Туркиянинг "ТРТ-Аваз" ва "Самарқанд-ТВ" телеканалларининг муборак Рамазон ойи учун мўлжалланган дастурларида Ўзбекистон тарихий шаҳарлари ҳақидаги кўрсатувлар намойиш этиляпти, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Мазкур телеканалларнинг муборак Рамазон дастурлари учун айнан Ўзбекистонни танлагани бежиз эмас. Чунки, турк халқи мамлакатимизни "Ота юрт" дея эъзозлайди, муштарак миллий ва диний қадриятларимизнинг асосларини Мовароуннаҳрда деб билади.
"ТРТ-Аваз" теканалида намойиш этилаётган "Туркистонда сўзнинг моҳияти", "Самарқанд-ТВ"да тақдим этаётган "Саҳарлик мажлиси" ва "Ифтордан аввал" дастурлари бутун Рамазон ойи давомида "прайм-тайм" вақтида эфирга узатилаётгани эътиборга моликдир.
Қайд этиш керакки, дастурлар давомида мамлакатимизнинг тарихий ва муқаддас диний қадамжолари, Мовароуннаҳрда етишиб чиққан ислом оламидаги машҳур олимлар, шунингдек, сўнгги йилларда юртимиздаги қадимий зиёратгоҳларни асраб-авайлаш ва ободонлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақидаги маълумотлар телетомошабинлар эътиборига тақдим этиляпти.
Мазкур телелойиҳалар мамлакатимизнинг зиёрат туризми салоҳиятини тарғиб қилиш ва юртимизга сайёҳлар оқимини кўпайтириш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
“TimeOut” журнали дунё бўйлаб тажрибали саёҳатчиларнинг фикрларини тўплаб, улар ташриф буюрган энг гўзал жойлар ҳақида сўзлаб берди. Натижада, сайёрамизнинг энг ажойиб гўшаларига йўл кўрсатувчи қўлланма сифатида фойдаланиш мумкин бўлган рўйхат тузилди.
Самарқандга ташриф буюрган саёҳатчилар Регистон майдонини шундай таърифлашади:
"Учта улуғвор иншоот билан ўралган кенг майдон - Регистон Самарқанднинг қадимий қалби, замонавий Ўзбекистондаги Ипак йўли шаҳрининг тимсоли ҳисобланади.
Регистоннинг ХВ-XVII асрларда қурилган учта мадрасаси равоқли пештоқлари, ялтироқ гумбазлари ва баланд миноралари билан манзарани тасвирлаб беради. Улар ғишт, кошин ва мозаикалардан ясалган геометрик нақшлар билан безатилган.
Бу бинолар улуғворлиги ва нафосат уйғунлигида, мафтункорлиги ва меҳмондўстлиги билан ажралиб туради. Қош қорайиши билан эса улар бутун гўзаллигини намоён этиб, нурга бурканадилар".
"ТимеОут" - Лондонда жойлашган халқаро компания бўлиб, дунёнинг 60 та шаҳрида кўнгилочар ва маданий ҳаёт ҳақида айнан шу номдаги ҳафталик журнални нашр этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати