Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ўн икки ойнинг султони, муборак моҳи Рамазонга ҳам оз фурсат қолди. Ушбу ой қадимдан юртимизда халқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенглик ва саховат ифодаси бўлиб келган. Ўтган солиҳлардан: «Рамазон ойини қандай кутиб олардинглар?» деб сўралганида, улар: «Биз янги ойни бошқа мусулмонларга нисбатан заррача ҳам гина адоват, кек сақламаган ҳолда, қалбимизни поклаган тарзда қаршилар эдик», дея жавоб берган эканлар.
Рамазон ойларнинг султонидир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ойларнинг энг афзали Рамазон ойидир», деганлар (Имом Табароний ривот қилган).
Бу ҳақиқатни қуйида келадиган сатрлар ҳам тасдиқлайди.
Рамазон Қуръон ойидир. Рамазоннинг энг буюк фазилатларидан бири – бу унинг Қуръон ойи эканидадир. Аллоҳ таоло Ўзининг сўнги китоби, Қиёматга боқий қоладиган, барчани ожиз қолдирган мўъжиз каломи Қуръони Каримни нозил қилиш учун айнан Рамазон ойини танлаган. Шунинг ўзи бу ойнинг қанчалар улуғ эканини англаш учун етарлидир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бундай марҳамат қилади: «Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб Қуръон туширилгандир» (Бақара сураси, 185-оят).
«Албатта, Биз У (Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик» (Қадр сураси, 1-оят).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло Қуръонни аввал Лавҳул-маҳфуздан дунё осмонига бутунича нозил қилган ва бу Рамазон кечаларидан бирида – Қадр кечасида бўлган. Вақти-соати келиб, Қуръоннинг Ер юзига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилиниши ҳам айнан Қадр кечасида бошланган. Кейинчалик ҳар Рамазонда ваҳий фариштаси Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, у зотга шу Рамазонгача нозил бўлган оятларни такрорлатадиган бўлди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этадиган йиллари Қуръонни Жаброил алайҳиссаломга икки бора ўқиб берганлар. Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумо бу муборак хатмга гувоҳ бўлганлар. Бу хатм манбаларда «арзаи охир» - «сўнги ўқиб ўтказиш» деган ном билан машҳурдир.
Аллоҳим, яқинлашиб келаётган Рамазон ойини бизларга муборак қил!
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъроний раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:
"Бир куни Рамазон ойида шомдан бир соат аввал уйга қайтаётган эдим. Шу пайтда масжиддаги дарсимга баъзан ташриф буюрадиган фақир одам мени тўхтатди. У мени қаттиқ қувонч билан қучоқлаб, кўз ёшлари билан: — Сиздан илтимос қиламан, Аллоҳ юзи учун, бугун менинг уйимда ифтор қилинг! — деди.
Шайх шундай давом этади:
— Унинг илтижоси тилимни тутиб қўйди, хоҳиши юрагимни забт этди ва мени Аллоҳ юзи билан сўрагани қалбимни ёритди.
Мен унга: — Биродар, аҳлим мени кутаяпти, ҳолатим бунга мос эмас. Аммо...
Шундай десам-да, ўзимни у киши билан юриб кетаётганимни сездим. Унинг уйини қаердалигини ҳам, шароити қандайлигини ҳам билмасдим, шу қадар муҳими, ифторга озгина вақт қолган эди.
Унинг уйига етиб борганимизда, бир хонали уй, ошхона ва кичик очиқ бир ҳовли экан. Унинг уйи бирон кишидан сотиб олинган бинонинг том қисмида жойлашган бўлиб, алоҳида кириш йўли ва эски ёғоч зинаси бор эди. Зина икки киши бир вақтда чиқишга дош бера олмасди, у эскирган ва аранг турган тахталардек туюлди.
У одам ҳаддан ташқари хурсанд эди. У менга миннатдорлик сўзларини айтиб: — Қаранг, устоз, бу уй менга тегишли! (Албатта, барча мулк Аллоҳники). Дунёда ҳеч ким мендан бир тийин ҳам талаб қила олмайди! Қаранг, устоз, қуёш эрталаб хонамга нур сочади, кечқурун эса қарши томондан ботади. Мен тонг ва шом олдидан шу ерда Қуръон ўқийман. Хотиним Аллоҳ ундан рози бўлсин, ана у ердаги ойна олдида ўтириб, мен учун дуо қилади. Валлоҳи, устоз, ўзимни жуда бахтиёр ҳис қиламан, худди жаннатда яшаётгандек!
Шайх шундай давом этади:
— Бу сўзлар гўё юрагимда жўр бўлиб турарди. Мен эҳтиёткорлик билан зинадан чиқарканман, ёғочлар синмасин деб қўрқардим.
Бироз вақт ўтиб, хонага кирдик. Мен ўтирдим, у эса рафиқаси томон йўл олди. Шунда унинг паст овозда: — Устоз бугун бизнинг уйда ифтор қиладилар, ҳозир таом тайёрла, — деган сўзлари эшитилди. Хотини эса қийналган ҳолда: — Валлоҳи, уйда биргина фулдан (буғдой ёки нўхатдан тайёрланган таом) бошқа ҳеч нарса йўқ. Ифторга ҳам ярим соат қолди, бизда ҳатто тайёрлашга маҳсулот ҳам йўқ! — деди.
Шайх:
— Бу мулоқотнинг барчасини эшитиб турдим. Шунда уй соҳибига бундай дедим: — Биродар, сиздан бир илтимосим бор: мен билан бирга масжидга юринг, у ерда биродарларимиз билан бирга ифтор қиламиз. Кейин мен сиз билан уйингизга қайтаман ва сизга дуо қиламан.
Уй соҳиби рози бўлди ва улар биргаликда масжидга йўл олишди. Масжидда жамоат билан бирга ифтор қилишди ва ибодат қилишди. Кейин шайх ва уй соҳиби унинг уйига қайтишди. Шайх унга ва унинг оиласига дуо қилди ва улар билан суҳбатлашди. Бу воқеа уй соҳибининг қалбида чуқур из қолдирди ва унинг иймонини мустаҳкамлади.
Бу қисса бизга меҳр-муҳаббат, саховат ва биродарликнинг аҳамиятини кўрсатади. Шайхнинг уй соҳибининг ҳолатини тушуниб, унинг эҳтиромини сақлаб, уни масжидга таклиф қилиши ва у ерда жамоат билан бирга ифтор қилишлари уларнинг ҳар иккиси учун ҳам баракотли бўлди. Бу ҳолат бизга инсонлар ўртасидаги меҳр-муҳаббат ва ҳамжиҳатликнинг қанчалик муҳим эканлигини эслатади".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