Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Июл, 2025   |   27 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:31
Қуёш
05:09
Пешин
12:35
Аср
17:37
Шом
19:54
Хуфтон
21:24
Bismillah
22 Июл, 2025, 27 Муҳаррам, 1447
Мақолалар

Ўзбекистон халқига табрик

01.03.2025   15076   2 min.
Ўзбекистон халқига табрик

Қадрли ватандошлар!

Аввало, сиз, азизларни, юртимиздаги барча мўмин-мусулмонлар ва бутун халқимизни эзгулик, хайру саховат ва меҳр-оқибат ойи бўлган Рамазони шарифнинг кириб келиши билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Ушбу қутлуғ айёмда мана шундай мунаввар ойни эл-юртимиз билан биргаликда тинч ва осойишта муҳитда кутиб олаётганимиз учун Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар айтамиз.

Ҳозирги вақтда барча соҳа ва тармоқлардаги ислоҳотларимиз муқаддас ислом динининг одамийлик моҳиятига уйғун бўлган “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган эзгу ғоя асосида амалга оширилаётганини кўплаб мисолларда кўриш мумкин.

Жумладан, ижтимоий ҳимоя тизими самарасини юксалтириш, беморлар, ногиронлиги бўлган, кекса ва ёрдамга муҳтож инсонларни, ёшлар ва хотин-қизларни, чет эллардаги фуқароларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, фарзандларимизнинг таълим-тарбиясига эътиборни кучайтириш, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларни обод қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлар тобора кенгайиб бораётганини таъкидлаш лозим.

Бу борада бошлаган ишларимизни изчил давом эттириш, юртимиздаги тинч ва фаровон ҳаётни, миллатлар ва динлараро ҳамжиҳатлик муҳитини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш бундан буён ҳам доимо эътиборимиз марказида бўлади.

Пок ниятлар ижобат бўладиган ушбу қутлуғ ойда жаҳоннинг турли минтақаларидаги уруш-жанжаллар, низо ва адоватлар барҳам топиб, бутун дунёда тинчлик, ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва ҳамкорлик барқарор бўлишини чин дилдан сўраб, дуолар қиламиз.

Ер юзидаги барча мўмин-мусулмон биродарларимизни, дўст ва ҳамкорларимизни Рамазон ойининг бошланиши билан самимий қутлаб, уларнинг мамлакатлари ва халқларига осойишталик, равнақ ва фаровонлик тилаймиз.

Азиз ватандошлар!

Рамазони шарифни оила ва яқинлар даврасида катта хурсандчилик билан кутиб олаётган сиз муҳтарам юртдошларимни яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

Ушбу муқаддас ойда қилинадиган ибодат ва дуолар, эҳсон ва амалларни Парвардигори олам ўз даргоҳида қабул этсин!

Халқимизнинг эзгу орзу-интилишлари рўёбга чиқсин!

Рамазон ойи барчамизга муборак бўлсин!

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Мўмин ва фожир вафот этса

21.07.2025   2541   1 min.
Мўмин ва фожир вафот этса

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан бир жаноза олиб ўтилди, шунда у зот алайҳиссалом: "Тин олувчи ва ундан тин олинувчи"дедилар.

"Ё Аллоҳнинг Расули, тин олувчи ва ундан тин олинувчи нима?" дейишди.

У зот алайҳиссалом: "Мўмин банда (вафот этса) дунёнинг қийинчиликларидан истироҳат олади. Фожир банда (ўлса) ундан бандалар, элу юртлар, дов-дарахтлар ва жонзотлар қутуладилар"дедилар» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти).

 

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бирортангиз вафот этганида унга ўрни эртаю кеч кўрсатиб турилади: агар жаннат аҳлидан бўлса, жаннат аҳлидан экани, дўзах аҳлидан бўлса, дўзах аҳлидан экани. "Аллоҳ сени қиёмат куни қайта тирилтиргунича сенинг ўрнинг мана шудир", дейилади", дедилар» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилишган).