“Янги Ўзбекистоннинг фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз” ташаббуси доирасида Республикамиз ҳожилари иштирокида ўтказилаётган маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари қизғин давом этмоқда.
Айтиб ўтиш жоизки, ўтган тўққиз ой давомида ўтказилган 72 минг 688 та тадбир доирасида 445 437 нафар юртдошимиз қамраб олинди. Улар билан тинчлик қадри, шукроналик, ёшлар тарбияси, иллатларга барҳам бериш, илм-маърифатга тарғиб, ёт ғояларга қарши курашиш мавзуларида суҳбатлар ўтказилди.
Эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиниб, озиқ-овқат маҳсулотлари, моддий ёрдамлар берилди.
Ушбу хайрли ишларга жалб қилинган 11 мингдан зиёд ҳожиларнинг ҳиссалари алоҳида бўлмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Шу йил 10 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилоят вакили Хайрулла домла Абдуллаев бошчилигида имом-хатиб ва ҳожилар Хива шаҳридаги маҳаллаларда бўлишди. Унда кам таъминланган, ногирон, боқувчисини йўқотган, ўзгалар кўмагига муҳтож 56 та оила ҳолидан хабар олиб, уларга зарур кўмаклар берилди.
Шу билан бирга, адашиб турли ёт оқимлар, ақидаси бузуқ кимсалар таъсирига тушиб қолган кишилар, айниқса, ёшларга ҳам ҳожи ота ва ҳожи оналар муҳим тавсиялар берди, йўл-йўриқлар кўрсатишди.
Натижада 16 та оилавий ажримнинг олдини олишга ҳаракат қилинди. 10 та хонадонда зарарли одатларга ружу қўйганларга насиҳатлар қилинди. Умумий ҳисобда 114 та оилага кирилиб, тарғибот ва амалий ёрдам тадбирлари олиб борилди.
Тадбир сўнгида Хива шаҳридаги жоме масжидларда Ватанимиз равнақи, юртимиз тинчлиги ва осойишталиги, маҳаллаларимиз ободлигини сўраб қилинган хайрли дуолар ташрифларга маънавий зеб бағишлади.
Дарҳақиқат, ҳожи деган шарафли номга сазовор бўлган, Аллоҳнинг байтини зиёрат қилиб, Исломнинг бешинчи рукнини адо этган киши ўз манфаатларидан кўра халқникини, Ватаниникини устун қўяди. Шу боис у ҳар жойда азиз ва мукаррамдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Хоразм вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати