Юртбошимизнинг муборак Рамазон ойини муносиб кутиб олиш ва юқори савияда ўтказиш тўғрисидаги қарорига биноан бу йилги қутлуғ ой “Рамазон – саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи” шиори остида ўтказилмоқда.
Зеро, бағрикенглик – турли миллат ва дин вакилларининг бир заминда ўзаро иноқ ва ҳомкор бўлиб яшашларини англатувчи тушунчадир. Юртимизда 16 диний конфессия, 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир осмон остида, бир заминда, бир ҳаводан нафас олиб, ҳамжиҳат бўлиб, бир мақсад сари ҳаракат қилиши бағрикенглик, тотувлик, ҳамкорлик каби тушунчаларнинг юртимиздаги ифодасидар.
Дини, миллати, ирқи, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар дунёдаги инсонларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари тенгдир. Ислом дини таълимотидан келиб чиқиб, аждодлар шундай йўл тутган ва бизларга ҳам шундай ўргатганлар.
Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак ва бир аёлдан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишинглар учун сизларни турли-туман халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик”, дея марҳамат қилган.
Шу муносабат билан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов ва Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари Фарход ака Кушаковлар Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи жисмоний имконияти чекланган, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд, кам таъминланган турли диний конфессия вакиллари ҳолидан хабар олишиб, улар муборак Рамазон ойи билан қутлашди ва “Вақф” хайрия жамоат фонди вакиллари билан ҳамкорликда уларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатишиб, синиқ кўнгилларга хурсандчилик улашишди.
Бу каби саховат тадбирлари муборак Рамазон ойи охирига қадар давом этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Савол: Саҳарлик қилиш қандай амал?
Жавоб: Саҳарлик қилиш мустаҳаб амалдир. Саҳарлик қила олмаган киши субҳи содиқдан то қуёш ботгунча ҳеч нарса еб-ичмасдан рўза тутса, рўзаси дуруст бўлаверади. Рамазон рўзаси бўлса ҳам, нафл рўза бўлса ҳам.
Савол: Билмай субҳи содиқдан кейин таомланса, рўза дуруст бўлаверадими?
Жавоб: Йўқ, дуруст бўлмайди. Рўза субҳи содиқдан қуёш ботгунча Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш ниятида еб-ичиш ва жимоъ қилишни тарк қилишдир. Киши ҳали субҳи содиқ кирмади, деган ўйда саҳарлик қилсаю, субҳи содиқ кириб бўлган бўлса ёки қуёш ботиб бўлди, деган хаёлда ифторлик қилиб юборсаю, қуёш ҳали ботмаган бўлса, унинг зиммасига ўша кун рўзасининг қазоси лозим бўлади, каффорат эмас.
Савол: Саҳарликнинг охирги вақти қачон?
Жавоб: Субҳи содиқ кириши билан саҳарлик вақти тугаб, рўза вақти бошланади. Иккисининг ўртасини ажратиб турадиган учинчи бир вақт йўқ. Саҳарлик ўз вақтида бўлгани афзал. Лекин субҳи содиқ кирган-кирмагани борасида иккиланадиган даражада кечиктириш макруҳ.
Савол: Халқ орасида юрадиган «оқ ип билан қора ип ажрамагунча», «кесак отса кўринмагунча саҳарлик қилса бўлади» деган гаплар тўғрими?
Жавоб: Ояти каримада саҳарлик борасида келган «оқ ип билан қора ип» жумласида одамлар ўйлаганидек ҳақиқий оқ ва қора иплар эмас, балки «кун билан тун» назарда тутилган. Бир саҳобий бу ҳақда сўраганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оятдаги оқ ва қора ипдан мурод ҳақиқий оқ ва қора ип эмас, балки кун билан тун эканини айтганлар.
Кесак отса кўриниш-кўринмаслиги туннинг ёруғ ёки қоронғулигига боғлиқ. Лекин ҳозирги кундагидек барча жойда электр чироқлар, соатлар мавжуд замонда субҳи содиқ кирган-кирмаганини бу каби йўллар билан аниқлаш тўғри натижа бермайди.
«Мўминнинг қалқони» китобидан