Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Март, 2025   |   13 Рамазон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:20
Қуёш
06:38
Пешин
12:37
Аср
16:41
Шом
18:30
Хуфтон
19:43
Bismillah
13 Март, 2025, 13 Рамазон, 1446
Мақолалар

Эзгуликни улуғлайдиган, қалбларни поклайдиган ой

3.03.2025   6065   4 min.
Эзгуликни улуғлайдиган, қалбларни поклайдиган ой

Азиз ватандошлар! Аввало, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакиллиги, устоз ва уламолар номидан барчангизни Рамазон ойи билан муборак этаман! Илоҳо, ойларнинг султони бўлган Рамазон ҳар галгиданда файзли ва баракали бўлсин!
 

Рамазон – бу мусулмонларнинг энг улуғ ойи бўлиб, у Аллоҳ таолонинг марҳамати ва баракаси ёғиладиган, савоблар кўпаядиган, дуо ва тавбалар қабул бўладиган мўътабар ойдир. Ушбу ойни чин дилдан эъзозлаб ўтказиш, рўза тутиш, Қуръон ўқиш, хайр-эҳсон қилиш ва яхшиликни кенг ёйиш ҳар бир мусулмон учун шарафдир.


Рамазон ойининг улуғлигини тасдиқловчи оятлар ва ҳадисларда унинг фазилатлари алоҳида таъкидланган. Аллоҳ таоло Қуръонда шундай марҳамат қилади:


“Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган” (Бақара сураси, 185-оят).


Бу ой Аллоҳ таоло томонидан мўминларга раҳмат сифатида юборилган бўлиб, унда Қуръон нозил бўлган. Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Рамазон ойининг улуғлиги ҳақида шундай марҳамат қилганлар:


“Рамазон рўзасини иймон ва савоб умидида тутган одамнинг ўтган гуноҳлари кечирилади”.


Бу ҳадисдан ҳам кўриниб турибдики, Рамазон мусулмонларга гуноҳлардан покланиш, қалбини тозалаш ва Аллоҳнинг раҳматига эришиш имкониятини беради.


Рамазон – бу фақат оч ва ташна юриш ойи эмас, балки мўминларнинг ўзини тарбия қилиш, гуноҳлардан тийилиш ва жамиятга фойда келтириш вақти ҳамдир. Айниқса, хайр-эҳсон қилиш бу ойда алоҳида аҳамият касб этади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида барча одамларга меҳрибон бўлиб, саховатда барчага намуна бўлганлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:


“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг саховатли инсон эдилар. Рамазонда Жаброил алайҳиссалом у зотнинг ҳузурларига келадиган пайтларда эса янада сахий бўлиб кетардилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларга эсувчи шамолдан ҳам тезроқ сахийлик қилишга шошардилар” (Бухорий ва Муслим ривояти).


Бу ҳадисдаги тасвир Пайғамбаримизнинг хайр-эҳсон қилишдаги шижоат ва меҳрибонликларини очиқ-ойдин намоён этади.


Тарихда Рамазон ойида хайр-эҳсон қилиб, одамларга фойда келтирган буюк инсонлар жуда кўп бўлган. Бир неча ибратли воқеалар:


Муалло ибн Фазл айтадилар: “Солиҳ зотлар Рамазон ойи киришидан олти ой олдин Аллоҳ таолодан Рамазон ойига етказишини сўраб дуо қилар эдилар. Рамазондан кейинги беш ой мобайнида Рамазон ойида қилган ибодатлари ва солиҳ амалларини қабул қилишини илтижо қилиб сўрардилар”.


Имом Заҳабий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Ҳаммод ибн Абу Сулаймон сахий бой киши эди. Рамазон ойида ҳар куни юз кишига ифторлик қилиб берарди. Ийд намози ўқиб бўлингандан сўнг уларнинг ҳар бирига юз дирҳамдан эҳсон берарди”.


Бу каби ибратли ҳолатлар бугунги кунда биз учун ҳам намунадир. Агар ҳар бир мусулмон қўлидан келганича одамларга яхшилик қилса, жамият янада аҳил ва баракали бўлади.


