Тошкент ислом институтида “Февраль – Қуръон қироати ва илмлари фан ойлиги” деб эълон қилинган. Шу муносабат билан Қуръон илмлари кафедраси томонидан Олий маъҳад талабалари ўртасида “Қуръон мусобақаси – 2025” кўрик-танлови ўтказилди.
Тадбирни Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуров очиб берди ва иштирокчиларга муваффақият тилади. Сўнгра “Қуръон илмлари” кафедраси мудири, мусобақа ҳакамлар ҳайъати раиси Жаҳонгир қори Неъматов мусобақа шартлари билан таништирди. Иштирокчиларни “Қуръон илмлари” кафедраси ўқитувчилари баҳолаб боришди.
Ҳакамлар ҳайъати қўйган баллар асосида чиқарилган якуний хулосага кўра 1-ўринга 4-курс талабалари Саййидбурхон Фазилиддинов ва Убайдуллоҳ Ҳабибуллаев лойиқ кўрилди. 2-ўрин 2-курс талабаси Муҳаммад Аминхон Нажмиддиновга, 3-ўрин 3-курс талабаси Сайдулло Солижоновга насиб этди.
Мусобақа ғолибларига Тошкент ислом институти томонидан қимматбаҳо ҳадя ва дипломлар топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бойсун туманидаги 7 та мактабда “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори остида тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Тадбирларда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари томонидан бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, халқимиз учун яратилаётган шароит ва имкониятлар, олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий, диний соҳадаги ислоҳотлар хусусида фикрлар билдирилди.
Шунингдек, интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали тарқалаётган мафкуравий хатарлар, уларнинг олдини олиш масалалари, юртимизда ёшларга берилаётган имкониятлар тўғрисида тўхталиб ўтилди.
Тингловчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди. Иштирокчиларга "Тинчлик қадри" мавзусида фильм намойиш этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати