“Қуръон тиловат қилинганда уни тингланглар ва жим туринглар, шояд раҳматга эришсангиз” (Аъроф сураси, 204-оят).
Имом жаҳрий ўқиганида ҳам, махфий ўқиганида ҳам муқтадий қироат қилмаслигига далил Пайғамбаримизнинг: “Ўзимга-ўзим нимага Қуръонда тортишяпман дедим-а (шу сабабли экан-да)”, деган сўзларидир.
Юқоридагилардан, муқтадий овоз чиқариб қироат қилмаслиги маълум бўлади. Шундай экан, Пайғамбаримизнинг “тортишяпман” деган сўзларини “машғул бўлиб қоляпман” деб таъвил қилиб бўлмайди.
Демак, Расулуллоҳнинг: “Ўзимга ўзим нимага Қуръонда тортишяпман, дедим-а (шу сабабли экан-да)”, деган сўзлари имом жаҳрий қироат қиладими ёки йўқми, муқтадий қироат қилмаслигига очиқ-ойдин ҳужжат, далил бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан имом жаҳрий қироат қилганида ҳам, махфий қироат қилганида ҳам муқтадий қироат қилмаслиги кераклиги тўғрисида ривоятлар бор.
Имрон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобийлари билан бомдод намозини ўқидилар. Намозларини адо қилиб бўлганларидан сўнг: “Қайси бирингиз (Саббиҳисма Роббикал аъла)ни ўқиди?” дедилар. Одамлардан баъзилари: “Ё Аллоҳнинг расули, мен”, деди. Пайғамбаримиз: “Сизлардан баъзингиз унда диққатимни тортганингизни билдим”, дедилар».
Имрон ибн Ҳусойн: “У зот қироатини махфий қилганлар”, деб баён этади. Бу ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда келган қайтариқ махфий ҳол қолиб, фақат жаҳрий ҳолатга тегишли эмаслигини, балки иқтидо қилувчи барча намозларда имомнинг ортидан қироат қилишдан қайтарилганини билдиради.
Дарҳақиқат, имомнинг ортида қироат қилишдан қайтариқ борасида Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан кўплаб ҳадислар нақл қилинган. Абу Ҳурайра ва Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинган мазкур ҳадислар ҳам шулар жумласидандир.
Шунингдек, Абдуллоҳдан ривоят қилинган хабар ҳам бор: «Биз Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ортларида қироат қилар эдик. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни менга чигаллаштирдингиз”, дедилар».
“Эҳтимол, улар Қуръони каримни жаҳрий ўқиётган бўлишлари ва шунинг учун қироат қилишдан қайтарилган бўлишлари мумкин-ку?” дейилса, бунга жавобан: “Муқтадийларнинг жаҳрий қироати борасида бирор нақл етиб келмаган. Улар жаҳрий қироат қилган бўлганларида, қироат қилганлари ривоятларда етиб келгани каби жаҳрий ўқиганлари ҳам етиб келган бўлар эди”, дейилади.
Бу ҳадисда фақат жаҳрий қироатдан қайтарилмаган, балки имом ортида ҳар қандай қироат қилишдан қайтарилган. Бунга бошқа далиллар ҳам бор. Абу Воилдан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ ибн Масъуддан имомнинг ортида қироат қилиш ҳақида сўрадим. У: “Жим тургин. Намозда машғул бўлиш бор. Сенга шу имомнинг ўзи кифоя қилади”, деб жавоб берди».
Абдуллоҳ ибн Шаддоддан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг имоми бўлса, имомнинг қироати унга ҳам қироатдир”, дедилар».
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқидилар ва у кишининг ортида бир киши қироат қилди. Саҳобийлардан бири уни намозда қироат қилишдан қайтарди. Натижада улар бу борада тортишиб қолишди. Бу ҳолат Пайғамбаримизга айтилди. Шунда у зот: “Ким имомнинг ортида намоз ўқиса, имомнинг қироати унинг учун ҳам қироатдир”, дедилар»
Абу Мусо розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидагиларни ривоят қилган: “Имом қироат қилса, сизлар жим туринглар”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Имом эргашиш учун тайинланади. У такбир айтса, такбир айтинглар, қироат қилса, жим туринглар”, дедилар». Бу ва шу каби бошқа ҳадислар ҳам мавжуд.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг “Уммул Қуръонни ўқимаган кишининг намози намоз бўлмайди”, деган ҳадислари бизнинг наздимизда кка ўзи намоз ўқиган кишига тегишлидир.
Демак, мазкур ҳадиси шариф эҳтимолий маънога эга бўлиб, уни имомнинг ортида қироат қилишдан қайтарилган ҳадиси шарифлар тафсир қилади. Улар: “Жаҳрий намозда муқтадий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадисига биноан қироат қилмайди. Махфий намозда эса, Убоданинг ҳадисига биноан қироат қилади. Чунки Абу Ҳурайра ва Убода ибн Собитнинг ҳадислари саҳиҳдир”, дейишса, бундай жавоб берилади: “Айни шу ҳолатни якка ўзи намоз ўқиётган кишига тегишли қилсангиз бўлмайдими?
Шунда Убоданинг ҳадиси ҳам, Имрон ибн Ҳусойннинг ҳадиси ҳам саҳиҳлигича қолади. Чунки Имрон ибн Ҳусойннинг ҳадисида махфий намозда муқтадий қироат қилишдан қайтарилган бўлса, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадисида жаҳрий намозларда (муқтадий) қироат қилишдан қайтарилган бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадисини Убода ривоят қилган умумий маънодаги ҳадисдан чиқариб юборсак, унда ҳадис имом жаҳрий қироат қилганида ҳам, махфий қироат қилганида ҳам муқтадий қироат қилмаслиги кераклигини англатади”.
Уларга яна бундай дейилади: “Намознинг қайсидир фарзи муқтадийга бир ҳолатда соқит бўлиб, бошқа ҳолатда вожиб бўлганини кўрганмисиз?”. Улар: “Йўқ”, деб жавоб беришса, бундай дейилади: “Жаҳрий намозда қироатни муқтадийдан соқит қилишингиз сизга махфий намозда қироатни бекор қилишни юкламайди”.
Баъзи саҳобаларимиз бунга яна қуйидаги далилни келтирганлар: “Бир киши имомга рукуда эргашиб, намозни такбир айтиб бошласа-ю, умуман қироат қила олмаса, барча олимлар унинг намози дуруст бўлишига ижмо қилишганлар. Бу ҳолат ҳам муқтадийга қироат фарз эмаслигига далил бўлади”.
Кимдир: “Бу ҳолатда зарурат туфайли унга рухсат берилган”, деса, бундай жавоб берилади: “Бир киши имом саждадалигида намозга келиб қўшилса, гарчи зарурат бўлса-да, унинг бу ракати эътиборга олинмайди. Зарурат бирор фарзни соқит қилганида, имомга саждада эргашган кишидан рукуни ҳам соқит қилган бўлар эди.
Демак, зарурат имомга рукуда эргашган кишидан қироатни соқит қилмаслиги керак, бироқ амалда (муқтадийга) қироат қилиш фарз бўлмагани учун ҳам бу ҳолатда муқтадийдан қироат соқит бўлмоқда. Шунинг учун муқтадий қироат қилмаса ҳам, намози жоиз бўлаверади”.
Бир гуруҳ саҳобийларнинг бундай дейишгани ривоят қилинган: “Имомнинг орқасида намоз ўқиган кишига қироат йўқдир”. Улар Али, Ибн Масъуд, Жобир, Саъд, Абу Саид, Ибн Умар, Ибн Аббос, Зайд ибн Собит каби саҳобийлар розияллоҳу анҳумдир.
Али розияллоҳу анҳу айтади: “Ким имомнинг орқасида туриб қироат қилса, фитратига зид иш қилибди”. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу: “Ким имомнинг ортида қироат қилса, унинг намози намоз бўлмайди”, деган.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан: “Имомнинг орқасида турган киши қироат қиладими?” деб сўралди. У зот: “Йўқ, сизлардан ким якка ўзи намоз ўқиса, қироат қилсин”, дедилар. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо имомнинг орқасида қироат қилмас эдилар. Абу Саид розияллоҳу анҳудан имомнинг ортидаги киши қироат қилиши ҳақида сўралди. Шунда у: “Унга имомнинг ўзи кифоя қилади”, деди.
Аббос розияллоҳу анҳумодан бир киши: “Имомнинг ортида қироат қиламанми?” деб сўради. У: “Йўқ”, деб жавоб берди. Ҳанафий уламоларимиз шу каби ҳадисларга амал қилганлар. Қуръон, суннат ва саҳобийларнинг ижмолари ҳам шунга далолат қилади.
“Таъвилотул Қуръон” асаридан
Абдулатиф АЛЛОҚУЛОВ таржимаси.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб: «Мен қийналган кишиман», деди. Яъни, оч эканини билдирди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинларидан бирига овқат сўраб одам юбордилар. «У зотни ҳақ ила жўнатган зотга қасам ичиб айтаманки, уйимда сувдан бошқа ҳеч нарса йўқ!» деди у.
Худди шундай қилиб барча хотинларига овқат сўраб одам жўнатдилар. Уларнинг бари юқоридагидек жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу кеча бу одамни ким меҳмон қилади, Аллоҳ унга раҳм қилсин», дедилар. Шунда ансорлардан бир киши туриб: «Ё Аллоҳнинг Расули! Уни мен меҳмон қиламан», деди. Сўнгра уни уйига олиб кетди. Бориб хотинига бундай деди:
— Бу одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меҳмонлари. Унга таом ҳозирла!
Хотин деди:
— Болаларимизнинг овқатидан бошқа овқат йўқ.
Эр деди:
Болаларингни ухлатиб овқатни олиб кел. Меҳмон овқатга қўл узатганида чироқни ўчириб қўй. Биз қоронғида ўзимизни овқат еяётгандек кўрсатамиз. Аммо емаймиз. Меҳмон шунда озгина овқатга тўяди.
Улар шундай қилиб оч ухлашди. Меҳмон тўйди. Эрталаб улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига боришгач, у зот дедилар:
— Аллоҳ таоло сизнинг ишингиздан ажабланди. Сиз ҳақингизда Қуръон нозил қилди:
«Гарчи ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам (бошқаларни) ўзларидан устун кўрадилар. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақланса, ундай кишилар ҳа, ана ўшалар нажот топгувчилардир» (Ҳашр сураси, 9-оят).
Дунё чархпалакдир. Замон айланиб туради. Бугун пулинг бор. Эртага йўқ, ишинг орқага кетади. Бугун фақирсан, аммо эртага бойиб кетишинг мумкин. Фақирлик айб эмас, бойлик фазилат эмас.
Муҳими қалбдаги нарсадир, чўнтакдаги эмас. Муҳими инсоннинг бойлик ва фақирлик пайтидаги ахлоқидир.
Тасаввур қиляпсизми, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳеч бир аёллари уйидан овқат топилмаяпти! У киши Аллоҳнинг Расули бўлиш билан бирга давлат раҳбари ҳам эдилар. Уйларида сувдан бошқа ҳеч вақо йўғ-а?!
Фақирликни уқубат, бойликни эса мукофот деб ўйлашдан эҳтиёт бўлинг. Дунё бор-йўғи имтиҳон, холос. Имтиҳон саволлари қанчалар қийин бўлмасин, ўтириб қолманг.
Ақлли инсон бошқаларнинг ҳожатини чиқаришга ҳаракат қилади. Уларни қийин аҳволда қолдирмайди. Кишиларга эҳсон қилганингизда улар ўзини айбдор ва нуқсонли санашмасин!
Бемор кишининг фақирлигини билиб қолсангиз, у сўрашидан олдин аҳволидан хабар олишингиз оқилона ишдир. Баъзиларнинг иффати сўрашдан тўсади. Инъомнинг энг афзали инсонларнинг иффатни эҳтиром қилиб, обрўларини муҳофаза қилиб берилган инъомдир!
Эҳсон қилишнинг ҳам одоблари бор. Бир кишига ҳамманинг олдида садақа ёки эҳсон берсангиз, уни хижолатга қўясиз, иффатини жароҳатлайсиз, ожизлигини юзига солгандек бўласиз... Бунақа садақа-эҳсон қилгандан кўра, қилмаганинг афзалдир!
Юқорида келтирилган ансорийнинг одобига боқинг. Овқати озлиги учун хотинига чироқни ўчиришни буюрди. Мақсади меҳмонни хижолат қилмаслик эди. Чироқ ёниб турганида меҳмон овқатнинг камлигини кўриб, уялиб, овқат барчага етиши учун эҳтимол тўйиб ея олмасди.
Кишилардан ноқулайликни кетказиш ҳам уларни хотиржам қилишдир. Хотиржам қилиш эса, ибодатдир!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди