Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлик вазифаларидан бири инсонларнинг ахлоқларини комилликка етказишдан ҳам иборат. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта мен карамли хулқларни камолга етказиш учун юборилдим”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Замонавий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқларига эргашиш нафақат нариги дунёда, балки мана шу дунё ҳаётида ҳам фойда келтиради.
Лос-Анжелесдаги UCLA университети мутахассислари яхши хулқ-атвор инсон умрини узайтиришини илмий жиҳатдан исботлади. “Бедари” фондининг 20 миллион долларлик гранти ҳисобидан молиялаштирилган илмий дастур муаллифи жаноб Фесслер бу масалада жиддий тадқиқот ишларини олиб борди.
Маълумки, яхши хулқ-атвор бизнинг фикрларимиз, ҳис-туйғуларимиз ва эътиқодимизда намоён бўлади. Илмий лойиҳа доирасида антропологлар одамларда меҳр-оқибат хусусиятлари ирсий йўл билан қандай ўтишини, социологлар ғазабланган одамларни ижобий ҳис-туйғуларга қандай йўналтириш мумкинлигини, психологлар эса яхши кайфият руҳиятга қандай таъсир қилишини ва депрессия аломатларини камайтиришни ўрганишди.
Тадқиқот натижаларига кўра, олимлар томонидан қилинган хулоса шуни кўрсатадики, меҳрибонлик, хайрихоҳлик, мулойимлик, яхши сўзлилик ҳаёт сифатига ва унинг давомийлигига таъсир қилади. Гўзал ахлоқли инсоннинг умри нисбатан узоқ бўлиши тадқиқотда аниқланди.
Айтиш керакки, гўзал ахлоқ ислом динининг асосидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминларнинг иймони энг мукаммали хулқи гўзал бўлганларидир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Бадбахтлик нима”, деб сўрашди. У зот: “Ёмон хулқ”, деб жавоб бердилар (Имом Аҳмад ривояти).
Яна бир ҳадиси шарифда: Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг менга энг маҳбубингиз, Қиёмат куни менга энг яқин ўтирадиганингиз ҳусни хулқлигингиздир. Сизларнинг менга энг ёқмайдиганингиз, Қиёмат куни мендан энг узоқ ўтирадиганингиз сергап, тили узун ва мутафайқиҳингиздир”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, сергап ва тили узунни биламиз, мутафайқиҳлар кимлар?”, дейишди. “Мутакаббирлар”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: “Албатта, одамларга гўзал хулқдан афзалроқ нарса берилмаган” (Имом Табароний ривояти).
Бошқа бир ҳадисда, сизларнинг орангизда менга суюклироғингиз ва Қиёмат кунида менга яқинроқ бўладиганингиз ахлоқи гўзалларингиздир, дейилган (Имом Табароний ривояти).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Аллоҳ, хилқатимни гўзал қилганингдек, хулқимни ҳам гўзал қилгин”, деб дуо қилардилар (Имом Аҳмад ривояти).
Яхши хулқ инсоннинг энг қимматли фазилати бўлиб, унинг шарофати билан жамият кўз олдида ҳақиқий мард, манфаатли одам намоён бўлади. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга кўп фазилатларни ато этган, бироқ У зот ўз Расулининг гўзал хулқларини бошқаларидан кўра кўпроқ мақтаган: “ Албатта, сиз улуғ Хулқ устидадирсиз” (Қалам сураси 4-ояти).
Шу билан бирга, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг феъл-атвори барча олдинги пайғамбарларнинг олийжаноб фазилатларини, Нуҳ алайҳиссаломнинг шукрини, Иброҳим алайҳиссаломнинг дўстлигини, Мусо алайҳиссаломнинг самимийлигини, Исмоил алайҳиссаломнинг содиқлигини, Айюб ва Ёқуб алайҳумуссаломнинг сабр-тоқатини, Довуд алайҳиссаломнинг одамлардан беҳожатлигини, Сулаймон алайҳиссаломнинг ҳаёсини, Исо алайҳиссаломнинг зоҳидлигини ҳамда бошқа барча пайғамбарларнинг ахлоқий фазилатларини ўзида мужассам этган.
Ғулом домла ЖУМАНОВ,
Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани
бош имом-хатиби
Одамлардан бири Зуннундан “Кимни дўст тутай?” – деб сўради. У: “Касал бўлсанг шифо берадиган, гуноҳга қўл урсанг уни кечириб юборадиган, сўрасанг берадиган ва унинг ёрдамига муҳтож бўлсанг сенга ёрдам берадиган Зотни дўст тут!” – деди.
Аллоҳ таолодан ўзга дўст борми?! Саждага борган пайтингиз ишларингизни махфий тарзда Роббингизга айтинг. Зеро, У Зот махфий нарсалардан ҳам хабардордир. Атрофдагилардан уни махфий тутинг, чунки муҳаббат ошкор айтилмайди. Муҳаббатингизни кечалари таҳажжудларда, саҳар вақтлари намозларингизда изҳор этинг.
Айрим одамлар динни “Буни қил!”, “Буни қилма!” каби буйруқлар ва тақиқлардан ёки ҳалол ва ҳаром тушунчаларининг жамланмаси деб билишади ва барисининг устида Аллоҳ ва Расулига бўлган муҳаббат туришини унутиб қўйишади. Ишнинг боши – муҳаббатдир. Муҳаббат йўқолса, тоату ибодатларнинг бари кишини диндор мусулмонга айлантира олмайди.
Агар сиз Аллоҳга муҳаббат даъвосида бўлсангиз, бу муҳаббатингизни ҳаётингиз давомида кўрсатинг. Гап-сўзингиз, юриш-туришингиз ва амалларингизда ҳам Аллоҳга бўлган муҳаббатингиз акс этиб турсин.
Ривоят қилинишича, бир киши сафарда соҳибжамол аёлга йўлиқиб қолибди. Ва унга қарата: “Сен мени бутунлай ўзингга ром этдинг. Менинг бутун хаёлим сен билан банд”, дебди. Аёл ҳам: “Агар айтганингиз рост бўлса, борим сизга фидо бўлсин. Аммо менинг бир офатижон синглим бор. Мендан анчайин чиройли. У ортингизда турибди. Агар истасангиз иккимиздан биримизни танлашингиз мумкин”, дебди. Киши дарҳол ортига ўгирилибди. Шунда аёл унинг юзига бир тарсаки туширибди ва: “Қорангни кўрмай! Фирибгар, алдоқчи! Мени севаман деб, бошқасига кўз олайтирасанми?! Менинг олдимга ялиниб келиб, ошиқлигингни айтдинг. Сени синовдан ўтказгандим. Учига чиққан ёлғончи экансан!” – дебди. Шунда у кўзларига ёш олиб, ўзига-ўзи шундай дебди: “Бир яратиқнинг муҳаббатини даъво қилиб, ундан юз ўгирганим учун юзимга тарсаки тушди... Неча марталаб Яратган Зотга ошиқлик даъвосини қилиб, ундан юз бурдим. Ундан бошқаси билан овораю сарсон бўлдим. Қалбимга урилган шапалоқни пайқамай қолибман... Наҳотки, мен қалби қопланиб қоладиган даражага етган бўлсам-а?!” деган экан. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: «Йўқ (ундай эмас)! Балки, уларнинг дилларини ўзларининг қилмишлари (гуноҳлари) қоплаб олгандир»[1].
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Мутоффифун сураси, 14-оят.