Жорий йилнинг 12 март куни Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Дин ишлари бўйича қўмитанинг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қашқадарё вилояти вакиллиги ҳамкорликда вилоятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, маҳаллада ва бошқа ижтимоий объектларда ортиқча исрофгарчиликка йўл қўймаслик, мактаб ўқувчиларини илм-фан ва касб-ҳунарга қизиқтириш борасида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар режасига мувофиқ тадбирлар ўтказилди.
Куннинг биринчи яримида Қарши шаҳридаги “Асл” тўйхонасида маҳалла фаоллари, тадбиркорлар ва аҳоли иштирокида “Исрофгарчилик ва дабдабабозлик ижтимоий иллатлардир” мавзусида маънавий-маърифий тарғибот тадбири ўтказилди.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов томонидан бугунги кунда тўй, маърака ва маросимлардаги ҳаддан ошишлар, Динимизда асли йўқ бўлган “уч”, “етти”, “йигирма”, “қирқ”, “йил” ва ҳоказо маросимлар, Энг ачинарлиси, ибодатларда ҳам дабдабабозликка берилиш, ибодатларни кўз-кўз қилиш каби иллатлар ҳақида Қуръони карим оятлари, ҳадислар ва ҳаётий воқеалардан мисоллар келтириб маъруза қилинди.
Куннинг иккинчи ярмида Қарши шаҳрида жойлашган 6-сонли мактаб биносида таълим олувчи ўқувчиларнинг ота ва оналари иштирокида “Илм ва касб ҳунар фазилати ҳамда ота-оналарнинг фарзандлари олдидаги мажбуриятлари” мавзусида суҳбат ўтказилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ مُسْلِمِ بْنِ عَبْدِ اللهِ الْحَنَفِيِّ قَالَ: بِرَّ وَلَدَكَ فَإِنَّهُ أَجْدَرُ أَنَّ يَبَرَّكَ فَإِنَّ مَنْ شَنَأَ عَقَّهُ وَلَدُهُ
Муслим ибн Абдуллоҳ Ҳанафийдан ривоят қилинади: “Болангга яхшилик қил. Шунда у сенга яхшилик қилади. Ким ёмонлик қилса, боласи унга оқ бўлади”.
Боланг кичиклигида сен унга яхшилик қилиб, тарбиясини ва муомаласини яхши қилгин, қариганингда у сенга яхшилик қайтаради. Аммо ким ёшлигида фарзандига ёмонлик қилиб юрган бўлса, қариганида фарзандидан кўради.
Ота-она ўзининг фарзанди олдидаги мажбурият ва масъулиятини шараф билан адо этиб қўйса, қариганида албатта қилган яхшиликлари боласидан қайтади.
Худди шу маънога ўхшаш яна бир гап бор. Ким ёшлигида ота-онасига яхшилик қилса, қариганида унга ҳам боласи яхшилик қилади. Бу ҳолат аксинча бўлиши ҳам мумкин.
Отамиз раҳматли шу маънодаги ҳикояни бир неча марта такрорлаганларининг гувоҳи бўлганмиз.
Шундай экан, ҳар бир киши ота-онасига ҳам, фарзандига ҳам доимо яхшилик қилиш пайидан бўлиши керак. Қисқаси, ҳар кимга шариат томонидан берилган ҳақнинг риоясини қилиш лозим.
«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.