“Янги Ўзбекистоннинг фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз” ташаббуси доирасида Республикамиз ҳожилари иштирокида ўтказилаётган маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари қизғин давом этмоқда.
Айтиб ўтиш жоизки, ўтган тўққиз ой давомида ўтказилган 72 минг 688 та тадбир доирасида 445 437 нафар юртдошимиз қамраб олинди. Улар билан тинчлик қадри, шукроналик, ёшлар тарбияси, иллатларга барҳам бериш, илм-маърифатга тарғиб, ёт ғояларга қарши курашиш мавзуларида суҳбатлар ўтказилди.
Эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиниб, озиқ-овқат маҳсулотлари, моддий ёрдамлар берилди.
Ушбу хайрли ишларга жалб қилинган 11 мингдан зиёд ҳожиларнинг ҳиссалари алоҳида бўлмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бугун, 6 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов бошчилигида Тошкент вилоятининг Пискент тумани “Пискент” жоме масжидида амалий тадбир ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассислари, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Дониёр домла Икромов ва вакиллик ходимлари, вилоят туман ва шаҳарларининг бош имом-хатиблари ҳамда отинойилари, шунингдек, “Ҳаж-2024” зиёратчилари, маҳаллалар раислари иштирок этди.
Йиғилишда имом-хатиб ҳамда отинойиларнинг “Ҳаж – 2024” зиёратчиларини маънавий-маърифий тадбирларга фаол жалб этиш ишига кўмаклашиш, тумандаги масжидлар фаолияти ўрганиш, пешин намозида масжидларда долзарб мавзуда маъруза қилиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Шу мақсадда Ишчи гуруҳ аъзолари Пискент туманининг масжидлари ҳамда 20 та маҳалласига бириктирилиб, хонадонларга кирилиб, турли йўналишлар бўйича суҳбатлар ўтказилди.
Хусусан, имом-хатиблар 100 та оилага, отинойилар 14 та оилага, умумий ҳисобда 114 та оилага кириб, маънавий-маърифий тарғибот ҳамда амалий ёрдам тадбирлари олиб бордилар.
Шунингдек, эр-хотин, ака-ука, ота-бола, қайнона-келин, ўртасидаги келишмовчилик ва жанжаллар сабабли нотинч бўлиб турган оилалар ўрганилиб, уларга насиҳат қилинди. Нотинчлик сабабларини бартараф этиш, аразлашганларни яраштириш чоралари кўрилди. Оилавий ажримларнинг олдини олишга ҳаракат қилинди. Шунингдек, ногирон ва касалманд фуқаролар яшайдиган оилаларга кирилиб, улардан кўнгил сўралди.
Тадбир сўнгида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, Пискент туманида масжидлардаги камчиликларни бартараф этиш, имом-хатибларнинг маънавий-маърифий ҳамда масжид бошқарувидаги фаолиятида кузатилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати