Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Май, 2025   |   17 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:29
Қуёш
05:04
Пешин
12:24
Аср
17:24
Шом
19:38
Хуфтон
21:07
Bismillah
15 Май, 2025, 17 Зулқаъда, 1446
Мақолалар

Фитр садақасини бердингизми?

14.03.2025   17243   4 min.
Фитр садақасини бердингизми?

ФИТР САДАҚАСИ НИМА УЧУН БЕРИЛАДИ?

Фитр садақаси – рўзадан чиқиш муносабати билан бериладиган садақа. У Рамазон ойида беҳуда гап-сўзлар, қилинган хато ва камчиликларни ювиш ҳамда камбағал, мискинлар, етим ва бечораларнинг очликларини кетказиш мақсадида жорий қилинган.

Имом Вакиъ ибн Жарроҳ раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Фитр садақаси – саҳв саждасига ўхшайди. Намознинг вожиб амали тарк бўлганда, саҳв саждаси билан намоз тўғрилангандек, фитр садақаси ҳам рўзанинг камчиликларини тўлдиради”.

Ҳанафий мазҳабида фитр садақаси вожиб амал ҳисобланади.

 

ҚАЧОН БЕРИЛИШИ КЕРАК?

Фитр садақасини рамазон ҳайити куни тонг отгандан яъни бомдод намозининг вақти киргандан бошлаб ҳайит намозига чиқишдан олдинги вақтга қадар бериш вожиб. Рамазон ойи бошланиши билан берилса ҳам бўлади.

Аммо ҳайит намозидан кейинга қолдирмаслик керак. Агарда киши фитр садақасини ҳайит намозигача бера олмаса, намоздан кейин беради, лекин савоби рамазон ойида берганчалик бўлмайди, аммо бериши шарт. Яъни уни беролмай қолган киши зиммасида фитр садақасини бериш вожиб бўлиб қолаверади.

 

КИМЛАР БЕРИШИ КЕРАК?

Хур, нисоб миқдоридаги мулкка эга бўлган (фитр садақасининг нисобида молнинг ўсувчи бўлиши эътиборга олинмайди) мусулмон эркак ва аёлнинг зиммасига фитр садақасини бериш вожиб бўлади. Нисоб миқдоридаги мулкка эга киши балоғатга етмаган болалари номидан фитр садақасини бериши вожиб.

Киши аёли ва балоғатга етган фарзандлари учун фитр садақасини бериши вожиб эмас, балки уларнинг ўзлари бериши мақсадга мувофиқ саналади. Аммо балоғатга етган фарзандлари ва аёли учун улар айтишмаса ҳам, фитр садақасини берса, улар зиммасидан фитр садақаси соқит бўлади.

Ҳайит кечаси туғилган чақалоқ учун ҳам отаси фитр садақа бериши вожиб бўлади. Ҳомила ва ҳайит кунидан олдин вафот этганлар учун эса вожиб бўлмайди.

 

КИМЛАРГА БЕРИЛАДИ?

Фитр садақаси мусулмон камбағал-мискинларга берилади. “Фатавои Ҳиндия” китобида келтирилишича, фитрни беришда энг афзали, аввало, (камбағал) ака-ука, опа-сингиллар ҳисобланади. Сўнгра уларнинг фарзандлари. Улардан кейин амаки-аммалар, сўнгра уларнинг фарзандлари. Тоға-холалар ва уларнинг фарзандлари сўнг юқоридагилардан ташқари қариндошлар. Улардан кейин қўшнилар, касбдошлар, кейин ҳамшаҳарлар ёки қишлоқдошлар ҳақли ҳисобланади.

 

КИМЛАРГА БЕРИЛМАЙДИ?

Фитр садақаси нисоб миқдорича моли бўлган бой кишига, ўзининг ота-онаси, бобо-момосига, ўзининг ўғил-қизларига ва уларнинг фарзандларига, эр-хотин бир-бирига бериш мумкин эмас.

Шунингдек, ғайридинга, фосиққа, гуноҳ ва маъсиятга, шунингдек мусулмонларга зарар келтирадиган ҳар қандай ишларга сарфлайдиган кимсаларга берилмайди.

Фитр садақасини муҳтожларнинг қўлларига қийматини бериш жоиз. Бу пуллар масжид қурилиши, умумий хайрия ишлари учун берилиши мумкин эмас.

 

РЎЗА ТУТМАГАНЛАР ҲАМ ФИТР САДАҚАСИНИ БЕРАДИМИ?

Бирор узр сабабли рўза тута олмаганлар ҳам ўзлари ёки улар номидан нафақа бериши керак бўлган одам фитр садақасини бериши керак.

 

ФИТР САДАҚАСИ ҚАНЧА МИҚДОРДА БЕРИЛАДИ?

2025 йил учун ҳар бир жон бошига фитр садақасининг миқдори:

  • буғдой унидан – 10 000 (ўн минг) сўм;
  • арпадан – 16 000 (ўн олти минг) сўм;
  • майиздан – 110 000 (бир юз ўн минг) сўм;
  • хурмодан – 180 000 (бир юз саксон минг) сўм деб белгиланди.

Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса кифоя.

Эслатма! Фитр садақаси қийматлари Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга асосан белгиланган бўлиб, ҳар бир вилоят ўз бозорларидаги нархга қараб фитр садақасини белгилайди.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Муфтий ҳазрат зиёратчилар билан суҳбатлашдилар

15.05.2025   780   1 min.
Муфтий ҳазрат зиёратчилар билан суҳбатлашдилар

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Мадинаи мунаввара шаҳридаги «Zamzam Pullman» меҳмонхонасида бўлиб турган зиёратчилар билан суҳбатлашдилар. Юртдошларимиздан соғликлари, кайфиятлари, ибодатларини қандай адо этаётганлари, меҳмонхонадаги шароитлар ҳақида фикр-мулоҳазаларини сўрадилар. 
 

Бўлажак ҳожилар зиёрат ва ибодатларни бекаму кўст адо этишлари учун кўрсатилаётган хизматлардан ниҳоятда мамнунлигини билдиришди. Айниқса, меҳмонхона Ҳарами шарифга жуда яқинлиги ёши улуғ кишилар учун ҳам қулай бўлаётгани, беш маҳал намозни Масжиди Набавийда адо этишнинг шукуҳи ҳақида сўзладилар. Малакали имом-хатиблардан ташкил топган элликбошилар, ишчи гуруҳи, шифокорлар туну-кун шай туришганини алоҳида эътироф этишди.


Муқаддас заминда тоат-ибодатларини хотиржам бажараётган зиёратчилар яқинлари, оила аъзолари қаторида тез-тез эл-юртимиз, давлатимиз раҳбари ва бошқа мутасаддилар ҳақларига дуолар қилиб, офият ва фаровонлигимиз бардавомлигини Аллоҳдан сўрашмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
 Матбуот хизмати

Муфтий ҳазрат зиёратчилар билан суҳбатлашдилар Муфтий ҳазрат зиёратчилар билан суҳбатлашдилар Муфтий ҳазрат зиёратчилар билан суҳбатлашдилар Муфтий ҳазрат зиёратчилар билан суҳбатлашдилар Муфтий ҳазрат зиёратчилар билан суҳбатлашдилар Муфтий ҳазрат зиёратчилар билан суҳбатлашдилар Муфтий ҳазрат зиёратчилар билан суҳбатлашдилар Муфтий ҳазрат зиёратчилар билан суҳбатлашдилар Муфтий ҳазрат зиёратчилар билан суҳбатлашдилар
Ўзбекистон янгиликлари