Азиз ватандошлар! Аввало, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакиллиги, устоз ва уламолар номидан барчангизни Рамазон ойи билан муборак этаман! Илоҳо, ойларнинг султони бўлган Рамазон ҳар галгиданда файзли ва баракали бўлсин!
Рамазон – бу мусулмонларнинг энг улуғ ойи бўлиб, у Аллоҳ таолонинг марҳамати ва баракаси ёғиладиган, савоблар кўпаядиган, дуо ва тавбалар қабул бўладиган мўътабар ойдир. Ушбу ойни чин дилдан эъзозлаб ўтказиш, рўза тутиш, Қуръон ўқиш, хайр-эҳсон қилиш ва яхшиликни кенг ёйиш ҳар бир мусулмон учун шарафдир.
Рамазон ойининг улуғлигини тасдиқловчи оятлар ва ҳадисларда унинг фазилатлари алоҳида таъкидланган. Аллоҳ таоло Қуръонда шундай марҳамат қилади:
“Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган” (Бақара сураси, 185-оят).
Бу ой Аллоҳ таоло томонидан мўминларга раҳмат сифатида юборилган бўлиб, унда Қуръон нозил бўлган. Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Рамазон ойининг улуғлиги ҳақида шундай марҳамат қилганлар:
“Рамазон рўзасини иймон ва савоб умидида тутган одамнинг ўтган гуноҳлари кечирилади”.
Бу ҳадисдан ҳам кўриниб турибдики, Рамазон мусулмонларга гуноҳлардан покланиш, қалбини тозалаш ва Аллоҳнинг раҳматига эришиш имкониятини беради.
Рамазон – бу фақат оч ва ташна юриш ойи эмас, балки мўминларнинг ўзини тарбия қилиш, гуноҳлардан тийилиш ва жамиятга фойда келтириш вақти ҳамдир. Айниқса, хайр-эҳсон қилиш бу ойда алоҳида аҳамият касб этади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида барча одамларга меҳрибон бўлиб, саховатда барчага намуна бўлганлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг саховатли инсон эдилар. Рамазонда Жаброил алайҳиссалом у зотнинг ҳузурларига келадиган пайтларда эса янада сахий бўлиб кетардилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларга эсувчи шамолдан ҳам тезроқ сахийлик қилишга шошардилар” (Бухорий ва Муслим ривояти).
Бу ҳадисдаги тасвир Пайғамбаримизнинг хайр-эҳсон қилишдаги шижоат ва меҳрибонликларини очиқ-ойдин намоён этади.
Тарихда Рамазон ойида хайр-эҳсон қилиб, одамларга фойда келтирган буюк инсонлар жуда кўп бўлган. Бир неча ибратли воқеалар:
Муалло ибн Фазл айтадилар: “Солиҳ зотлар Рамазон ойи киришидан олти ой олдин Аллоҳ таолодан Рамазон ойига етказишини сўраб дуо қилар эдилар. Рамазондан кейинги беш ой мобайнида Рамазон ойида қилган ибодатлари ва солиҳ амалларини қабул қилишини илтижо қилиб сўрардилар”.
Имом Заҳабий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Ҳаммод ибн Абу Сулаймон сахий бой киши эди. Рамазон ойида ҳар куни юз кишига ифторлик қилиб берарди. Ийд намози ўқиб бўлингандан сўнг уларнинг ҳар бирига юз дирҳамдан эҳсон берарди”.
Бу каби ибратли ҳолатлар бугунги кунда биз учун ҳам намунадир. Агар ҳар бир мусулмон қўлидан келганича одамларга яхшилик қилса, жамият янада аҳил ва баракали бўлади.
Рамазон ойи – бу нафақат рўза тутиш, балки инсонийлик, саховат ва эзгулик ойидир. Ҳар бир мўмин бу ойда имкон қадар Қуръон ўқиб, Аллоҳга яқинлашиши, хайр-эҳсон қилиб, муҳтожларга ёрдам бериши, оиласи, қўшнилари ва жамият учун фойдали ишларни қилишга ҳаракат қилиши лозим.
Бу ойда қилинган ҳар бир яхшилик, озгина садақа ва ҳатто бировга меҳр билан муомала қилиш ҳам катта савобларга сабаб бўлади. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтганлар: Кимки рўзадорни ифтор қилдирса, бас, унга унинг савоби мислича берилур (Имом Байҳақий ривояти).
Шундай экан, ушбу муборак ойда вақтимизни беҳуда ўтказмасдан, ибодат ва яхшиликлар билан банд бўлайлик. Аллоҳ таоло барчамизни Рамазон ойининг баракаларидан баҳраманд қилсин!
Убайдуллоҳ Абдуллаев,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳикоя қилишларича, Абу Язид Бастомий илм талаб қилиш учун Боғдодга бормоқчи бўлдилар. Оналари у кишига қирқ динор бердилар. У пуллар у зотга оталаридан мерос қолган эди. Оналари ўғилларига: «Қўлингни қўлим устига қўй ва менга ростгўйликни лозим тутиб, ҳеч қачон ёлғон гапирмасликка сўз бер!» дедилар. У киши оналарига мазкур ишлар юзасидан сўз берди. Боғдодга борадиган карвон билан бирга йўлга чиқдилар.
Йўлда боришар экан, тўсатдан рўпараларидан йўлтўсар қароқчилар чиқиб, карвондаги ҳамма нарсани талай бошлади. Бастомийнинг устилардаги жулдур кийимни кўриб, у кишидан: «Сенда ҳам бирор нарса борми?» деб сўрашди. У зот: «Ҳа, менда қирқ динор бор» деб жавоб бердилар. Қароқчилар у кишининг гапларини эшитиб, масхара қилдилар, аҳмоқ деб ўйлаб, у зотни тарк этдилар.
Кейин улар ғорга, яъни ўзларининг қароргоҳларига қайтдилар. У ерда уларнинг катталари бор бўлиб, карвондан талаб олинган нарсаларни кутиб ўтирган эди. Уларни кўргач: «Карвондаги ҳамма нарсани олдингларми?» деб сўради. Улар: «Ҳа, олдик. Аммо бир йигит бундан мустасно. Биз ундан нимаси борлигини сўрадик. У: «Менда қирқ динор бор» деди. Биз унинг қилган ишига эътибор бермай, уни тарк этдик. Чунки, биз уни ақли заиф деб ўйладик» деб жавоб беришди.
Шунда бошлиқлари: «Уни дарҳол ҳузуримга олиб келинглар!» деб буюрди.
Бастомий ўғрилар бошлиғининг олдига келгач, бошлиқ у зотдан: «Сенда бирор нарса борми?» деб сўради. У киши: «Ҳа, ёнимда қирқ динор бор» деб жавоб бердилар. Ўғрилар бошлиғи ҳайрон бўлиб: «Қаерда у?» деди. Бастомий ёнларидан пулларни чиқариб, ўғрилар бошлиғига бердилар. Буни кўрган бошлиқ: «Сен мажнунмисан, эй йигит? Нега пулларинг борлигини айтиб, уларни ўз ихтиёринг билан беряпсан?» деб сўради.
Шунда у зот: «Мен ўз шаҳримдан чиқмоқчи бўлганимда, ҳеч қачон ёлғон гапирмасликка онамга сўз берганман, аҳдлашганман. Шунинг учун онамга берган аҳдимни бузмайман» деб жавоб бердилар. Бу гапларни эшитган ўғрилар бошлиғи: «Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ». Сен онангга берган аҳдингга хиёнат қилишдан қўрқяпсан-у, биз эса, Аллоҳга берган аҳдимизга хиёнат қилишдан қўрқмаймизми?» деди.
Кейин қароқчилар бошлиғи карвондан олинган барча мол-мулкларни қайтариб беришга амр қилди ва: «Эй йигит, мен сенинг олдингда, сен сабабли тавба қиламан» деди. Бу гапни эшитган барча ўғрилар: «Сиз бизни йўлтўсарликда бошлиғимиз эдингиз. Бугун эса, тавбада бизнинг бошлиғимиз, каттамизсиз. Биз ҳам барчамиз Аллоҳга тавба қилдик» дедилар. Ҳаммалари қилган хатолари учун тавба қилдилар, тавбалари гўзал бўлди.