Азиз ватандошлар! Аввало, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакиллиги, устоз ва уламолар номидан барчангизни Рамазон ойи билан муборак этаман! Илоҳо, ойларнинг султони бўлган Рамазон ҳар галгиданда файзли ва баракали бўлсин!
Рамазон – бу мусулмонларнинг энг улуғ ойи бўлиб, у Аллоҳ таолонинг марҳамати ва баракаси ёғиладиган, савоблар кўпаядиган, дуо ва тавбалар қабул бўладиган мўътабар ойдир. Ушбу ойни чин дилдан эъзозлаб ўтказиш, рўза тутиш, Қуръон ўқиш, хайр-эҳсон қилиш ва яхшиликни кенг ёйиш ҳар бир мусулмон учун шарафдир.
Рамазон ойининг улуғлигини тасдиқловчи оятлар ва ҳадисларда унинг фазилатлари алоҳида таъкидланган. Аллоҳ таоло Қуръонда шундай марҳамат қилади:
“Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган” (Бақара сураси, 185-оят).
Бу ой Аллоҳ таоло томонидан мўминларга раҳмат сифатида юборилган бўлиб, унда Қуръон нозил бўлган. Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Рамазон ойининг улуғлиги ҳақида шундай марҳамат қилганлар:
“Рамазон рўзасини иймон ва савоб умидида тутган одамнинг ўтган гуноҳлари кечирилади”.
Бу ҳадисдан ҳам кўриниб турибдики, Рамазон мусулмонларга гуноҳлардан покланиш, қалбини тозалаш ва Аллоҳнинг раҳматига эришиш имкониятини беради.
Рамазон – бу фақат оч ва ташна юриш ойи эмас, балки мўминларнинг ўзини тарбия қилиш, гуноҳлардан тийилиш ва жамиятга фойда келтириш вақти ҳамдир. Айниқса, хайр-эҳсон қилиш бу ойда алоҳида аҳамият касб этади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида барча одамларга меҳрибон бўлиб, саховатда барчага намуна бўлганлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг саховатли инсон эдилар. Рамазонда Жаброил алайҳиссалом у зотнинг ҳузурларига келадиган пайтларда эса янада сахий бўлиб кетардилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларга эсувчи шамолдан ҳам тезроқ сахийлик қилишга шошардилар” (Бухорий ва Муслим ривояти).
Бу ҳадисдаги тасвир Пайғамбаримизнинг хайр-эҳсон қилишдаги шижоат ва меҳрибонликларини очиқ-ойдин намоён этади.
Тарихда Рамазон ойида хайр-эҳсон қилиб, одамларга фойда келтирган буюк инсонлар жуда кўп бўлган. Бир неча ибратли воқеалар:
Муалло ибн Фазл айтадилар: “Солиҳ зотлар Рамазон ойи киришидан олти ой олдин Аллоҳ таолодан Рамазон ойига етказишини сўраб дуо қилар эдилар. Рамазондан кейинги беш ой мобайнида Рамазон ойида қилган ибодатлари ва солиҳ амалларини қабул қилишини илтижо қилиб сўрардилар”.
Имом Заҳабий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Ҳаммод ибн Абу Сулаймон сахий бой киши эди. Рамазон ойида ҳар куни юз кишига ифторлик қилиб берарди. Ийд намози ўқиб бўлингандан сўнг уларнинг ҳар бирига юз дирҳамдан эҳсон берарди”.
Бу каби ибратли ҳолатлар бугунги кунда биз учун ҳам намунадир. Агар ҳар бир мусулмон қўлидан келганича одамларга яхшилик қилса, жамият янада аҳил ва баракали бўлади.
Рамазон ойи – бу нафақат рўза тутиш, балки инсонийлик, саховат ва эзгулик ойидир. Ҳар бир мўмин бу ойда имкон қадар Қуръон ўқиб, Аллоҳга яқинлашиши, хайр-эҳсон қилиб, муҳтожларга ёрдам бериши, оиласи, қўшнилари ва жамият учун фойдали ишларни қилишга ҳаракат қилиши лозим.
Бу ойда қилинган ҳар бир яхшилик, озгина садақа ва ҳатто бировга меҳр билан муомала қилиш ҳам катта савобларга сабаб бўлади. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтганлар: Кимки рўзадорни ифтор қилдирса, бас, унга унинг савоби мислича берилур (Имом Байҳақий ривояти).
Шундай экан, ушбу муборак ойда вақтимизни беҳуда ўтказмасдан, ибодат ва яхшиликлар билан банд бўлайлик. Аллоҳ таоло барчамизни Рамазон ойининг баракаларидан баҳраманд қилсин!
Убайдуллоҳ Абдуллаев,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қадр кечаси борасида: “У 27-ёки 29-кечадир. Ушбу кеча ерда фаришталар сони майда тошлардан ҳам кўп бўлади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Бу кеча Қуръони карим нозил этила бошлаган. “Албатта, Биз У (Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик” (Қадр сураси, 1-оят).
Бу кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ухламай, тунни ибодат билан ўтказардилар.
Бу кеча “...минг ойдан яхшироқдир” (Қадр сураси, 3-оят).
Бу кеча қилинган амаллар 1000 ойда қилинган амаллардан афзал ва савоби кўпдир.
Бу кеча фаришталар тинимсиз мўмин-мусулмонлар ҳаққига салавот ва саломлар айтишади.
Бу кеча ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Лайлатул Қадр кечасини иймон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача содир этган барча гуноҳлари мағфират қилинади”, (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти) деганлар.
Бу кеча Аллоҳ таоло бедор бўлувчи бандаларини бошқа ойлардан кўра кўпроқ ажру савоблар билан мукофотлайди.
Бу кеча иссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлмайди. Унинг тонгида қуёш қизғиш бўлиб чиқади.
Бу кечада қуёш чиққунига қадар тинчлик ва сокинлик ҳукм суради. "У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир" (Қадр сураси, 5-оят).
Бу кеча ҳақида Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Ё Расулуллоҳ агар Қадр кечасини топишга муваффақ бўлсам нима деб дуо қилай?” деб сўрадилар.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дуони ўқишни айтдилар:
اللَّهُمَّ إِنَّكَ عَفُوٌّ كَرِيمٌ تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي
Ўқилиши: “Аллоҳумма иннака аъфуввун кариймун туҳиббул аъфва фаъфу аънний”
Маъноси: “Аллоҳим, албатта, Сен кечиргувчисан, кечиришни яхши кўрасан. Гуноҳларимни кечиргин” (Имом Термизий ривояти).
Бу кечада қилинган амаллар салкам 84 йил бетўхтов қилинган ибодатга тенг. 84 йил эса тахминан 30 минг-у 295 кунга тенг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимнинг умрлари олтмиш билан етмиш ўртасидадир. Озларигина ундан ташқарида бўладилар”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Бу кеча гина-адоват, нафрат-аразлар, хафагарчиликлар унутиладиган, ҳамма бир-биридан розилик ҳамда кечирим сўрайдиган кечадир.
Бу кеча барча мўмин-мусулмонларга муборак бўлсин! Фазилатли ой ва муборак куннинг фазилатидан Аллоҳ таоло тўлиқ баҳраманд этсин!
Даврон НУРМУҲАММАД