Муносабат
Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар, суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!
Халқимизни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши ва ўз номимдан Рамазон ойи билан самимий муборакбод этаман. Ҳақ таоло ушбу фазилатли, файзли дамларни дунё мўмин-мусулмонлари учун тинчлик-осойишталик, фаровон ҳаёт ва икки дунё саодатига элтувчи ой қилсин.
Бу борада кеча Президентимизнинг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори эълон қилингани нур устига нур бўлди, дейиш мумкин. Унда халқимиз учун эзгулик, меҳр-оқибат ва шукроналик тимсоли бўлган қутлуғ ойни бир қатор тегишли ташкилотлар билан биргаликда ҳудудларда миллий анъана ва қадриятларга мос тарзда ўтказишга доир бир қанча чора-тадбирлар белгилангани юртдошларимизни жуда мамнун этди.
Дарҳақиқат, ушбу қутлуғ ойда яхшилик, хайру саховат эшиклари янада кенг очилади. Аллоҳнинг афв ва мағфират хазинасидан ҳар бир киши
ўз насибасини олишга интилади.
“Рамазон — саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи” шиори остида ўтиши тавсия этилган мазкур ойда эҳтиёжмандлар, илм-маърифат йўлида изланаётган ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, оила ришталарини мустаҳкамлаш каби хайрли ишлар олиб борилади. Шунингдек, маҳаллаларда ўзаро тушуниш ва ишонч муҳитини кучайтириш, ҳурмат ва меҳр-оқибат қадриятларини тараннум этиш, атроф-муҳитни асраб-авайлаш, муқаддас қадамжо, зиёратгоҳ ва қабристонларни ободонлаштириш, кўчат экишдек динимиз ҳам, анъаналаримиз ҳам ёқлайдиган гўзал ишлар бажарилади.
Ифторлик сингари тадбирларда меъёрга амал қилиш, исрофга йўл қўймасликка алоҳида эътибор бериш белгиланди. Бу эса фазилатли ойнинг шукуҳли ўтишида катта омил бўлади, инша Аллоҳ.
Яратганга шукрки, янги Ўзбекистонда барча соҳа қатори диний-маърифий жабҳада ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Айниқса, эмин-эркин ибодат қилиш учун кенг имкониятлар берилаётгани, масжид-мадрасалар обод қилинаётгани, ҳаж-умра қилувчилар сони ошаётгани мўмин-мусулмонларни бирдай қувонтирмоқда.
Эслаб ўтиш ўринлики, ўтган йили юртимизда ўтказилган халқаро анжуманларда қатнашган хорижлик муфтийлар, таниқли уламолар ва олим-профессорлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришларни юқори баҳолади. Яқин келажакда заминимиздан яна Бухорийлар, Термизийлар, Фаробийлар, Берунийлар чиқишига ишонч билдирди.
Айни мақсадларни кўзда тутган ҳолда пойтахтимизда бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази юртимиздаги бир неча минг йиллик ўтмиш ва улуғвор мақсадларимизни бир жойга жамлаган муҳташам мажмуа бўлади. Ушбу маскан билан танишган одам ислом, аввало, тинчлик, тараққиёт ва бағрикенглик дини эканини, ўзбек халқининг дунё тамаддунига қўшган буюк ҳиссасини яққол англайди. Шунингдек, Самарқанд вилоятида қайтадан таъмирланаётган Имом Бухорий мажмуаси алломаларимизга кўрсатилаётган юксак эҳтиромнинг олий намунасидир.
Буларнинг барчаси мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, эътиқод эркинлигини таъминлаш, миллий қадриятларни эъзозлаш, халқимизни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг ёрқин ифодасидир. Ҳар йили Юртбошимиз томонидан Рамазон ойининг кириб келишига, ҳайитларга алоҳида эътибор қаратилиши ҳам ҳамюртларимизнинг бу ойни янада кўтаринки кайфиятда, чин ихлос ва ўзгача тайёргарлик ила кутиб олишларига сабаб бўлмоқда.
Моҳи Рамазонда адо этиладиган солиҳ амаллар эвазига мўмин-мусулмонлар кўпдан-кўп ажр-савобларга эга бўлади. Чунки табаррук ойда Аллоҳ таолонинг раҳмату мағфирати ҳар қачонгидан-да кўпроқ ёғилади.
Рамазон — хайру саховат ойидир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийроғи эдилар. Айниқса, Рамазон ойида янада сахий бўлиб кетар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда шиддат билан эсаётган шамолдан-да учқурроқ эдилар” (Муттафақун алайҳ).
Шундай экан, қўли очиқ инсонларимиз ногиронлар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган фуқаролар ҳамда кам таъминланган оилаларга меҳр-мурувват улашиши, беморлар ҳолидан хабар олиб, кўнгилларини кўтариши энг савобли амал эканини эслатиб ўтиш ўринли.
Таъкидлаш керакки, Юртбошимиз ташаббуслари билан мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя соҳасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор шахслар, етим болаларга манзилли ёрдамлар кўрсатиш, уларни ўқитиш, касб-ҳунарга ўргатиш, ишга жойлаштириш борасида ҳам хайрли ишлар қилинмоқда.
Ана шундай савобли ишларга ҳамоҳанг равишда ҳожилар иштирокида ўтказилган қарийб етмиш мингта тарғибот тадбирида 430 мингдан зиёд эҳтиёжманд кишиларга моддий-маънавий кўмак берилди. Бундай хайрли ишлар қутлуғ ойда янада қизғин давом этади. Чунки биз, уламолар бу йил Рамазон ойини меҳр-мурувват, хайр-саховат мавсумига айлантиришни ўзимизга шиор қилиб олдик. Токи қутлуғ ойда ҳар бир хонадон, ҳар бир кишининг қалбига хурсандчилик кириб борсин.
Рамазон — Қуръон ойидир. Аллоҳ таолонинг каломи айнан шу ойда нозил бўлган. Ҳақ таоло Бақара сурасининг 185-оятида бундай дейди: “Рамазон ойи — одамлар учун ҳидоят манбаи ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир”.
Анъанага кўра бу йил ҳам мамлакатимиздаги жоме масжидларда таровеҳ намозлари бошланди. Уларда 27 кун давомида хатми Қуръон адо этилади. Аллоҳ насиб этса, барча масжидларда Рамазон ойининг йигирма еттинчи кечаси, яъни Қадр кечасида хатми Қуръонлар якунланиб, бир вақтнинг ўзида бир неча миллион халқимиз Ҳақ таолога дуо қилишади. Мана шундай жамулжам илтижолар ижобатидан, юртимиз янада равнақ топади, ҳаётимиз фаровон бўлади. Ўлкамизга илоҳий нур, барака ёғилади, инша Аллоҳ.
Рамазон — дуо ойидир. Бу ҳақда Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда бир қанча ояту ҳадислар келган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“Қачон бандаларим сендан Мен ҳақимда сўрасалар, бас, албатта, Мен яқиндирман. Дуо қилувчи Менга дуо қилганда, дуосини ижобат қилурман. Бас, Менга ижобат қилсинлар ва Менга иймон келтирсинлар. Шоядки, тўғри йўлни топсалар” (Бақара сураси, 186-оят).
Уламолар мазкур оятнинг рўза ҳақидаги оятлардан кейин зикр қилинишида Рамазон ойининг дуо ойи эканига далил ва ишора бор, дейишади. Қуйидаги ҳадиси шарифда ҳам Рамазон дуо ойи экани айтилган:
Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, Рамазоннинг ҳар кеча-кундузида дўзахдан озод қилинган (банда)лар бўлур. Улардан ҳар бири учун қабул бўладиган бир дуо бор”, дедилар” (Имом Аҳмад ривояти).
