Cавол: Рўзада ифтордан кейин ётишдан олдин рўзага ният қилиб саҳарликка турмаса бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Эртаси куни тутадиган рўзаси дуруст, лекин саҳарлик қилиш суннатини тарк қилган бўлади. Саҳарликнинг савобидан қуруқ қолади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дейдилар: “Саҳарлик қилинглар. Чунки саҳарликда барака бор” (Муттафақун алайҳ).
Демак, саҳарлик билан рўза тутишга одатланиш керак. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, ҳаж делегацияси аъзолари ва Ишчи гуруҳи вакиллари Макка шаҳрида жойлашган Мино ва Арафот водийларида яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Мино водийсида зиёратчилар учун кенг ва текис ҳудуддаги алоҳида чодирлар ажратилган. Улар гиламлар, юмшоқ ўринлар, ёстиқ-чойшаблар, махсус совуткичлар билан жиҳозланган, коммунал хизматлар билан таъминланган ва санитария-гигиена талаблари ҳам инобатга олинган.
Жорий йилдаги қулайлик шуки, делегация талабларига мувофиқ Арафот ҳудудидаги ҳар бир чодир иссиқ ўтказмайдиган замонавий сендвич панеллар билан тўлиқ ўралган ва ёруғлик учун ойналар ўрнатилди. Мазкурларда “Sofa bed” (ёстиқ ва тўшак), “Martaba” (тўшак), совуткич сингари қулайликлар ибодатларни хотиржам адо этишга хизмат қилади.
Шунингдек, уч маҳал иссиқ овқат, мунтазам чой ва салқин ичимликлар билан таъминлаш, тиббий хизмат кўрсатиш учун ҳам барча шароитлар ҳозирланган.
Айниқса, ҳожилар чодирларда вақтларини ғанимат билиб кўпроқ тоат-ибодатда бўлишлари учун таниқли уламоларнинг суҳбатлари, машҳур қориларнинг қироатларини етказиш мақсадида микрофон ва овоз кучайтиргичлар билан етарли даражада таъминланди.
Таъкидлаш жоизки, мўмин-мусулмонларга янада қулай шарт-шароит ҳозирланиб, бу йилги ҳаж мавсуми сифат, мазмун ва хизматлар жиҳатидан энг юқори даражада бўлишига ҳаракат қилинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати