Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ўн икки ойнинг султони, муборак моҳи Рамазонга ҳам оз фурсат қолди. Ушбу ой қадимдан юртимизда халқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенглик ва саховат ифодаси бўлиб келган. Ўтган солиҳлардан: «Рамазон ойини қандай кутиб олардинглар?» деб сўралганида, улар: «Биз янги ойни бошқа мусулмонларга нисбатан заррача ҳам гина адоват, кек сақламаган ҳолда, қалбимизни поклаган тарзда қаршилар эдик», дея жавоб берган эканлар.
Рамазон ойларнинг султонидир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ойларнинг энг афзали Рамазон ойидир», деганлар (Имом Табароний ривот қилган).
Бу ҳақиқатни қуйида келадиган сатрлар ҳам тасдиқлайди.
Рамазон Қуръон ойидир. Рамазоннинг энг буюк фазилатларидан бири – бу унинг Қуръон ойи эканидадир. Аллоҳ таоло Ўзининг сўнги китоби, Қиёматга боқий қоладиган, барчани ожиз қолдирган мўъжиз каломи Қуръони Каримни нозил қилиш учун айнан Рамазон ойини танлаган. Шунинг ўзи бу ойнинг қанчалар улуғ эканини англаш учун етарлидир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бундай марҳамат қилади: «Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб Қуръон туширилгандир» (Бақара сураси, 185-оят).
«Албатта, Биз У (Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик» (Қадр сураси, 1-оят).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло Қуръонни аввал Лавҳул-маҳфуздан дунё осмонига бутунича нозил қилган ва бу Рамазон кечаларидан бирида – Қадр кечасида бўлган. Вақти-соати келиб, Қуръоннинг Ер юзига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилиниши ҳам айнан Қадр кечасида бошланган. Кейинчалик ҳар Рамазонда ваҳий фариштаси Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, у зотга шу Рамазонгача нозил бўлган оятларни такрорлатадиган бўлди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этадиган йиллари Қуръонни Жаброил алайҳиссаломга икки бора ўқиб берганлар. Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумо бу муборак хатмга гувоҳ бўлганлар. Бу хатм манбаларда «арзаи охир» - «сўнги ўқиб ўтказиш» деган ном билан машҳурдир.
Аллоҳим, яқинлашиб келаётган Рамазон ойини бизларга муборак қил!
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсин Ўзи бизни муборак Рамазон ойига етказиб, бу ойнинг ибодатларидан баҳраманд этмоқда. Аллоҳ ўзининг ибодатига лойиқ кўриши биз учун чексиз неъматдир. Чунки ибодат банданинг бу дунёдаги энг асосий мақсад ва вазифаларидан биридир. Инсон яратилишидан кўзланган бош ғоя ҳам шундан иборатдир. Бу ҳақда Қуръони каримда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт сураси, 56-оят).
Рамазон ойи биз учун Аллоҳга яқин бўлиш, хулқимизни сайқаллаш, савобли амалларни кўпроқ қилиш, имонимизни мустаҳкамлаш каби ибодатлар учун қулай бир фурсатдир.
Қуръони каримда рўза тутиш ибодати Одам алайҳиссаломдан бошлаб то Муҳаммад алайҳиссалом давригача ўтган барча пайғамбар ва умматларга фарз қилингани таъкидланади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз» (Бақара сураси, 183-оят).
Демак, рўза банда учун шунчалик муҳим ибодатдирки Аллоҳ уни тутишликни барча умматга фарз қилди. Эҳтимол, рўзанинг фазилати бунчалик кўп бўлмаганда барча уммат учун бирдек фарз бўлмаган бўларди.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси қудсийда бундай дедилар: “Аллоҳ таоло Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен – Ўзим бераман, деди” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Насоий ва Имом Аҳмад ривоят қилишган). Аллоҳ таоло барча солиҳ амаллар ичидан фақатгина рўзани ўзи учун танлагани бу ибодатнинг нечоғлик улуғ эканлигига далолат қилади.
Рўза ибодати банда ва Робби ўртасидаги энг махфий ибодатлардан бири ҳамдир. Рўзадор кун давомида бир неча бор ўзи ёлғиз қолганда ейиш ёки ичишга имкони бўлса ҳам Аллоҳнинг кузатиб турганлигини ҳис қилиб, ейиш-ичишдан нафсини тияди, сабр қилади. Шунда рўзанинг асл ҳақиқати намоён бўлиб, банда Аллоҳга тобора яқин бўлиб боради.
Рўза қиёмат куни ўз эгасини шафоат қилади. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Рўза ва Қуръон (қиёмат куни) бандани шафоат қилади. Рўза айтади: “Ё, Роббим, мен уни кундузи таом ва шаҳватлардан тўсдим, энди уни шафоат қилишим учун изн бер”. Сўнгра Қуръон айтади: “Ё, Роббим, мен уни кечаси уйқудан тўсдим. Энди уни шафоат қилишим учун изн бер”. Бас, у иккисига (бандани) шафоат қилиш имкони берилади” (Имом Аҳмад ривояти).
Дарҳақиқат, рўза ойининг фазилатлари чексиз, уни санаб адоғига етиб бўлмайди. Ҳар бир инсон ўзининг саъй-ҳаракат ва ниятига кўра бу ойнинг савобидан турлича баҳраманд бўлади. Бироқ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларига кўра ҳар бир рўзадорнинг жаннатга «Райён» деб аталган эшикдан кириши ҳақдир. Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жаннатда бир эшик бор. У «Райён» дейилади. Қиёмат куни ундан рўзадорлар киришади, улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. Рўзадорлар қани? дейилади. Шунда улар туришади. Улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. Улар киргач, у беркитилади. Кейин ундан ҳеч ким кирмайди", дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло гуноҳларимизни мағфират этиб, жаннатга «Райён» эшиги орқали киришимизни насиб этсин.
Даврон НУРМУҲАММАД