Мана шундай лаҳзаларда Ҳақ таолодан мўмин-мусулмонларимиз тутадиган рўзалари қабул, ибодатлари мақбул ва дуолари мустажоб бўлишини сўраймиз. Аллоҳ таборака ва таоло эзгу мақсадларимиз, яхши ният ва улкан режаларимизни рўёбга чиқарсин!
Президентимиз соғ-саломат, Ватанимиз янада обод, халқимиз ҳаёти бундан-да фаровон, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, миллатлар ва динлараро тотувлик, ҳамжиҳатлик муҳити барқарор бўлсин!
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий.
Аллоҳ таоло инсонларга шундай улуғ ойни ато этганки, унда яхшилик ва савобли амаллар кўпайтирилади, гуноҳлар кечирилади, инсон маънавий юксалиш ва руҳий покланиш имкониятига эга бўлади. Рамазон – қалблар софланадиган, юраклар эзгуликка тўлиб-тошадиган, инсон маърифат ва тақвога эришадиган муборак ойдир. Бу ой ҳар бир мусулмон учун Аллоҳга янада яқинлашиш ва ҳаётида янги босқични бошлаш учун буюк имкониятдир.
Бу йилги Рамазон ойи мамлакатимизда беқиёс эзгулик, самимият ва меҳр-мурувват муҳитида ўтмоқда. Юртимизда Рамазонга бўлган эҳтиром тобора ортиб, инсонпарварлик ғоялари янада кенг тарқалмоқда.
Президентимизнинг Рамазон ойи муносабати билан юртдошларимизга йўллаган табриги халқимиз учун катта маънавий қувонч ва умид бағишлайди. Табрикда бундай таъкидланади: "Бу муборак ойда бир-биримизга, айниқса, муҳтожларга, қариялар ва ногиронларга, кам таъминланган оилаларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг ҳолидан хабар олиш, жамиятимизда меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш катта аҳамиятга эга".
Дарҳақиқат, бугунги кунда мамлакатимизда Рамазон ойининг руҳиятини тўла ҳис қилиш, унинг баракасидан баҳраманд бўлиш учун турли хайрия ва инсонпарварлик тадбирлари ўтказилмоқда. Жумладан, эҳтиёжманд оилалар ва қарияларга, ногиронлиги бўлган шахсларга хайрия ёрдамлари етказилмоқда. Қариялар ва кам таъминланган оилалар учун ифторликлар ташкил қилинмоқда. Жамиятда бирдамлик ва бағрикенглик муҳити янада кучаймоқда. Бундай хайрли ишлар мамлакатимизда халқимиз ўртасидаги меҳр-оқибат, аҳиллик ва саховат руҳини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Рамазон – нафақат рўза ойи, балки маънавий покланиш фурсатидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: "Ким Рамазон ойини иймон ва ихлос билан ўтказса, унинг олдинги гуноҳлари кечирилади". Бу ойда Қуръони карим тиловатини кўпайтириш, нафил ибодатлар, дуо ва зикрлар қилиш фазилатли. Бундан ташқари, мусулмон киши ўз нафсини тарбия қилиши, ёмон хулқ ва иллатлардан халос бўлиши, кўпроқ хайрли ишларни амалга ошириши талаб этилади.
Рамазон ойида мусулмон киши нафақат ўзини тарбия қилиши, балки бошқаларга ҳам яхшилик улашиши керак. Бу ойда кам таъминланган, муҳтож инсонларга саховат кўрсатиш, садақа ва хайрия қилиш жуда савобли иш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: "Рамазон ойида ҳар бир яхши амалнинг савоби бошқа ойлардаги савобдан юз карра кўп бўлади".
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бу ой бирдамлик, меҳр-мурувват ва эзгулик ойидир. Биз ҳам бу фурсатдан унумли фойдаланиб, Аллоҳнинг розилигига эришиш учун ҳар кунимизни савобли ва хайрли ишлар билан ўтказишимиз лозим.
Аҳмадҳон домла Алимов,
Самарқанд вилояти бош имом-хатиби