Ислом илм эгаларини қадрлайдиган улуғ диндир. Аллоҳ Қуръони каримда илм эгаларини мақтаб, уларни юксак даражаларга кўтариши ҳақида ваъда берган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам илм эгаларининг қадри ва шарафи ҳақида шундай деганлар:
“Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмон ва Ер аҳолиси, ҳатто уясидаги чумоли ва денгиздаги балиқлар ҳам одамларга яхшилик ўргатувчи олимларга мағфират тилаб дуо қилишади” (Имом Термизий).
Одамларга ҳалол-ҳаром, оқу-қорани ўргатадиган олимларнинг шарафи шу даражада. Аллоҳ жамики жонзотларга илм эгаларини ҳурмат қилишни, уларнинг ҳаққига дуо қилишни, қадрига етишни тайинлаган ва таълим берган. Шунинг учун ҳар биримиз илм эгаларини қадрлашимиз, кўнглини олишимиз, уларнинг ҳаққига мағфират сўраб дуо қилишимиз керак.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Андижон вилояти вакилиги ва “Вақф” хайрия жамоат фонди вилоят филиали ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирдан кўзланган мақсад ҳам шундан иборат эди. Шу куни Андижон шаҳрида жойлашган Саййид Муҳйиддин маҳдум ўрта махсус ислом билим юртида ифторлик дастурхони ёзилди. 250 нафар мударрис-ўқитувчилар, ишчи-хизматчи ходимлар ва талабалар иштирок этган тадбирда вилоят бош имом хатиби Мирзамақсуд домла Алимов илм аҳлининг жамият тараққиётидаги ўрни ҳақида тўхталиб ўтди. Мударрис талабалар ҳаққига дуо қилди.
Дину диёнатни ўргатадиган устозларни, илму толибларни эъзозланганлар Аллоҳнинг улкан ажру савобларига эришсин!
Vaqf.uz
“Янги Ўзбекистоннинг фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз” ташаббуси доирасида 2024 йилги ҳожилар иштирокида ўтказилаётган маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари қизғин давом этмоқда.
Мавсум бошидан ҳозирга қадар ўтказилган 88 минг 273 та тадбир доирасида 539 956 нафар юртдошимиз қамраб олинди. Уларнинг оилавий шароитларидан келиб чиқиб, тинчлик қадри, шукроналик, ёшлар тарбияси, иллатларга барҳам бериш, илм-маърифатга тарғиб, ёт ғояларга қарши курашиш мавзуларида суҳбатлар ўтказилмоқда.
Эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиниб, озиқ-овқат маҳсулотлари, моддий ёрдамлар берилмоқда. Ушбу хайрли ишларга диний соҳа вакиллари билан бир қаторда 11 мингдан зиёд ҳожилар жалб этилган бўлиб, улар маҳаллаларда амалий ишларда кўнгилли равишда иштирок этишмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати