Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Фотиҳа сураси етти оятдан, йигирма етти сўз ва бир юз қирқ ҳарфдан иборатдир. Ибн Аббос, Қатода ва Абул Олия Фотиҳа сураси Маккада нозил бўлган, дейди. Фотиҳа сурасининг номи кўплиги унинг шарафи ва фазлининг юқорилигига далилдир.
Фотиҳа сураси билан намознинг ҳар бир ракати аввалида ўқилиши ва Қуръони карим у билан бошлангани учун “Фотиҳа” (очувчи) деб номланади.
Анас, Ҳасан ва Ибн Сирин бу сурани “Уммул Китоб”, яъни Китоб (Қуръон) онаси дейишган.
Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Алҳамдулиллаҳи Роббил аъламийн Уммул Қуръон, Уммул Китоб, Сабъул масоний (етти такрорланувчи) ва Ал-Қуръанул аъзийм (улуғ Қуръон)дир”, дедилар. Яна “Ас-солат” (намоз) деб ҳам номланади. Чунки у намознинг шартларидан биридир.
Ушбу сура “Шифо” деб ҳам номланган. Имом Доримий Абу Саъид розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолатда ривоят қилган ҳадисда: “Фотиҳатул Китоб – ҳар бир заҳарга шифодир”, дейилган.
Бу сура “Руқия” деб ҳам номланади. Сўфён ибн Уяйна Фотиҳани “Воқия”, Яҳё ибн Аби Касир эса “Кофия” деган. Яна у “Намоз ва хазина” ҳам дейилади. Буни Имом Замахшарий ўзининг “Кашшоф” тафсирида келтирган.
Шу йил 8 май куни Бухоро шаҳридаги Мир Араб олий мадрасасида вакиллик тасарруфидаги масжид имом-хатиблари ўртасида “Мотуридий таълимоти билимдони” номли интеллектуал беллашув бўлиб ўтди.
Тадбирни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Бухоро вилоятидаги вакили, Мир Араб олий мадрасаси ректори Жобир домла Элов кириш сўзи билан очиб, беллашувнинг маънавий, илмий ва тарбиявий аҳамияти ҳақида сўз юритди. Вилоят бош имом-хатибининг ўринбосари Отабек домла Авезовга эса танлов тартиб-қоидаларини тушунтирди.
Беллашув қуйидаги тўрт шарт асосида ўтказилди:
1. Тақдимот шарти
2. Мотуридий таълимоти бўйича савол-жавоб;
3. Диний-маърифий соҳадаги давлат сиёсатига оид савол-жавоб;
Танлов иштирокчилари мотуридийлик таълимотининг асосий қоидалари, ақидавий ечимлари ва мантиқий-илмий асослари юзасидан ўз билимларини намоён этди.
Беллашув якунларига кўра қуйидаги жамоалар ғолиб деб топилди:
• 1-ўрин: Мотуридий меъросхўрлари;
• 2-ўрин: Эътиқод дурдоналари;
• 3-ўрин: Ақида имомлари.
Мазкур танлов Имом Абу Мансур Мотуридийнинг илмий меросини чуқур ўрганиш, уни кенг тарғиб қилиш ва бу орқали соф эътиқод, илм ва маърифат асосларини жамиятда мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати