк ибодатдир" номли китобларидан олинди.

 

Мақолалар