Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво марказининг милодий 2025 / ҳижрий 1446 йилги Рамазон ойи учун закот нисоби, фитр садақаси ва фидя миқдори бўйича қарори қабул қилинди, унга кўра:
Закот нисоби
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази бу йилги Рамазон ойи учун закот нисобини ≈ 85 грамм 585 пробали тилланинг қийматидан келиб чиқиб 61 200 000 (олтмиш бир миллион икки юз минг) сўм деб белгилади.
Шунга кўра, кимда зарурий эҳтиёжидан ташқари камида 61 200 000 (олтмиш бир миллион икки юз минг) сўм қийматидаги пул маблағи ёки ушбу қийматдаги савдо-тижорат моли бўлса, жами маблағининг қирқдан бири (2,5%)ни закот ниятида ҳақдорларга беради.
Фитр садақаси миқдори
Фитр садақасининг миқдори қуйидагича белгиланди:
≈ 2 кг буғдой унидан – 10 000 (ўн минг) сўм;
≈ 4 кг арпадан – 16 000 (ўн олти минг) сўм;
≈ 2 кг майиздан – 110 000 (бир юз ўн минг) сўм;
≈ 4 кг хурмодан – 180 000 (бир юз саксон минг) сўм деб белгиланди.
Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотдан хоҳлаган бири ёки унинг қийматини фитр садақаси ниятида берса кифоя қилади.
Фидя миқдори
Бир кунлик фидя миқдори фитр садақанинг миқдори билан бир хил бўлади.
Шундай экан, ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотдан хоҳлаган бири ёки унинг қийматини фидя ниятида берса кифоя қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни айтгин. Албатта, у жаннат хазиналаридан биридир", дедилар".
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни айтса, тўқсон тўққиз дардга даво бўлади. Энг енгили ғамдир", дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким ҳар куни юз марта “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни айтса, унга фақирлик етмас", дедилар.
Ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Кимнинг ғам-ташвиш ва мусибатлари кўпайиб кетса: "Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ" калимасини кўп айтсин”.