Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Доимо илм йўлида айрим машаққатлар, тўсиқлар ёки чалғитувчи омиллар бўлган. Айниқса, ҳозирда фан-техника ривожланган, илм олишга имкониятлар кенг очилган замонда турли воситалар кишиларни илмдан ўз насибаларини олишларидан тўсиқ бўлмоқда. Натижада, кўпчиликнинг илм таҳсилида сусткашликка йўл қўяётгани ёки эътиборсизлигини кўрасиз. Ҳатто баъзан, илмда маълум даражага етган, лекин ўзидан қониқиш ҳосил қилиб, йўлида тўхтаб қолганлар ҳам бор. Бу ҳолат дунёнинг барча нуқталаридаги ачинарли муаммодир.
Илм йўлидагилардан баъзилари халқаро илмий даража(докторлик)ни қўлга киритгач “чуқур уйқуга” кетадилар. Натижада бу якуний хотима, орзунинг ниҳояси бўлиб, улар “доктор фалон жойга борди..., доктор чиқди..., доктор кирди..., доктор сафар қилди..., доктор қайтди... ва ҳоказолар билан хурсанд бўладилар. Улардан баъзиларининг ҳиммати фақат номзодлик диссертацияси учун ҳаракатланади. Кимни умидларининг чўққиси “устоз”лик бўлса, ва ўзини инсонларнинг энг билимдони санаса, бас у қалам ва китоб билан душман тутинади. Ҳамда ўзини бошқалар устидан бошлиқ деб билади. Бундайларнинг сони кам эмас. Балки мен уларнинг университетлар устозлари орасида кўпчиликни ташкил қилади дейишга ботина оламан. Сиз бундан ўзингизни тийинг.
Тадқиқотчи фарзандларимдан бири мен ҳақимда ўқиб ҳайратлангани мени ушбуларни ёзишга ундади. Ҳайрат билан ҳузуримга келганида унга: “Сен менга эргашишдан тийилгин. Чунки, мен қанча вақтларни зое қилдим, илмда қанча сусткашликларга йўл қўйдим. Илм хизматида бўлишга салоҳиятли эмасман. Бу йўлда ўзим хоҳлаган нарсанинг озгинасинигина юзага чиқара олдим холос” деган эдим ўғлим ҳам, унинг шериги ҳам яна таажжубланди. Мен унга: “Эй ўғилчам, нотўғри таққослаш мағрурликка олиб келади. Биз бошқа уламоларнинг олдида қайдамиз-у... Жоҳиз раҳматуллоҳи алайҳ ўз ҳаёти ҳақидаги бебаҳо ибратли ҳолатни айтган; Абул Аббос Мубаррад айтади: “Мен Жоҳизнинг шундай деганини эшитганман: “Менинг чап томоним фалаж бўлиб қолди. (Фалаж-баданнинг бир қисмида учрайдиган касаллик бўлиб, унда ҳис қилиш ва ҳаракат бўлмайди) Агар уни қайчи билан кесилса ҳам, сезмайман. Ўнг томонимда эса яна оғир дард (Оёқ бармоқлари ва тўпиқ бўғимларининг шиши ва оғриғи. Кўпроқ бош бармоқда шундай бўлади). Агар менга пашша қўнса ҳам қаттиқ оғриқ берарди. Менда тош бўлиб у билан сийдик осонликча келмасди. Мендаги бунданда машаққатлироғи 96 ёшга етганимдир(яъни, қарилик)” деди. У зот турли илмларни жамланган ва ноёб фикрларни қайдланган 4000 саҳифадан зиёд бўлган “ал-Ҳайван” китобини мана шу ҳолатда битган.
Мен талабалар ва аҳли илмларни ўз ҳолларини тўғри қиёслашларига чақираман, ўзларини данкаса, чорасиз кишиларга таққосламасинлар. Балки ўзларини олий ҳимматли, рози бўлинадиган нафс ва англовчи қалб эгалари билан солиштирсинлар. Дарҳақиқат, мен ўз камчиликларимни тафтиш қилдим. Айтдимки: “Вақт энг қимматбаҳо неъмат. Агар илм учун ҳар куни тўрт соат, яшаш ва ундаги ишларга эса йигирма соат ажратсам ундан уч соатини ўқишга, бир соатни эса китоб ёзишга сарфласам бир йил мобайнида ўқиш ва ёзишда қандай натижа ҳосил бўлади?! Ҳар куни ёзиш учун белгиланган вақтда бир бетдан китоб ёзсам бир йилда 365, яъни 400 бетга яқин китоб бўлади. Бу бир йилда энг камида шунча. Эй доктор, эй устоз сиз ҳам ўзингизни шундай текшириб кўрингчи озгина бўлсада шу каби ишни қилганмисиз? Шунда ўзингизни махлуқотларнинг ожизроғи эканингизга ишонч ҳосил қиласиз. Эҳтимол ўзингиздан уяларсиз ва умрингиздан қолган нарсани англаб етарсиз. Мен ишонаманки, бу каби ўзини тафтиш қилиш тавбани, илм талаби ва унинг хизматида Аллоҳ сизни юксалтириб қўйган ўринда камчиликка йўл қўймайслик ва кунлик вазифа риоясида собит туришни тақозо қилади. Ўқиш учун белгиланган вақтда камида ҳар соатда 20 саҳифадан яхши тушуниб ўқисангиз уч соатда 60 саҳифа, бир йилда 1095 соат мобайнида 21900 саҳифа ўқийсиз. Эй доктор, эй устоз сиз буни умрингиз йилларига ва ўқиш ва китоб таълифидан ҳосил қилган ишларингизга солиштириб кўринг албатта, илм ҳаққини адо қилишда катта хатога йўл қўйганингизни биласиз. Демак, сиз ўзингизни ҳисоб-китоб қилишингиз лозим. Шояд, илм учун тавозеълик билан ризқлансангиз. Зеро, олим ўзини тафтиш қилишидан кўра юксакроқ ва қимматлироқ нарса йўқдир”.
