Қадрли ватандошлар!
Аввало, сиз, азизларни, юртимиздаги барча мўмин-мусулмонлар ва бутун халқимизни эзгулик, хайру саховат ва меҳр-оқибат ойи бўлган Рамазони шарифнинг кириб келиши билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Ушбу қутлуғ айёмда мана шундай мунаввар ойни эл-юртимиз билан биргаликда тинч ва осойишта муҳитда кутиб олаётганимиз учун Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар айтамиз.
Ҳозирги вақтда барча соҳа ва тармоқлардаги ислоҳотларимиз муқаддас ислом динининг одамийлик моҳиятига уйғун бўлган “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган эзгу ғоя асосида амалга оширилаётганини кўплаб мисолларда кўриш мумкин.
Жумладан, ижтимоий ҳимоя тизими самарасини юксалтириш, беморлар, ногиронлиги бўлган, кекса ва ёрдамга муҳтож инсонларни, ёшлар ва хотин-қизларни, чет эллардаги фуқароларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, фарзандларимизнинг таълим-тарбиясига эътиборни кучайтириш, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларни обод қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлар тобора кенгайиб бораётганини таъкидлаш лозим.
Бу борада бошлаган ишларимизни изчил давом эттириш, юртимиздаги тинч ва фаровон ҳаётни, миллатлар ва динлараро ҳамжиҳатлик муҳитини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш бундан буён ҳам доимо эътиборимиз марказида бўлади.
Пок ниятлар ижобат бўладиган ушбу қутлуғ ойда жаҳоннинг турли минтақаларидаги уруш-жанжаллар, низо ва адоватлар барҳам топиб, бутун дунёда тинчлик, ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва ҳамкорлик барқарор бўлишини чин дилдан сўраб, дуолар қиламиз.
Ер юзидаги барча мўмин-мусулмон биродарларимизни, дўст ва ҳамкорларимизни Рамазон ойининг бошланиши билан самимий қутлаб, уларнинг мамлакатлари ва халқларига осойишталик, равнақ ва фаровонлик тилаймиз.
Азиз ватандошлар!
Рамазони шарифни оила ва яқинлар даврасида катта хурсандчилик билан кутиб олаётган сиз муҳтарам юртдошларимни яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Ушбу муқаддас ойда қилинадиган ибодат ва дуолар, эҳсон ва амалларни Парвардигори олам ўз даргоҳида қабул этсин!
Халқимизнинг эзгу орзу-интилишлари рўёбга чиқсин!
Рамазон ойи барчамизга муборак бўлсин!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари битирувчиларининг барчаси иш билан таъминланади ҳамда илмий тадқиқотларини давом эттиришни истаганларга ҳам муносиб имкониятлар берилади.
Шу анаънага мувофиқ, Тошкент ислом институтининг илк магистратура босқичини тамомлаган 10 нафар битирувчининг барчаси юз фоиз иш билан таъминланди ва илмий ишларини давом эттиришлари учун турли таклифлар билдирилди.
Хусусан, битирувчилар Фатво маркази, Диний идоранинг ҳудудлардаги марказий вакилликлари ва илмий-тадқиқот марказларида мутахассис, шунингдек, олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларида ўқитувчи сифатида фаолият бошлайди.
Ушбу иқтидорли магистрлар келгусида илмий фаолиятларини ҳам давом эттиради. Хусусан, умумий ўзлаштириш кўрсаткичи юқори бўлган 3 нафар магистр Тошкент ислом институтида очилиши режа қилинган докторантура босқичига имтиёзли қабул қилиниши айтилди. Шунингдек, илк магистрларни Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясининг докторантура таълим босқичига мақсадли қабул қилиш таклифи ҳам билдирилди.
Таъкидлаш жоизки, рақамли технологиялар, хорижий тиллар ва чуқур диний-илмий билимга эга ушбу юқори малакали кадрлар соҳа ривожи ва аҳолининг диний-маърифий саводхонлигини оширишга муносиб ҳисса қўшади, иншо Аллоҳ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати