Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Март, 2025   |   13 Рамазон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:20
Қуёш
06:38
Пешин
12:37
Аср
16:41
Шом
18:30
Хуфтон
19:43
Bismillah
13 Март, 2025, 13 Рамазон, 1446
Мақолалар

Эзгуликни улуғлайдиган, қалбларни поклайдиган ой

3.03.2025   6059   4 min.
Эзгуликни улуғлайдиган, қалбларни поклайдиган ой

Азиз ватандошлар! Аввало, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакиллиги, устоз ва уламолар номидан барчангизни Рамазон ойи билан муборак этаман! Илоҳо, ойларнинг султони бўлган Рамазон ҳар галгиданда файзли ва баракали бўлсин!
 

Рамазон – бу мусулмонларнинг энг улуғ ойи бўлиб, у Аллоҳ таолонинг марҳамати ва баракаси ёғиладиган, савоблар кўпаядиган, дуо ва тавбалар қабул бўладиган мўътабар ойдир. Ушбу ойни чин дилдан эъзозлаб ўтказиш, рўза тутиш, Қуръон ўқиш, хайр-эҳсон қилиш ва яхшиликни кенг ёйиш ҳар бир мусулмон учун шарафдир.


Рамазон ойининг улуғлигини тасдиқловчи оятлар ва ҳадисларда унинг фазилатлари алоҳида таъкидланган. Аллоҳ таоло Қуръонда шундай марҳамат қилади:


“Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган” (Бақара сураси, 185-оят).


Бу ой Аллоҳ таоло томонидан мўминларга раҳмат сифатида юборилган бўлиб, унда Қуръон нозил бўлган. Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Рамазон ойининг улуғлиги ҳақида шундай марҳамат қилганлар:


“Рамазон рўзасини иймон ва савоб умидида тутган одамнинг ўтган гуноҳлари кечирилади”.


Бу ҳадисдан ҳам кўриниб турибдики, Рамазон мусулмонларга гуноҳлардан покланиш, қалбини тозалаш ва Аллоҳнинг раҳматига эришиш имкониятини беради.


Рамазон – бу фақат оч ва ташна юриш ойи эмас, балки мўминларнинг ўзини тарбия қилиш, гуноҳлардан тийилиш ва жамиятга фойда келтириш вақти ҳамдир. Айниқса, хайр-эҳсон қилиш бу ойда алоҳида аҳамият касб этади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида барча одамларга меҳрибон бўлиб, саховатда барчага намуна бўлганлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:


“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг саховатли инсон эдилар. Рамазонда Жаброил алайҳиссалом у зотнинг ҳузурларига келадиган пайтларда эса янада сахий бўлиб кетардилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларга эсувчи шамолдан ҳам тезроқ сахийлик қилишга шошардилар” (Бухорий ва Муслим ривояти).


Бу ҳадисдаги тасвир Пайғамбаримизнинг хайр-эҳсон қилишдаги шижоат ва меҳрибонликларини очиқ-ойдин намоён этади.


Тарихда Рамазон ойида хайр-эҳсон қилиб, одамларга фойда келтирган буюк инсонлар жуда кўп бўлган. Бир неча ибратли воқеалар:


Муалло ибн Фазл айтадилар: “Солиҳ зотлар Рамазон ойи киришидан олти ой олдин Аллоҳ таолодан Рамазон ойига етказишини сўраб дуо қилар эдилар. Рамазондан кейинги беш ой мобайнида Рамазон ойида қилган ибодатлари ва солиҳ амалларини қабул қилишини илтижо қилиб сўрардилар”.


Имом Заҳабий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Ҳаммод ибн Абу Сулаймон сахий бой киши эди. Рамазон ойида ҳар куни юз кишига ифторлик қилиб берарди. Ийд намози ўқиб бўлингандан сўнг уларнинг ҳар бирига юз дирҳамдан эҳсон берарди”.


Бу каби ибратли ҳолатлар бугунги кунда биз учун ҳам намунадир. Агар ҳар бир мусулмон қўлидан келганича одамларга яхшилик қилса, жамият янада аҳил ва баракали бўлади.


Рамазон ойи – бу нафақат рўза тутиш, балки инсонийлик, саховат ва эзгулик ойидир. Ҳар бир мўмин бу ойда имкон қадар Қуръон ўқиб, Аллоҳга яқинлашиши, хайр-эҳсон қилиб, муҳтожларга ёрдам бериши, оиласи, қўшнилари ва жамият учун фойдали ишларни қилишга ҳаракат қилиши лозим.