Дарҳақиқат, уламолар нафсларини мана шундай ҳолатда, тафтиш қилиб унинг ўз эгасини беҳуда ишлар, кўнгилхушлик ва ўйин-кулгиларга доимий тарзда тортқилаб туришини назорат қилганлар. Шундай экан, Имом Суютийнинг 500дан зиёд китоб ва уларнинг ичида илмнинг турли жабҳаларини кенг қамраб олган қомусни битганлиги ҳайратланарли эмас. У зот олтмиш икки йил яшаган ва уни илмда ўтказиб ҳатто уйланиш, ҳаётий ишларни ҳам кейинги ўринга қўйган. Бу борада шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда раҳматуллоҳи алайҳ “Илмни уйланишдан афзал кўрган уламолар” номли 500 саҳифадан кўпроқ ҳажмда китоб ёзган. Бу каби буюк зотлардан Имом Суютий ва қисқагина қирқ йил умр кечириб жуда кўп китобларни таълиф қилиб қолдирган Имом Нававийни, ёшлигида вафот этган “Ал-Китаб” китобининг муаллифи Сибавайҳни, ўн саккиз ёшларида қисқагина умрларини илмга бағишлаган уламоларнинг сийратларига оид ажойиб асар “Ат-тариху ал-кабир” ҳамда “Саҳиҳул Бухорий” асарларини ёзган Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳларни келтириш мумкин. Бу зотларнинг ҳаётлари замонлар оша инсонлар орасида зикр қилинган ва яна шундай бўлиб қолади. Айни пайтда илмга интилган ҳар бир киши уламолар ҳаётини ўқиб ўрганиши ва уларнинг босиб ўтган йўлларидан ўзига намуна қилиб олиши лозим. Зеро, ҳукамолар айтганидек: “Етукларни танимаган кас, асло асло етук бўлолмас”.
Доктор Иброҳим Ҳудҳуд[1]нинг “Ийқози ҳимами аҳлил аъфия биқроати сияри завил ҳимамил аълия” китобдан
Муҳаммад Зариф Муҳамммад Олим таржимаси.
[1] Доктор Иброҳим Салоҳ Саййид Сулаймон Ҳудҳуд 1964-йилда таваллуд топган. Қоҳирадаги Ал-Азҳар университети араб тили факультети устози, Ал-Азҳар университетининг собиқ Раиси, Исломий тадқиқотлар уюшмаси аъзоси. Қуръон илмлари, араб тили ва балоғат фанларига оид қирққа яқин китоб ва рисолалар муаллифи.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Арафа куни кечаси, яъни, ҳайит кунига ўтар кечасини бедор ўтказиш.
Ҳайит кунига ўтар кечани Қуръон тиловати, зикр, тасбиҳ ва нафл намозлар билан ўтказиш улкан савобларга сабаб бўлади. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: "Ким икки ийд кечаларини Аллоҳдан савоб умидида қоим қилса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмас”, деганлар (Ибн Можа, Табароний ривояти).
2. Ғусл қилиш. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр, азҳо ва арафа кунлари ғусл қилар эдилар” (Ибн Можа ривояти).
3. Энг яхши, янги ёки тоза кийимларни кийиш.
4. Хушбўйланиш.
5. Қурбон ҳайити намозига чиқишдан олдин ҳеч нарса емаслик. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайитида таомланмасдан чиқмасдилар, қурбонлик кунида эса намоз ўқигунларича таомланмасдилар” (Имом Термизий ривояти).
Эслатма! Баъзилар қурбон ҳайитида ҳеч нарса емай намозга чиқишни нотўғри тушуниб, куннинг аввалги ярмига қадар рўзани ният қилиш керак, дейишади. Шу билан бирга, ўша куни саҳарликка туришади ва оғизларини ният билан беркитиб намозга чиқишади. Ҳайит намози ўқиб бўлингач эса, худди ифторликдаги каби оғизларини очишади. Бундай қилиш нотўғри. Ҳайит кунларида рўзани ният қилиш ҳаром амал саналади. Қолаверса, ярим кунга рўза ният қилинмайди.
6. Масжидга имкон бўлса пиёда ва эртароқ бориш. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайит намозига пиёда юриб чиқардилар” (Ибн Можа ривояти).
7. Йўлда таҳлил (Лаа илаҳа иллаллоҳ), такбир (Аллоҳу акбар) ва таҳмид (Алҳамдулиллаҳ) айтиш. "Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Лаа илаҳа иллаллоҳу Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд".
8. Ҳайит намозидан олдин бошқа бирор нафл намоз ўқимаслик. Масжидга боргандан сўнг таҳийятул масжид ёки бошқа бирор нафл намоз ўқимасдан зикр қилиб ўтириш лозим.
9. Намозга бир кўчадан бориб, бошқасидан қайтиш. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар эдилар.
10. Ҳайит билан муборакбод этиш. Саҳобалар: "Тақоббал Аллоҳ минна ва минкум (Аллоҳ биздан ҳам, сиздан ҳам қабул этсин)", деб бир-бирларини байрам билан табриклашарди.
11. Аҳли аёл ва ёш болаларни хурсанд қилиш. Оилада байрам кайфиятини пайдо қилиш, совға-ҳадялар улашиш керак.
12. Қавм-қариндош, ёш улуғларни зиёрат қилиш.
13. Таниш-билиш, ёру дўст, қўни-қўшниларни байрам билан табриклаш.
Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!
Даврон НУРМУҲАММАД