Cавол: Вафот этиб кетган ота-оналарнинг зиммасида тутилмаган рўзалари қолган бўлса, уни қандай адо этиш мумкин?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Мазҳабимиз уламолари наздида вафот этган кишиларнинг номидан рўза тутиб бўлмайди, балки, валийлари томонидан уларнинг рўза тутишдан ожиз бўлган ҳар бир кунлари учун фидя (бир мискиннинг бир кунлик таоми ёки шу миқдоридаги маблағ) берилади.
Бу ҳақда фиқҳий манбаларимизда бундай дейилади: “Агар (бемор) тузалиб ёки (мусофир) уйига қайтиб бир муддат яшаб вафот этса, меросхўрлари маййитнинг яшаган кунлари учун фидя берадилар” (“Мухтасарул виқоя”).
Агар Рамазон рўзасини касаллик ёки сафарни узоқ давом этгани сабабли тута олмаса ва вафот этса унга қазоси вожиб бўлмайди, лекин меросхўрларига васият қилган бўлса васияти дуруст бўлади ва меросхўрлари (агарчи рўза тутиш маййитга вожиб бўлмасада) молининг учдан биридан фидя берадилар.
Аммо, мусофир муқим бўлса ва бемор соғайса ва бир муддат яшаса, уларга касаллик ёки сафарда қазо қилган кунларини рўзани тутиши вожиб бўлади. Агар тута олмасдан вафот этса, вафотидан олдин меросхўрларига фидяни васият қилиши лозимдир (“Бадоеъус саноеъ”, “Фатовои Ҳиндия”). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Аждодларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, сафимизда юрган кексаларни эъзозлаш – одамийликнинг олий мезони ва халқимизга хос азалий қадрият эканлигининг далолатидир.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида хизмат қилиб, нафақага чиққан бир гуруҳ фахрийлар ҳолидан хабар олинди.
Зиёрат давомида Диний идора тизимида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган, ёшларга ибрат бўлган устозлар уйларига борилиб, уларга эҳтиром билдирилди. Ҳадялар улашилди.
Шу билан бирга, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Абдурашид қори Баҳромов, Усмонхон домла Алимов, Абдураззоқ ҳожи Юнусов, Анвар қори Турсунов каби марҳум улуғларимизнинг хонадонларига борилиб, оила аҳллари ҳолидан хабар олинди.
Шунингдек, бундай тадбирлар жойлардаги вакилликлар томонидан ҳам амалга оширилиб, ҳеч ким эътибордан четда қолмади. Бундай тадбирлар орқали Ислом динида ўтганлар хотирасига эҳтиром, тирикларни қадрлаш, устозлар ўгитларидан баҳраманд бўлиш каби хайрли анъаналар бардавом бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати