Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Март, 2025   |   12 Рамазон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:22
Қуёш
06:40
Пешин
12:38
Аср
16:40
Шом
18:29
Хуфтон
19:42
Bismillah
12 Март, 2025, 12 Рамазон, 1446
Мақолалар

Расулуллоҳ ﷺнинг Рамазонда Аллоҳ билан бирга бўлган ҳолатлари

3.03.2025   4132   4 min.
Расулуллоҳ ﷺнинг Рамазонда Аллоҳ билан бирга бўлган ҳолатлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳидоят элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга мавжудотлар ичида Аллоҳни энг кўп билувчи ва Унинг буйруқларини бажо келтиришда энг пешқадами бўлганлар. У зот Аллоҳга бандалик қилиш поғонасидан шу даражада юқори кўтарилганки, бу мақомнинг энг чўққисигача етиб, ҳеч қайси мавжудот етиб бора олмаган мартаба ва манзилларни забт этганлар. Яъни, Аллоҳ таоло у зотнинг олдингию кейинги гуноҳларини мағфират қилган.

Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу даражада бўлишларига қарамасдан тунларини ибодат билан ўтказар, ҳатто намозда кўп тик турганларидан оёқлари шишиб кетар эди. Оиша розияллоҳу анҳо бу ҳолатдан ажабланар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса мулойимлик билан: «Шукр қилувчи банда бўлишни ёқтираман-да!» дер эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йиғиларида қўрқинч, дуоларида эса мусибатли инсонларнинг ўтинчлари каби эди.

Абдуллоҳ ибн аш Шахир розияллоҳу анҳу бу ҳақда бундай деган: «Мен Расулуллоҳнинг намоз ўқиётганларини кўрдим. У зотнинг кўкрагидан тегирмон тошининг шовқинига ўхшаш йиғи шовқини эшитилиб турар эди» (Имом Абу Довуд ривояти, 904-ҳадис. Бу саҳиҳ ҳадис).

Мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг ҳайратланарли ҳолатлари ҳақида бундай ҳикоя қилади: «Тунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиша, менга рухсат беринг, Роббимга ибодат қиламан», дедилар. Мен: «Аллоҳга қасамки, мен сизга яқин (сиз билан бирга) бўлишни ёқтираман ва сизни хурсанд қилган нарсани яхши кўраман», дедим. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб, таҳорат олдилар, сўнг намоз ўқишга киришдилар. У зот тўхтамай йиғладилар, ҳатто этаклари ҳўл бўлди. Сўнг яна тўхтовсиз йиғладилар, ҳатто соқоллари нам бўлди. Сўнг яна тўхтовсиз йиғладилар, ҳатто ер ҳам нам бўлиб кетди. Шунда Билол намозга чақириш учун келди. Билол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йиғлаб турганларини кўриб: «Ё Расулуллоҳ! Нима учун йиғлаяпсиз? Ахир, Аллоҳ Сизнинг олдингию кейинги гуноҳларингизни мағфират қилган-ку!», деди. Шунда Расулуллоҳ: «Шукр қилувчи банда бўлмайми?! Зеро, бу кеча менга бир оят нозил бўлди. Бу оятни ўқиб, уни тафаккур қилмаганга вайл бўлсин!», дедилар ва оятни ўқидилар: Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: «Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиб туришида ақл эгалари учун оят(белги)лар бор» (Оли Имрон сураси, 190-оят).

Ибн Ҳиббон ривояти, исноди Имом Муслим шартига кўра.

Эй тавфиқли дўстим! Бу Аллоҳнинг амрини бажо келтиришнинг энг комил кўринишидир. Одам фарзандининг саййиди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Иллиййинда эканликларини аниқ билсалар-да, бор кучлари ва токати билан Аллоҳнинг розилиги учун ҳаракат қилар, шунчалар умидсиз бўлар, муҳаббат, хавф ва ражони шу қадар гўзал тарзда жамлар эдилар!

Биз-чи?! Биз ибодатларга бепарво бўлиб, кўплаб гуноҳларни содир этамиз ёки шу гуноҳлар атрофида айланиб юрамиз, Аллоҳга бўлган тавозелик ва итоатимиз кам ва заиф ҳолда ҳаёт кечирамиз. Ҳатто ғафлат зулматига ғарқ бўлиб ҳам, Аллоҳнинг мағфиратини умид қиламиз, ўзимизни Унинг макридан омонда деб ўйлаймиз. Ҳатто айрим ҳолатларда шунчалик хатокорлигимизни унутиб, Аллоҳнинг ғазабидан қўрқмаймиз, балки ўзимизни худди жаннатий одамдек тутамиз!

Бизнинг бу ҳолатимиз билан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳолатлари орасида тупроқ билан сурайё юлдузича - ер билан осмонча фарқ бор.

Ё Аллоҳ! Ё Маннон! Ё Карим! Бизларга лутф қил! Бизларни афв эт!

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазондаги Аллоҳ билан бирга бўлиш ҳолатлари барча мусулмонларга абадий ўрнак бўла оладиган даражада мукаммал бўлган.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда»  китоби асосида тайёрланди

Рамазон
Бошқа мақолалар

Имом Муҳаммад Зоҳид Кавсарий роҳимаҳуллоҳ

11.03.2025   1728   14 min.
Имом Муҳаммад Зоҳид Кавсарий роҳимаҳуллоҳ

         Имом Муҳаммад Зоҳид Кавсарий (1879-1952) – Усмонли давлатининг охирги давридаги етук олимларидан бири бўлиб, ўзининг чуқур илмий салоҳияти, қатъий позицияси ва маърифат йўлидаги изланишлари билан танилган. У нафақат илмий билимлари, балки сиёсий ва ижтимоий жараёнларга бўлган муносабати билан ҳам ўз даврининг етакчи мутафаккири бўлган.

       Ушбу мақола Зоҳид Кавсарийнинг ҳаёти, илмий йўли, устозлари, шогирдлари, сиёсий фаолияти ва илмий меросини ёритади. Мақсадимиз – унинг шахсиятини янада чуқурроқ ўрганиш ва бугунги авлод учун ибрат намунаси сифатида тақдим этишдир.  

         Муҳаммад Зоҳид Кавсарий 1879 йилда Усмонли давлатининг Дузжа шаҳрига яқин ҳудудда туғилган. Унинг оиласи шеркасий (қафқозлик) бўлиб, бобоси ва отаси Дузжа яқинида жойлашган Hожи Ҳасан қишлоғини ташкил этишган. Бу қишлоқ унинг отаси Ҳасан Кавсарий номи билан аталган бўлиб, илм-маърифат маскани бўлган.

Зоҳид Кавсарий илмий анъаналарга бой оилада ўсган. Унинг отаси фақиҳ ва муҳаддис бўлиб, ўз қишлоғида "Дорул-Ҳадис" мактабини ташкил қилган эди. Шунингдек, амакиси Мусо ал-Козим ҳам шаръий билимларни ўргатган устозлардан бири бўлган. Шу тариқа Зоҳид Кавсарий ёшлигидан илмга қизиқиб ўсди ва дастлабки диний билимларини оиласидан олди.

         Зоҳид Кавсарий илм йўлидаги изланишларини давом эттириш учун 14 ёшида Дузжадан Истанбулга кўчиб ўтди. Усмонли давлатидаги таълим тизими ўша даврда анъанавий тарзда олиб борилар эди: талабалар бир неча устоздан бирини танлаб, барча фанларни ўша устоздан ўрганар эдилар. Зоҳид Кавсарий Истанбулда улкан илмий салоҳиятга эга бўлган шайх Иброҳим Ҳаққий ал-Акиний ҳузурида таҳсил олди. У ўз даврининг машҳур мутакаллими ва мантиқ илми бўйича етук олими эди.

Иброҳим Ҳаққийнинг ўлимидан сўнг Зоҳид Кавсарий унинг васияти билан бошқа машҳур олим Али Зайнул-Обидин ал-Аласонийдан таълим олишни давом эттирди. Зоҳид Кавсарий бу икки устозни юксак эътироф этиб, “Агар Аллоҳнинг марҳамати ва бу икки устознинг илмий сабоқлари бўлмаганда мен бугунги даражага етмаган бўлардим,” деб ёзади.

У Истанбулдаги таҳсилини 14 йил давомида давом эттирди ва машҳур “Имтиҳонур-Руъус” (Диплом имтиҳони)ни муваффақиятли топшириб, Усмонли давлатидаги энг юксак илмий даражага эга бўлди.

         1908 йилда Зоҳид Кавсарий Истанбулдаги машҳур Фатиҳ мадрасаларида ўқитувчилик фаолиятини бошлади. У ўз устозлари сингари бир талабанинг барча дарсларини битта устоздан ўрганиши усулини давом эттирди. Аммо 1909 йилда Усмонли давлатида содир бўлган сиёсий ўзгаришлар натижасида таълим тизимида ҳам катта ислоҳотлар амалга оширилди.

 Зоҳид Кавсарий ўзининг чуқур билимлари ва анъанавий таълим усулига содиқлиги туфайли ислоҳотларнинг баъзиларига қарши чиқди. Ислоҳотлар таълим муддатини 15 йилдан 8 йилга қисқартиришни таклиф қилган бўлса-да, Зоҳид Кавсарий ва унинг айрим ҳамкасблари бу қарорни рад этиб, таълим муддатини 12 йилгача кўтаришга муваффақ бўлишди. Кейинчалик у араб тилини ўрганиш учун тайёрлов курсларини жорий этиб, умумий таълим муддатини 14 йилга қайтарди. Бу унинг қатъияти ва илмий анъаналарни ҳимоя қилишдаги матонатини кўрсатади.

         1909 йилда султон Абдулҳамид II тахтдан туширилгач, Усмонли давлатида сиёсий вазият кескин ўзгарди. “Иттиҳод ва Тараққиёт” жамияти давлат бошқарувини қўлга олиб, кенг қамровли ислоҳотларни амалга ошира бошлади. Зоҳид Кавсарий таълим соҳасидаги ислоҳотларга қисман рози бўлган бўлса-да, давлат бошқарувидаги айрим ўзгаришларга кескин қарши чиқди. Унинг Иттиҳодчилар билан келиша олмаганлиги илмий ва сиёсий фаолиятида катта таъсир кўрсатди.

1914 йилда Биринчи Жаҳон уруши бошланганида Зоҳид Кавсарий Усмонли давлатининг урушга киришига қарши чиқди. Унинг ушбу позицияси Иттиҳодчилар томонидан қаттиқ танқид қилинди. У сиёсий босимлар кучайгани сабабли Истанбулдан Қастамонуга кўчиб, уч йил давомида ўша ерда таълим берди. 1916 йилда урушнинг салбий оқибатлари юмшагач, Истанбулга қайтди ва илмий фаолиятини давом эттирди.

Аммо сиёсий босимлар уни ҳеч қачон тарк этмади. У Усмонли давлатидаги сиёсий ўзгаришларни очиқ танқид қилиб, диний мероснинг асраб қолинишини талаб қилди. Шу сабабдан 1922 йилда янги ҳукумат томонидан ҳибсга олиш тўғрисида буйруқ чиқарилганини эшитган заҳоти Истанбулдан Александрияга ҳижрат қилди. Бу ҳижрат унинг ҳаётида бурилиш нуқтаси бўлди ва уни Мисрда янги илмий фаолият бошлашига мажбур қилди.

         Зоҳид Кавсарий 1922 йил декабрь ойида Мисрнинг Искандария шаҳрига етиб борди. У ўз оиласидан узоқда ёлғизликда яшашга мажбур бўлди ва етти йил давомида оиласи билан боғланолмаган. Кейинчалик у Мисрда истиқомат қилишга қарор қилди ва Қоҳирада илмий фаолиятини давом эттирди.

 Мисрда Зоҳид Кавсарий ўз илмий салоҳиятини яна-да кучайтирди. У Қоҳирадаги Dорул-Кутуб ал-Мисрийя (Миср Миллий Кутубхонаси)да таржимон сифатида ишлай бошлади ва Усмонли даврига оид ҳужжатларни араб тилига таржима қилиш билан шуғулланди. Ушбу иш унга араб дунёсидаги илмий доираларга яқиндан танилиш имкониятини берди.

Мисрда у катта эҳтиром ва ҳурматга сазовор бўлди. У кўплаб олимлар билан илмий суҳбатлар ўтказди, баҳс-мунозараларда фаол қатнашди ва Мисрнинг машҳур уламолари билан яқин алоқалар ўрнатди. Шунингдек, у кўплаб китоблар ёзиб, мақолалар эълон қилди. Унинг илмий мақолалари Миср ва бутун араб дунёсида катта қизиқиш билан кутиб олинар эди.

         Зоҳид Кавсарий ўз илмий фаолияти давомида тахминан 50 га яқин асар ёзган. Бироқ Истанбулдан Мисрга кўчиш жараёнида унинг ёзган китобларининг ярми йўқолган. Шунга қарамай, 30 га яқин китоби ва мақолалари бугунги кунгача сақланиб қолган. Унинг асарлари асосан ислом ақидаси, фиқҳ, ҳадис илми, фалсафа ва мантиқ каби турли фанларга оид бўлиб, ўз даврининг етакчи асарлари сифатида қаралади.

Машҳур асарларидан баъзилари:

"Ирғомул-Марид" – бу асар нақшбандия тариқатининг улуғлари ва уларнинг илмий мероси ҳақида.

"Таҳрирул-Важиз" – ушбу асарда у ўзининг илмий манбалари ва санадларини баён қилган.

"Мақолатул-Кавсари" – унинг Мисрда ёзган мақолалари тўплами бўлиб, диний ва илмий масалаларга чуқур таҳлилий ёндашувни акс эттиради.

Шунингдек, Зоҳид Кавсарий ўз давридаги баъзи “салафий” уламоларнинг қарашларини танқид қилиб, ўша даврдаги диний ва фалсафий баҳсларда фаол иштирок этган. У ислом илмларини анъанавий манбаларга таянган ҳолда чуқур таҳлил қилиш билан бирга, замонавий даврнинг илмий талаблари ва эҳтиёжларига мос тарзда ўрганган.

        Зоҳид Кавсарий ўз умрининг охирига қадар илмий изланишларини давом эттирган ва кўплаб шогирдларни тарбиялаган. Унинг энг машҳур шогирдлари орасида:

Абдулфаттоҳ Абу Ғудда – машҳур муҳаддис ва ислом илмлари тадқиқотчиси.

Муҳаммад Амин Сарож — Туркияда машҳур олим ва муҳаддис бўлиб, Зоҳид Кавсарийнинг илмий меросини давом эттирган шогирди. Шунингдек, Зоҳид Кавсарийнинг илмий таъсири Мисрдан ташқари бутун араб ва мусулмон оламига тарқалган. Унинг асарлари ҳали ҳам кўплаб мадраса ва университетларда дарслик сифатида ўқитилади.

        Зоҳид Кавсарий Усмонли давлатининг инқироз даврини бошидан ўтказган ва бу сиёсий ўзгаришлар унинг ҳаёти ва илмий фаолиятига катта таъсир кўрсатган. Усмонли давлатининг Биринчи Жаҳон урушидаги мағлубияти ва султон Абдулҳамид II нинг тахтдан туширилиши натижасида давлатда катта ўзгаришлар содир бўлди. "Иттиҳод ва Тараққиёт" жамияти давлат бошқарувини қўлга олиб, янги сиёсий ва маданий ислоҳотларни амалга оширди.

Шунингдек, Зоҳид Кавсарий Шом (Сурия)га ҳам бир неча бор саёҳат қилди ва у ерда илмий изланишларини давом эттирди. У Дамашқдаги машҳур "Зоҳирия" кутубхонасида ўқиш билан машғул бўлди ва ўз илмий билимларини янада бойитди. Унинг илмга бўлган чексиз иштиёқи ва қатъиятлилиги туфайли у Миср ва Шомдаги кўплаб олимлар билан илмий мулоқотлар ўтказди ва шу билан бирга ўзининг илмий меросини кенгайтирди.

      Зоҳид Кавсарий ўз давридаги баъзи “салафий” олимларнинг қарашларини танқид қилиб, диний анъаналарнинг асраб қолинишини ҳимоя қилди. У замонасидаги “салафий” ҳаракатлар ва уларнинг диний масалаларга ёндашувини қаттиқ танқид қилди. Унинг фикрича, баъзи “салафий” олимлар диний масалаларни соддалаштириш орқали исломнинг асл моҳиятини тушунмасдан ҳукм чиқаришарди.

 Унинг энг машҳур танқидий асарларидан бири “Сафъат ал-Бурҳан ала Сафъат ал-ъАдван” бўлиб, у “салафий” олимлардан бири бўлган Муҳибуд-Дин ал-Хатибнинг қарашларини танқид қилади. Ушбу асар юқори даражадаги адабий услуб ва чуқур илмий таҳлил билан ёзилган бўлиб, Зоҳид Кавсарийнинг илмий салоҳиятини янада оширган.

Зоҳид Кавсарий “салафийликнинг” диний анъаналарни инкор этишини ва фақат Қуръон ва Суннатга боғланиб қолишини нотўғри деб ҳисоблади. У ислом илмий меросини, хусусан, мазабларнинг бой билимларини сақлаб қолишни ва уларни замонавий давр талаблари билан уйғунлаштиришни қўллаб-қувватлади. Шу боисдан у “салафийликнинг” айрим вакиллари билан илмий баҳс-мунозараларда фаол иштирок этди ва ўз илмий далиллари билан уларни рад этди.

         Муҳаммад Зоҳид Кавсарий нафақат илмий билимлари, балки зоҳидлиги ва мол-дунёдан беҳожатлиги билан ҳам танилган эди. Унинг исми "Зоҳид" бўлиб, бу унинг ҳаётида ҳам акс этди.

       У Мисрда оддий ҳаёт кечирди. Қоҳирада у жуда камтарона яшаган ва давлат томонидан берилган озгина нафақа билан қаноатланиб, ҳеч қачон ортиқча бойлик тўпламаган. У илм-фан ва таълим-тарбияга катта аҳамият бериб, ўз илмий билимларини фақат Аллоҳнинг розилигини қозониш учун ўргатган. 

 Зоҳид Кавсарий илмий асарларини ёзишдан молиявий манфаат кўришни рад этган. У Мисрда ўз китобларини чоп этган ноширга: “Агар мен китобларимдан фойда олсам, бу менинг Аллоҳ олдидаги мукофотимни камайтиради”, деб айтган. Шу сабабли у ўз китоблари учун ҳақ олмаган ва фақат илмни тарқатишни мақсад қилган.

        Муҳаммад Зоҳид Зоҳид Кавсарий 1952 йилда Мисрнинг Қоҳира шаҳрида вафот этди. Унинг қабри машҳур имом Шофиъий мақбараси ёнида, Қоҳиранинг ал-Қарафа қабристонида жойлашган. Зоҳид Кавсарий вафотидан кейин ҳам ўзининг илмий асарлари ва мероси орқали ислом дунёсига катта таъсир кўрсатиб келмоқда. Унинг асарлари ҳанузгача кўплаб ислом илмий марказларида, мадрасаларда ва университетларда ўқитилади. Унинг илмий далиллари, таҳлиллари ва танқидий қарашлари ҳали ҳам тадқиқотчилар ва олимлар томонидан чуқур ўрганилмоқда.