Бу ойда қилинган ҳар бир яхшилик, озгина садақа ва ҳатто бировга меҳр билан муомала қилиш ҳам катта савобларга сабаб бўлади. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтганлар: Кимки рўзадорни ифтор қилдирса, бас, унга унинг савоби мислича берилур (Имом Байҳақий ривояти).


Шундай экан, ушбу муборак ойда вақтимизни беҳуда ўтказмасдан, ибодат ва яхшиликлар билан банд бўлайлик. Аллоҳ таоло барчамизни Рамазон ойининг баракаларидан баҳраманд қилсин!

Убайдуллоҳ Абдуллаев,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби

Рамазон
Бошқа мақолалар

Қуръони каримда зикр этилган 26 та жонзот

11.03.2025   2534   5 min.
Қуръони каримда зикр этилган 26 та жонзот

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

  • Ҳудҳуд. У қушларни кўздан кечириб: «Нега мен ҳудҳудни кўрмаяпман, балки у (берухсат) ғойиб бўлувчилардандир?! (Намл сураси, 20-оят).
     
  • Бедана. Аллоҳ деди: «Эй, Исроил авлоди! Биз сизларга душманингиздан нажот бердик ва сизларга (Мусога Таврот нозил қилиш учун) Тур (тоғи)нинг ўнг томонини ваъдалашдик ва сизларга ширинлик ва беданалар ёғдирдик (Тоҳо сураси, 80-оят).
     
  • Қарға. Шундан сўнг, Аллоҳ унга биродари мурдасини қандай кўмишни кўрсатиш учун ерни кавловчи бир қарғани юборди. «Ҳолимга вой! Наҳот шу қарғачалик бўлишдан ожиз бўлсам? (Мен ҳам) биродарим жасадини (тупроққа) кўма қолай», – деди. Шундай қилиб (у) пушаймон қилувчилардан бўлиб қолди (Намл сураси, 31-оят).
     
  • Асалари. (Эй, Муҳаммад!) Роббингиз асалариларга ваҳий (бўйруқ) қилди: «Тоғларга, дарахтларга ва (одамлар) барпо қиладиган нарсаларга ин қурингиз (Наҳл сураси, 68-оят).
     
  • Кўршапалак. У куни одамлар тўзитиб юборилган кўршапалаклар каби бўлурлар (Қориа сураси, 4-оят).
     
  • Чивин. Аллоҳ чивин, балки ундан ҳам «юқори» нарсалар ҳақида зарбулмасал айтишдан уялмайди. Имонли кишилар-ку, уни (масални) ҳақиқатан ўзларининг Рабби томонидан (юборилган) ҳақ нарса деб биладилар (Бақара сураси, 26-оят).
     
  • Пашша. Эй, инсонлар! (Сизларга) зарбулмасал қилинди. Бас, унга қулоқ тутингиз! Аниқки, сизлар Аллоҳни қўйиб, сиғинаётган нарсаларингизнинг барчаси бирлашганда ҳам, бир пашшани ярата олмаслар, агар пашша улардан бирор нарсани тортиб олса, уни ундан айириб ололмаслар. Талаб қилувчи ҳам, талаб этилувчи (бутлар) ҳам заифлик қилурлар (Ҳаж сураси, 73-оят).
     
  • Чигиртка. (Улар) кўзлари (қўрқувдан) қуйига боққан ҳолларида, гўё тўзиган чигирткалар каби қабрларидан чиқиб келурлар (Қамар сураси, 7-оят).
     
  • Бит ва бақа. Шундан кейин улар устига тўфон, чигиртка, бит, бақалар ва қон (балолари)ни аниқ мўъжизалар сифатида юбордик. (Шундан) сўнг (ҳам улар) кибр қилдилар. (Улар олдиндан) жиноятчилар қавми эди (Аъроф сураси, 133-оят).
  •  
  • Чумоли. То улар чумолилар водийсига етганларида, бир чумоли: «Эй, чумолилар! Уяларингизга кирингиз, яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни эзиб кетмасинлар!» – деди (Намл сураси, 18-оят).
     
  • Ўргимчак. Аллоҳдан ўзгаларни дўст тутган кимсаларнинг мисоли худди ин қуриб олган ўргимчакка ўхшайди. Зотан, инларнинг энг нимжони, албатта, ўргимчак инидир, агар билсалар (Анкабут сураси, 41-оят).
     
  • Наҳанг балиқ. Бас, маломатга қолган ҳолида уни бир наҳанг балиқ ютиб юборди. Бас, агар у (Аллоҳга доимо) тасбеҳ айтувчилардан бўлмаганида, албатта, у (балиқ) қорнида, то (одамлар) қайта тириладиган кунларигача (қиёматгача), қолиб кетган бўлур эди (Соффот сураси, 142-144-оят).
     
  • Қўй. (Уларнинг бири деди:) «Дарвоқе, мана бу менинг биродарим, унинг тўқсон тўққиз совлиқ қўйи бор, менинг эса биргина совлиғим бордир. Бас, у: «Ўшани ҳам менга топширгин!» – деди ва мени баҳсда енгиб қўйди» (Сод сураси, 23-оят).
     
  • Эчки. Саккиз жуфт (ҳайвонлар) – қўйдан икки (жинс) ва эчкидан (икки жинс)ни (яратди) (Аъном сураси, 143-оят).
     
  • Сигир. Эсланг, Мусо ўз қавмига: «Аллоҳ сизларни (бирор) сигир сўйишга буюрди», – деганида, улар: «Бизни истеҳзога тутяпсанми?» – дедилар. (Мусо) деди: «Жоҳиллардан бўлиб қолишимдан мени Аллоҳ асрасин!» (Бақара сураси, 67-оят).
     
  • Туя. Ахир, улар туяларга қараб, қандай яратилганига (Ғошия сураси, 17-оят).
     
  • От. Қасамёд этаман пишқириб чопадиган, (чопганда туёқларидан) чақмоқ чақнатадиган, тонг пайтида (ёв сари) бостириб борадиган, бас, ўша пайтда (ортида) чанг қолдирадиган, шу (чанг) билан (душман) жамоасининг ўртасига кириб борадиган (от)лар биланки, ҳақиқатан, (кофир бўлган) инсон Парвардигори (ато этган неъматлар)га ношукурдир! (Одиёт сураси, 1-6-оят).
     
  • Хачир ва эшак. У яна минишингиз учун ва зийнат сифатида отлар, хачирлар ва эшакларни (яратди). Яна, сизлар (ҳали) билмайдиган нарсаларни ҳам яратур (Наҳл сураси, 8-оят).
     
  • Чўчқа. У сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти ва Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган нарсаларни (истеъмол қилишни қатъий) ҳаром қилди. Аммо, зулмкор ва тажовузкор бўлмаган ҳолда, заруратан, мажбур бўлса (очлик танглиги юзасидан тановул  қилса), унга гуноҳ йўқдир. Дарҳақиқат, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир (Бақара сураси, 173-оят).
     
  • Фил. (Эй, Муҳаммад!) Раббингиз «фил эгалари»ни не қилганини кўрмадингизми? (Фил сураси, 1-оят).
     
  • Бўри. (Яъқуб) деди: «Уни олиб кетишингиз мени жуда ташвишлантираяпти, сизлар ундан ғафлатда бўлган чоғингизда (ногоҳ) уни бўри еб кетишидан қўрқаман» (Юсуф сураси, 13-оят).
     
  • Ит. Ухлоқ бўлсалар-да, (кўзлари очиқ бўлгани учун) уларни уйғоқ, деб ўйлайсан. Биз уларни (чириб кетмаслиги учун) ўнг томон, сўл томонга айлантириб турармиз. Уларнинг ити эса, остонада икки олд оёқларини узатиб ётур. Агар уларни кўриб қолсангиз, даҳшатга тушиб, улардан юз ўгириб қочиб кетган бўлур эдингиз (Каҳф сураси, 18-оят).
     
  • Маймун. Шанба (куни)да сизлардан тажовуз қилганларни билдингиз. Биз уларга: «Қадрсиз маймунларга айланингиз!», – дедик (Бақара сураси, 65-оят).
     
  • Аждаҳо. (Мусо) асосини ташлаган эди, бирданига у чин аждаҳога айланди (Шуаро сураси, 32-оят).

Даврон НУРМУҲАММАД