Рамазон ойи – бу нафақат рўза тутиш, балки инсонийлик, саховат ва эзгулик ойидир. Ҳар бир мўмин бу ойда имкон қадар Қуръон ўқиб, Аллоҳга яқинлашиши, хайр-эҳсон қилиб, муҳтожларга ёрдам бериши, оиласи, қўшнилари ва жамият учун фойдали ишларни қилишга ҳаракат қилиши лозим.


Бу ойда қилинган ҳар бир яхшилик, озгина садақа ва ҳатто бировга меҳр билан муомала қилиш ҳам катта савобларга сабаб бўлади. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтганлар: Кимки рўзадорни ифтор қилдирса, бас, унга унинг савоби мислича берилур (Имом Байҳақий ривояти).


Шундай экан, ушбу муборак ойда вақтимизни беҳуда ўтказмасдан, ибодат ва яхшиликлар билан банд бўлайлик. Аллоҳ таоло барчамизни Рамазон ойининг баракаларидан баҳраманд қилсин!

Убайдуллоҳ Абдуллаев,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби

Рамазон
Бошқа мақолалар
Мақолалар

ТАОМЛАНИШ  СИРЛАРИ (7-қисм)

11.03.2025   2957   11 min.
ТАОМЛАНИШ  СИРЛАРИ (7-қисм)

ТАОМЛАНИШ  СИРЛАРИ (7 қисмдан иборат)ни

УЛУҒ  УСТОЗ  УЛАМОЛАРИМИЗ  баён  қилиб  берганлар:

     (7-қисм)

