Азиз ватандошлар! Аввало, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакиллиги, устоз ва уламолар номидан барчангизни Рамазон ойи билан муборак этаман! Илоҳо, ойларнинг султони бўлган Рамазон ҳар галгиданда файзли ва баракали бўлсин!
Рамазон – бу мусулмонларнинг энг улуғ ойи бўлиб, у Аллоҳ таолонинг марҳамати ва баракаси ёғиладиган, савоблар кўпаядиган, дуо ва тавбалар қабул бўладиган мўътабар ойдир. Ушбу ойни чин дилдан эъзозлаб ўтказиш, рўза тутиш, Қуръон ўқиш, хайр-эҳсон қилиш ва яхшиликни кенг ёйиш ҳар бир мусулмон учун шарафдир.
Рамазон ойининг улуғлигини тасдиқловчи оятлар ва ҳадисларда унинг фазилатлари алоҳида таъкидланган. Аллоҳ таоло Қуръонда шундай марҳамат қилади:
“Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган” (Бақара сураси, 185-оят).
Бу ой Аллоҳ таоло томонидан мўминларга раҳмат сифатида юборилган бўлиб, унда Қуръон нозил бўлган. Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Рамазон ойининг улуғлиги ҳақида шундай марҳамат қилганлар:
“Рамазон рўзасини иймон ва савоб умидида тутган одамнинг ўтган гуноҳлари кечирилади”.
Бу ҳадисдан ҳам кўриниб турибдики, Рамазон мусулмонларга гуноҳлардан покланиш, қалбини тозалаш ва Аллоҳнинг раҳматига эришиш имкониятини беради.
Рамазон – бу фақат оч ва ташна юриш ойи эмас, балки мўминларнинг ўзини тарбия қилиш, гуноҳлардан тийилиш ва жамиятга фойда келтириш вақти ҳамдир. Айниқса, хайр-эҳсон қилиш бу ойда алоҳида аҳамият касб этади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида барча одамларга меҳрибон бўлиб, саховатда барчага намуна бўлганлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг саховатли инсон эдилар. Рамазонда Жаброил алайҳиссалом у зотнинг ҳузурларига келадиган пайтларда эса янада сахий бўлиб кетардилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларга эсувчи шамолдан ҳам тезроқ сахийлик қилишга шошардилар” (Бухорий ва Муслим ривояти).
Бу ҳадисдаги тасвир Пайғамбаримизнинг хайр-эҳсон қилишдаги шижоат ва меҳрибонликларини очиқ-ойдин намоён этади.
Тарихда Рамазон ойида хайр-эҳсон қилиб, одамларга фойда келтирган буюк инсонлар жуда кўп бўлган. Бир неча ибратли воқеалар:
Муалло ибн Фазл айтадилар: “Солиҳ зотлар Рамазон ойи киришидан олти ой олдин Аллоҳ таолодан Рамазон ойига етказишини сўраб дуо қилар эдилар. Рамазондан кейинги беш ой мобайнида Рамазон ойида қилган ибодатлари ва солиҳ амалларини қабул қилишини илтижо қилиб сўрардилар”.
Имом Заҳабий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Ҳаммод ибн Абу Сулаймон сахий бой киши эди. Рамазон ойида ҳар куни юз кишига ифторлик қилиб берарди. Ийд намози ўқиб бўлингандан сўнг уларнинг ҳар бирига юз дирҳамдан эҳсон берарди”.
Бу каби ибратли ҳолатлар бугунги кунда биз учун ҳам намунадир. Агар ҳар бир мусулмон қўлидан келганича одамларга яхшилик қилса, жамият янада аҳил ва баракали бўлади.
Рамазон ойи – бу нафақат рўза тутиш, балки инсонийлик, саховат ва эзгулик ойидир. Ҳар бир мўмин бу ойда имкон қадар Қуръон ўқиб, Аллоҳга яқинлашиши, хайр-эҳсон қилиб, муҳтожларга ёрдам бериши, оиласи, қўшнилари ва жамият учун фойдали ишларни қилишга ҳаракат қилиши лозим.
Бу ойда қилинган ҳар бир яхшилик, озгина садақа ва ҳатто бировга меҳр билан муомала қилиш ҳам катта савобларга сабаб бўлади. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтганлар: Кимки рўзадорни ифтор қилдирса, бас, унга унинг савоби мислича берилур (Имом Байҳақий ривояти).
Шундай экан, ушбу муборак ойда вақтимизни беҳуда ўтказмасдан, ибодат ва яхшиликлар билан банд бўлайлик. Аллоҳ таоло барчамизни Рамазон ойининг баракаларидан баҳраманд қилсин!
Убайдуллоҳ Абдуллаев,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби
Менинг ҳозирги касбим ҳайдовчилик. Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидан Тошкент шаҳрига қатнайман. Ҳар йили Рамазон ойи келиши билан мени бироз ўй босарди. Сабаби – пойтахтга келиб, бу ердаги масжидларда ўқиладиган хатми Қуръонларда қатнашган чоғларим руҳим тиниқар, толиқсам-да, ўзимни тетик ҳис этардим. Аммо, бир кун шаҳарда, бошқа куни қишлоқда бўлишга тўғри келар, қишлоғимиз масжидида эса таровиҳнинг ўзи ўқиларди. Ҳар куни хатмга қатнашолмаганимдан дилим ғаш бўларди.
Алҳамдулиллаҳ, бу йилги Рамазонда бизнинг қишлоқдаги “Чим” жоме масжидида имомимиз Абдулазиз домла Абдуллаев бошчилигида ҳам хатми Қуръон бўлаётир. Ёш ва ғайратли уч нафар қори довон оша воҳа аҳлини Қуръон файзидан баҳраманд этиш учун юборилибди. Тўғриси, эсимни таниганимдан бери қишлоғимизда таровиҳлар ўқилар, аммо бирор марта хатми Қуръон ўқилмаган. Бундан жуда мамнун бўлдим. Энди шаҳарда бўламанми, қишлоқдами – Қуръон хатмини келган жойидан тинглаб, жамоат намози файзидан баҳраманд бўляпман.
Касб тақозоси билан турли табиатли одамларни учратаман. Баъзилар билиб-билмай замондан нолиб қолишади. Шундай пайтларда тинчлик, соғлик, офият каби катта неъматлар қаторида қишлоғимизда бошланган хатми Қуръонлар юртимиз бўйлаб бир минг етти юздан ортиқ масжидларда бирдай ўқилаётгани улуғ неъмат, деб ўйлайман. Мен учун катта хурсандчилик бўлган ушбу хайрли ишнинг амалга оширилишида ташаббус кўрсатиб, ҳисса қўшган барчага, хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятига миннатдорлик билдираман.
Инша Аллоҳ, Қадр кечасида бир вақтнинг ўзида хатмоналар қилиниб, дуолар қилинар экан. Юртимиз масжидлари қаторида биз ҳам ҳамқишлоқларимиз билан қўлларимизни очиб, “омин” дейиш ниятидамиз.
Аллоҳ ўша кунларга ҳам соғлик-омонликда етказиб, хатмоналар, дуолар шарофатидан Ватанимизга файзу баракасини мўл-кўл ёғдираверсин.
Омонбек Тошниёзов,
Қамаши тумани, Чим қишлоғи