         Зоҳид Кавсарийнинг илми ва мероси бугунги кунда ҳам ислом илмларига қизиқувчилар учун қимматли манба бўлиб хизмат қилади. Унинг илмий далиллари замонавий масалаларга ҳам мос келувчи тарзда ўрганилиб, янги авлодлар учун ибрат намунасидир.

     Муҳаммад Зоҳид Зоҳид Кавсарий ўз даврининг улуғ олими, илмий етакчиси ва диний мерос ҳимоячиси сифатида тарихда ўчмас из қолдирди. У нафақат илмий билимлари, балки қатъий позицияси, матонати ва ислом илмий анъаналарини сақлаб қолишдаги жасорати билан ҳам танилган эди. Зоҳид Кавсарий ўз ҳаёти давомида Усмонли давлатининг инқирози, янги сиёсий тузумлар ва диний мероснинг хавф остида қолган даврларида илмий фаолиятини давом эттирди ва ислом илмларининг асл моҳиятини ҳимоя қилди.

 У ўз илмий фаолиятида анъанавий ислом манбаларига таянган ҳолда, замонавий даврнинг илмий талаблари ва эҳтиёжларига мос тарзда ёндашди. Унинг “салафийликка” танқидий муносабати, диний анъаналарни ҳимоя қилиши ва илмий таҳлиллари ўз даврида катта шов-шувларга сабаб бўлди. Бироқ Зоҳид Кавсарий ҳеч қачон шахсий манфаатларни кўзламади ва фақат Аллоҳнинг розилигини қозонишни мақсад қилиб қўйди.

       Зоҳид Кавсарийнинг илмий мероси нафақат мусулмон дунёсида, балки бутун дунё бўйлаб илмий доиралар томонидан қадрли бўлиб келмоқда. Унинг асарлари ҳанузгача ўқитилиб, замонавий ислом илмлари тадқиқотчилари томонидан чуқур ўрганилмоқда. Устозлари, шогирдлари ва илмий изланишлари орқали у нафақат ўз даврининг, балки келажак авлодларнинг ҳам устозига айланди.

         Бугунги кунда Муҳаммад Зоҳид Зоҳид Кавсарийнинг илмий асарлари ва мероси ислом оламининг турли бурчакларида ўрганилмоқда. Унинг илмий таҳлиллари, фалсафий қарашлари ва диний анъаналарни ҳимоя қилишдаги қатъиятлилиги ҳозирги даврда ҳам долзарбдир.

       Зоҳид Кавсарий илм-фан йўлидаги изланишлари, қатъий позицияси ва зоҳидлиги билан нафақат мусулмон уламолари учун, балки барча замонларда илмга интилган инсонлар учун ибрат намунасидир. Унинг илмий асарлари нафақат диний масалаларни чуқур таҳлил қилишда, балки замонавий илмий изланишлар учун ҳам қимматли манба бўлиб хизмат қилмоқда.

         Муҳаммад Зоҳид Зоҳид Кавсарий ҳаёти ва илмий мероси орқали нафақат ўз даврининг, балки келажак авлодларнинг ҳам ўчмас юлдузига айланди. Унинг илмий изланишлари ва диний мероси ҳали ҳам дунё илмий доираларида катта қизиқиш уйғотмоқда ва ўрганилмоқда. Шундай экан биз унга нафақат олим, балки замон ва макон чегараларини кесиб ўтган буюк мутафаккир сифатида ҳурмат кўрсатамиз.

Абдурраҳмон МАНСУР,

Имом Бухорий номидаги

Тошкент Ислом Институти талабаси