Бир донишманддан: “Хотиржамлигингиз сири нимада?” деб сўрашса, у: “Аллоҳни таниганимдан бери бошимга нимаики келса, таҳорат олиб, икки ракат намоз ўқийман. Ёлвориб дуо қиламан. Бирор ишда иккилансам, истихора намозини ўқийман. Ҳаётим шукр, сабр ва дуо билан ўтади. Ҳаловатим ҳам балки шундандир”, деб жавоб берган экан.
Кўпинча одамлар бирор ютуққа эришса, буни ҳаракатларининг маҳсули деб билишади. Бирор мусибат билан синалганида эса, ўзгаларни айблашади. Аллоҳ ёзган тақдирга исён қилади. Истаймизми-йўқми, қийинчиликларда тобланмай, хато қилмай ўрганиш, мағлубият аламини тотмай ғолиб бўлиш қийин. Тақдирга рози бўлиш чин мўминликдир. Демак, маҳзун пайтда ҳам одоб сақлаш керак. Зеро, мусибат ҳам худди шодлик сингари Раббимиз тарафидан бериладиган иноятдир.
“Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз” (Наҳл сураси, 97-оят).
«Оятдаги “яхши ҳаёт” сўзининг маъноси фақирлик, касаллик, мусибат каби бало-офатлардан холи яшаш эмас, балки инсон қалбининг ҳаловат топиши, Аллоҳнинг қазо-қадарига рози бўлиши, хотиржам яшаши деганидир. Бундай одамга хурсандчилик етса, шукр қилиб савоб олади. Агар мусибат етса, сабр қилиб, яхшиликка эришади.
Пайғамбарлар қавмларининг озорларидан зоҳиран жуда кўп қийинчилик, машаққат тортган бўлсалар-да, ботинан қалблари иймонга лиммо-лим тўлиб, Аллоҳнинг ҳукмига таслим бўлиб, хотиржам ҳаёт кечиришган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Одамлар ичида кўп мусибат кўрганлар пайғамбарлардир. Сўнгра улардан кейингилар, сўнгра улардан кейингилардир. Инсон дини (мустаҳкамлиги) миқдорича синалади (мусибатланади)” (Имом Аҳмад ривояти).
Демак, яхши ҳаёт деганда фақат моддий фаровонликни эмас, иймон билан яшашни тушунишимиз лозим. Зеро, дунё неъматлари қанчалик кўп бўлмасин, иймонсиз ҳаёт мазмунсиз, рангсиздир.
Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
﴿الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي أَنْزَلَ عَلَى عَبْدِهِ الْكِتَابَ﴾
“(Ўз) бандаси (Муҳаммад)га Китоб (Қуръон)ни нозил қилган зот (Аллоҳ)га – ҳамд!” (Каҳф сураси, 1-оят).
Ушбу Китобни умматларига омонат ила етказиб, унга амал қилишда гўзал намуна, “Хулқи Қуръон” бўлган зот – севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга салом ва салавоту дурудлар бўлсин!
Пайғамбаримиздан Қуръони каримнинг бирор ҳарфини ўзгартирмай ўта аниқлик билан қабул қилиб, унга ихлос ила амал қилган саҳобаи киромлардан Аллоҳ рози бўлсин!
Қуръони каримга иймон келтирган, уни ўргатган, ўрганган ва унга амал қилган ҳар бир мусулмонга Аллоҳнинг раҳмати ёғилсин.
Қуръони карим – Аллоҳ таолонинг каломи. Унинг ҳар бир ҳарфи ва оятини ўқиб ўранган кишиларга катта ажр-савоблар ваъда қилинган.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
من قرأ حرفًا من كتابِ اللهِ فله به حسنةٌ. والحسنةُ بعشرِ أمثالِها لا أقولُ ﴿الـم﴾ حرفٌ ولكنْ ﴿ألفٌ﴾ حرفٌ و﴿لامٌ﴾ حرفٌ و﴿ميمٌ﴾ حرفٌ.
“Ким Аллоҳ таолонинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, бунинг баробарига у киши учун бир яхшилик берилур. Алиф, лам, мимни бир ҳарф деб айтмайман . Балки алиф бир ҳарф, лом бир ҳарф ва мим бир ҳарфдир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Қуръони каримни ўқиб ўрганган ва бошқаларга етказган кишилар улуғ фазл-мартаба соҳиби бўладилар. Бу ҳақда Усмон розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
خَيرُكُم من تعلَّمَ القرآنَ وعلَّمَهُ.
“Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганганларингиз ва ўргатганларингиздир”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).
Ушбу ҳадисдан инсонларнинг энг яхшилари аввало Қуръонни ўрганувчилар, кейин эса уни ўргатувчилар экани маълум бўлмоқда.
Аллоҳ таоло шундай фазл-мартабани барчамизга муяссар айласин.
Даврон НУРМУҲАММАД