ТАОМЛАНИШДА

  1. овқатланаётганда таомни одоб билан тановул қилиш;
  2. ўнг қўл билан еб-ичиш;
  3. таомни ўзига яқин жойдан, ўз олдидан ейилади;
  4. овқатланишдан олдин туз ялашлик;
  5. мевани қайси тарафдан олса ҳам, зарари йўқ;
  6. дастурхонга тушган нон увоқларини, ушоқ ва гуруч каби нарсаларни одоб ва эҳтиром билан териб ейиш;
  7. таомни совутиброқ истеъмол этиш, чунки иссиқ-қайноқ таомда барака бўлмайди;
  8. таом уч бармоқ – бош, ишора ва ўрта бармоқлар ёрдамида ейилади. Икки бармоқда таом ейиш такаббурлик аломатидир;
  9. икки киши бирга овқатланганда бири иккинчисидан берухсат дастурхондаги таом ёки мевалардан иккитадан олиб ейиши мақбул эмас;
  10. таомни айбламаслик;
  11. иштаҳа бўлса – ейилади, бўлмаса – тарк этилади;
  12. таом сузилган лаганнинг ўртасидан эмас, атрофидан емоқлик, зеро ўртасига барака ёғилиб туради;
  13. «Устида кўп қўл бўлган овқат – Аллоҳ ҳузурида овқатларнинг севимлисидир»
  14. узоқ туриб қолган таомни емаслик;
  15. оғизга кетма-кет луқма ташланмайди;
  16. кўпчилик олдига чиқувчи кишиларнинг хом пиёз, саримсоқ каби бадбўй нарсаларни истеъмол қилишлари одобга тўғри келмайди;
  17. луқмалар ўртача катталикда олинади;
  18. оғиздаги таомни ютмай туриб, идишга қўл узатилмайди;
  19. тишланган таом идишга қайтариб қўйилмайди;
  20. таомни ҳидлаб кўрилмайди;
  21. таом устида нафас олинмайди;
  22. луқмани олиб бораётганда оғиз катта очилмайди;
  23. таом ейилаётган қўл коса ёки товоққа, дастурхонга силкитилмайди;
  24. тик турган ҳолда таом ейилмайди;
  25. қуюқ таомларни чайнаганда товуш чиқармасдан чайнашлик;
  26. суяк ёки пайларни қисирлатиб чайнамаслик;
  27. овқатдан чиққан суяк ёки бошқа нарсаларни дастурхонга қўймаслик;
  28. дастурхон атрофида тиш ковламаслик лозим;
  29. қуюқ овқатларни қўлда еган маъқул;
  30. овқатга ҳам ҳурмат кўрсатилади;
  31. яхши пишмаган овқат ёмонланмайди;
  32. қошиқ билан таомланишда ҳам тоқ сонга риоя қилган яхши;
  33. қошиқни тўлдириб овқат ейилмайди;
  34. қошиқдаги шўрва ёки бошқа овқатлар кийимга томмаслиги керак;
  35. таомланишда оғиз идишга яқин олиб борилмайди;
  36. қошиқ оғизга бутунлай солинмайди;
  37. овқатланиш вақтида беҳуда гаплар айтилмайди;
  38. овқат умумий идишдан ейиладиган бўлса, ҳамма ўз олдидан олиб ейди;
  39. овқат иссиқ ҳолда ейилмайди;
  40. суюқ овқатни овоз чиқариб, хўриллатиб ичмаслик;
  41. овқатни қошиқ билан ичишда уни тўлдириб юборилмайди, жуда кам ҳам олинмайди;
  42. доналаб санаб ейиладиган нарсалар тоқ ейилади;
  43. имкони борича қошиқ билан эмас, балки қўл билан овқатланишлик;
  44. ноннинг барча бўлакларини қолдирмасдан ейишлик;
  45. ноннинг юзини ва четларини еб, ичини эса емаслик нонга ҳурматсизлик ҳисобланади;
  46. луқмани кичик қилишлик;
  47. яхшилаб чайнаб ейишлик;
  48. бир луқмани то яхши чайнаб ютмагунча, асло иккинчи луқмани тишламаслик;
  49. овқат ер экан, оғизни катта очмаслик;
  50. таом ейилаётганда қўлини (нг ёғини) баданига ва ё кийимига артмаслик;
  51. бирга овқатланаётганларнинг юзларига, қўлларига ва ё оғизларига, луқмаларига зинҳор-базинҳор қарамаслик;
  52. ён-атрофдагиларга азият қилмаслик, халақит-озор бермаслик ва безовта қилмаслик;
  53. тирсакларга таянмаслик ва кенг қўймаслик;
  54. нонни ҳам, гўштни ҳам иложи борича пичоқсиз бўлишлик;
  55. таом ер экан бир луқмани қўлига олганида товоқ устига энгашмаслик;
  56. луқмани оғзига солгач, қўлини товоқ четига суртмаслик ва ё ичига қоқмаслик;
  57. сиркали овқатдан бир луқмани ёғли (бошқа) бир овқатга аралаштирмаслик;
  58. таом ичидаги суяк ва данакларни оғзига теккизгач, қайта товоқ ё коса ичига солмаслик, қўймаслик;
  59. тишлаган нон ва ё гўшт парчасини шўрва ёки бошқа овқатларга солмаслик;
  60. қошиқни товоққа қаттиқ ташламайди;
  61. овқат қолдиқлари бўлиши ҳамда бу қолдиқлар товоққа томиши мумкинлигини инобатга олиниб, қошиқ товоққа тўнкариб қўйилади;
  62. қўлнинг мойини нонга, гарчи уни емоқчи бўлса-да, артмаслик зарур;
  63. ёғли луқма ва гўшт парчасини сиркага ботирмасдан, балки нон сиркага ботирилиб, устига гўшт қўйилиб, кейин ейилади;
  64. иликни зарб иблан нон сиртига ёки юзига, товоққа ва дастурхонга урмаслик керак;
  65. овкат маҳали кишини нафратини қўзғайдиган чиркин, беҳаё, бемаъни гап-сўзларни сўзламаслик;
  66. кўпчилик бўлиб овқатланилаётганда, биродарларининг аҳволини тушуниб, фикр қилган ҳолатда (кам) ейишлик. Ёлғиз ўзи бўлган чоғда ҳам ғариблар, мискинлар ҳолини кўз олдига келтириб, кам овқатланишлик ва ортган овқатни ғариб, эҳтиёжи борларга тақдим этмоқлик;
  67. нонхурушсиз ноннинг ўзини емоқлик;
  68. тик туриб ва юриб овқат емаслик;
  69. ёнбошлаб овқатланмаслик;
  70. ҳаддан зиёд тўйиб овқат емаслик;
  71. қўл дастурхонга артилмайди;
  72. овқатлангандан сўнг дастурхондаги ушоқлар териб ейилади;
  73. овқатланишни туз билан тугатмоқ;
  74. мезбон овқатланишни меҳмонлардан сўнг тугатиши лозим;
  75. кўпчилик бўлган (тўй ва шу каби маросимлар)да эса мезбон меҳмонларни кузатиб бўлгандан сўнг овқатланади.

 

ИЧИМЛИК  ИЧИШ:

  1. овқат пайтида сув, чой каби ичимликларни кўп ичмаслик;
  2. таомга, ичимликка зинҳор пуфланмайди;
  3. таомни хўриллатиб, шапиллатиб ё турли овозлар билан истеъмол қилинмайди;
  4. тик турган ҳолда имкон қадар ичимлик ичмаган маъқул (фақат Зам-зам суви ёки таҳоратдан ортиб қолган сув тик турган ҳолда, Қиблага юзланиб ичилади);
  5. ичимликлар ўтирган ҳолда «Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим» билан ичилади;
  6. ичиб бўлгач, «Алҳамдулиллоҳ! Худога шукр!» дейилади;
  7. ичимлик идиши оғзи ёпиладиган бўлиши керак;
  8. сув идишини оғиздан ташқари тутиб ичилади;
  9. сув ичаётганда бирданига симирмай, бир нафасда эмас, балки секин-секин, уч бора танаффус билан бўлиб ичиш афзал;
  10. сув уч нафас билан ичилади. Ҳар нафасда лаб идишдан олинади. Биринчи нафасда бир ҳўплам, иккинчи нафасда уч ҳўплам, учинчи нафасда беш ҳўплам ичилади;
  11. ичилаётган сувга туфламаслик;
  12. меш, пақир ёки бошқа идишларнинг оғзидан ичилмайди;
  13. сой-дарёларга ётиб сув ичилмайди;
  14. сувга нафас урилмайди;
  15. сув ичишдан аввал идишдаги сув обдон назоратдан ўтказилади. Унинг ичида хас ва бошқа нарсалар бўлмаслиги керак. Агар қоронғи бўлса, идиш лабига бирор дока қўйиб сув ичилади;
  16. оғиз ва қўл ёғли бўлса, кўза ёки обдастани мой қилмаслик керак. Агар сув идишини ушлашга мажбур бўлса, жимжилоқ ва узук бармоқ билан ушлаган маъқул. Идишнинг дастаси бўлмаса, аввал ёғли қўлни артиб олиш тавсия этилади;
  17. бошқаларни сув билан сийлаган киши ўзи охирида ичади;
  18. дуч келган, тасодифий кишидан сув сўраш тўғри эмас;
  19. ичимликка, иссиқ овқатга пуфланмайди, балки ковлаб совутиш ё совушини кутиб сабр қилинади;
  20. сув берувчини хайрли дуо қилиш керак.

 

ОВҚАТЛАНГАНДАН  КЕЙИН

  1. таомлангандан кейин «Алҳамдулиллоҳ», «Худога шукр!» деб, Аллоҳга шукр қилиш;
  2. овқатланиб бўлгандан сўнг, қўлни ялаб, сўнг сочиққа артилади. Ювиб, кейин артиш ҳам мумкин;
  3. ёғли идишлар ялаб қўйилади;
  4. қўлни артишдан олдин бармоқларни яхшилаб ялаш;
  5. овқатланиб бўлингач, олдин овқат идишларини, таом еган бармоғларини ялаб, кейин қўллар ювилади ва сочиққа артилади;
  6. таом ейилган товоқни ялаб тозалаб қўйилади;
  7. мўмин кишидан қолган таомни емоқлик;
  8. овқатланиб бўлингач, дастурхон олдидан ёшлари ёшроқлар бошқалардан бир оз олдинроқ туриб, ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамларга хизмат қиладилар;
  9. ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар ўрниларидан турганларида, дастурхон ёнидан четланиб, улар хонадан чиқиб кетганларидан кейингина яна қайта ўз ўрнига ўтириш мумкин;
  10. берган неъматлари учун Яратганга шукрона айтиб, таом эгаларига, тайёрлаганларга миннатдорчилик изҳор этиб, ҳақларига дуо қилиб, кейин дастурхон атрофидан турилади;
  11. дастурхон олдидан туриб кетар экан, очу наҳор бўлганлар, овқат тополмай хор-зор, сарсон-саргардон юрганларни эслаб, шундай ҳолга солиб қўймагани учун Аллоҳ таолога беҳисоб шукрлар айтиб, эҳтиёжмандларга эҳсон қилишлик;
  12. дуо қилинмасдан туриб кетилмайди;
  13. таом егандан сўнг тиш тозалагич чўп билан тишлар орасини тозалашлик;
  14. дастурхон атрофида тишлар орасини тозаламаслик;
  15. мабодо борди-ю дастурхон атрофида тишлар орасини тозалашга зарурат туғилиб қолса, қўлларини, тиш тозалагич чўпни дастурхонга ё сочиққа артмаслик;
  16. тишлар орасини тозалар экан, чиққан (овқат қолдиқлари)ни емаслик;
  17. овқатлангандан сўнг идишлар ювиб тозаланади;
  18. овқатлангандан кейин икки қўлни бўғимигача уч марта ювиб, оғизни чайиш лозим;
  19. Аллоҳ таолонинг зикри ва неъматлари шукронасидан ғофил бўлмаслик;
  20. овқат ҳазм бўлмагунча ётмаслик.

 

ЧОЙХОНА  (ВА ШУ КАБИ ЖОЙ)ЛАРДА:

  1. кўнгли тортса, мўмин кишидан қолган таомни емоқлик;
  2. бир кишилик таомни икки киши ейдиган бўлиб қолса, бунга монеъ бўлмаслик;
  3. тўланиб овқатланадиган жой (чойхона ва шу каби) ларда “ким таклиф қилса, барча харажатларни ўз зиммасига олади” деган қоида қўлланилади; лекин орада ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар бўлишса, тўловни ўзини ҳурмат қилганлар ўз зиммаларига оладилар ва тўлаган маблағ тўғрисида мутлақо оғиз очмайдилар;
  4. агар “сизни таклиф қиламан” ёки "мен сизларни таклиф қиламан" деган ибора эшитилса, демак шуни айтган киши тўлайди;
  5. агар "борайлик" дейилса, унда ҳамма ўз-ўзига тўлайди; агар қандайдир тарзда молиявий иштирок этишни истаган киши ўз ҳиссасини ҳам қўшгани афзал;
  6. кўпчилик бўлган жойда бирор узри бўлмаса, таомга дуо қилинмагунча ўрнидан қўзғалмагани маъқул;
  7. икки киши бир товоқда шерик бўлса, навбат билан тоқ, яъни бир ёки уч қошиқдан таомланади;
  8. мабодо туриб кетиш зарурати туғилиб қолса, ҳолатга қараб, аввало ёнидагилардан, сўнг дастурхон атрофидаги улуғ (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одам) лардан ҳамда йиғин эгаларидан узрини айтиб, кечирим сўраб, ижозат сўраб турилади.

 

  • “Ҳамма нарса ҳам оиладан бошланади” – дейди доно халқимиз...
  • Демак, оиланинг раҳбарлари – ОТА-ОНАЛАР “фарзандлар тарбияси” номли “ҳаёт университети”да машаққатли ва шарафли, оғир ва савобли, сермаҳсул ва олижаноб вазифада масъул саналади.  
  • Оила аъзоларига овқатланиш одобларини айтиб туриш, дастурхон атрофида ўзаро яхши мулоқотда бўлиш, ўрни билан ёшларнинг камчиликларини билдириб қўйиш – катталарнинг бурчидир.
  • Хусусан, нон ва озиқ-овқатларни истеъмол қилиш тартибларини, нон ва нон маҳсулотларини исроф қилмасликни ўргатиш ва талаб этишдан ҳеч бир ота-она чарчамаслиги даркор.
  • ҲАЁТ номли "Университет"нинг "тилло дипломи"га эга бўлган,

ТАЖРИБА номли "Олий ўқув юрт"нинг "бриллиант сертификати"ни қўлга киритган ва

АҚЛ номли "Институт"нинг "гавҳар ҳужжати"ни эгаллаган

оқил ва доно ОТА-ОНАЛАРИМИЗ ҳамиша ёшларимиз учун ПРОФЕССОР бўлиб қоладилар...

 

Меҳрибон Парвардигоримиз ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Ўзи буюрган, Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизнинг руҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин! 
 


Иброҳимжон домла Иномов

Ибратли ҳикоялар