Кеча, 25 феврал куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллигининг ташаббуси ҳамда йиллик иш режасига асосан навбатдаги сайёр йиғилиш Оқдарё туманида ўтказилди. Тадбирлар олдидан вилоят вакиллиги ходими Ҳасан домла Темиров ишчи гуруҳ аъзолари билан учрашиб, ўзининг керакли кўрсатма ва топшириқларини бериб ўтди.
Имом-хатиблар тақсимот асосида тумандаги 12 та масжид имом-хатиблари ҳамда 2023-2024 йилларда Ҳаж ибодатига бориб келган ҳожилар ҳамроҳлигида 16 та маҳаллада бўлиб, 80 дан зиёд ногиронлиги бор, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва нотинч оилаларга кириб чиқишди. Шунингдек, маҳалла марказларида уюшмаган ёшлар билан суҳбатлар ташкил қилинди.
Вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров бошчилигида ўтказилган хулосавий йиғилишда аҳолининг турли қатламларидан ўрганилган камчилик ва муаммоларни ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ечиш, бунда соҳа ходимларининг иштироки масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Савол: Умрага борган киши, етти марта тавофни қилиб бўлгач, толиқиб қолиб, Сафо ва Марва орасида саъйни қилмай, меҳмонхонага кетиб қолса, нима қилиши лозим бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу одам меҳмонхонада бироз ором олгач, ҳарамга қайтиб, саъйни қилиши вожиб бўлади. Чунки Сафо ва Марва орасида етти марта саъй қилиш умранинг вожибларидан саналади. Шунинг учун умра қилаётган одам тавофдан кейин саъйни тугатмагунча эҳромдан чиқа олмайди. Агар саъйдан олдин сочини олдириб, эҳромдан чиққан бўлса, ўз вақтидан олдин эҳромдан чиққани учун, зиммасига бир жонлиқ сўйиш вожиб бўлади. Шу билан бирга саъйни қилиши ҳам лозим бўлади. Агар кекса ёки беморлиги туфайли ўзи юришга қийналса, аравада саъй қилса ҳам жоиз бўлаверади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.