Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Буюк ватандошимиз, исломий илмлар ривожига улкан ҳисса қўшган беназир аллома, калом илмининг султони Имом Абу Мансур Мотуридийнинг (кейинги ўринларда – Имом Мотуридий) ибратли ҳаёт йўли ва бой илмий-маънавий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганишни рағбатлантириш, мотуридийлик таълимотига хос бағрикенглик ва мўътадиллик тамойилларини халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида қарор қиламан:
1. Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг 2025 йилда Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда – Ташкилий қўмита) таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ташкилий қўмита (А.Арипов) икки ҳафта муддатда Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини алломанинг ислом оламидаги обрў-эътибори ва нуфузига муносиб тарзда юқори савияда нишонлаш бўйича қуйидагиларни назарда тутадиган чора-тадбирлар дастурини тасдиқласин:
(а) 2025 йил апрель ойида Самарқанд шаҳрида “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказиш;
(б) хорижлик тадқиқотчилар ўртасида мотуридийлик таълимоти бўйича илмий танлов ўтказиш, ғолиблар иштирокида Ўзбекистонда маданий-маърифий учрашув ва семинар-тренинглар ташкил этиш;
(в) Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” ва “Китоб ат-тавҳид” асарлари ва мотуридийлик таълимотига оид манбаларнинг ўзбек ва хорижий тиллардаги илмий-изоҳли академик таржималарини нашр этиш;
(г) Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигига бағишланган эсдалик сувенирларини муомалага чиқариш ҳамда почта маркалари, тақвимлар, буюк мутафаккирнинг ҳаёти ва илмий меросини ёритиб берадиган бошқа кўргазмали ахборот воситалари туркумини яратиш;
(д) Имом Мотуридийнинг серқирра ҳаёт йўли ва илмий меросининг бугунги кундаги аҳамиятини очиб берадиган бадиий-публицистик фильм яратиш;
(е) Самарқанд вилоятида Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимоти йўналишида фаолият олиб борган алломаларнинг ҳаёти, илмий ва ижодий меросига бағишланган асарларнинг нодир қўлёзма ва нашр нусхалари ҳамда китоблари кўргазмасини ташкил этиш;
(ж) Самарқанд шаҳридаги Абу Мансур Мотуридий мажмуасини қайта таъмирлаш ва ободонлаштириш.
4. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:
(а) Дин ишлари бўйича қўмита билан биргаликда 2025 йил май ва октябрь ойларида Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон” мавзусида республика илмий-амалий конференциясини ҳамда илмий мақолалар танловини ўтказсин;
(б) мотуридийлик таълимотига мансуб алломаларнинг илмий мероси ва ноёб қўлёзма асарларни ўрганиш бўйича Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмасини белгиланган тартибда шакллантириб борсин.
5. Ўзбекистон мусулмонлари идорасига имом-хатиблар ҳамда диний таълим муассасалари талабалари ўртасида “Мотуридийлик таълимоти билимдони” танловини ўтказиш ва ғолибларни муносиб тақдирлаш тавсия этилсин.
6.Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда 2025 йил давомида жойларда Имом Мотуридийнинг илмий меросига бағишланган давра суҳбатларини ташкил этсин.
7. Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Маданий мерос агентлиги билан биргаликда:
(а) хорижий мамлакатларда сақланаётган Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотига мансуб алломаларнинг ҳаёти ва илмий меросига оид ноёб қўлёзма асарлар ва бошқа маданий бойликларни аниқлаш, уларнинг нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш ва тадқиқ қилишни тизимли равишда ташкил этсин;
(б) Имом Мотуридийнинг ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланган юқори сифатли медиамаҳсулотлар ҳамда аудиовизуал асарлар яратиш, уларни маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш, интернет тармоғи ва ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб қилиш чораларини кўрсин.
8. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, “Дунё” ахборот агентлиги ва Ўзбекистон миллий медиа ассоциациясига Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.Қ. Давлетов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ш. Мирзиёев
манба: https://president.uz/uz/lists/view/7946
Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс ғоясини ҳаётга татбиқ этиш, миллий ва диний меросни чуқур ўрганиш ҳамда маънавий-маърифий билимларни кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар доирасида Фарғона, Қашқадарё ва бошқа ҳудудлардан келган имом-хатиблар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлдилар. Улар Марказдаги музей экспозициялари, ноёб қўлёзмалар, Ренессанс даврларига бағишланган бўлимлар ва замонавий интерактив ечимлар билан танишиб, ушбу масканни илм, таълим ва маънавиятни уйғунлаштирган муҳим миллий платформа сифатида баҳоладилар, хабар бермоқда iccu.uz.
Фарғона вилояти Бувайда тумани «Катта маҳалла» масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Ғойибназаров Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган мазкур Марказни ёш авлод учун муҳим маърифат маскани сифатида баҳолади.
«Бу ерда Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари, буюк алломаларимиз қолдирган илмий мерос ва мамлакатимиз тараққиёти ҳақидаги экспозицияларни кўриб катта таассурот олдик. Бу ерга келган ҳар бир инсон ўз тарихини чуқурроқ англайди, ёшлар эса илмга ва ватанпарварликка янада кўпроқ интилади. Бу ерда олган билим ва таассуротларимизни халқимизга етказишни ўзимизга вазифа деб биламиз», — деди у.
Фарғона вилояти Қўштепа тумани бош имом-хатиби, «Муборак» жоме масжиди имом-хатиби Отабек Холмуродов Марказ кутубхонасида илмий изланишлар учун яратилган шароитларга эътибор қаратди.
Унинг таъкидлашича, электрон китоблар фонди, Брайл алифбосидаги адабиётлар, махсус тадқиқот хоналари ва ноёб манбаларнинг бир жойда жамлангани Марказни нафақат музей, балки кенг қамровли илмий ресурс марказига айлантирган.
«Бу кутубхона илмий изланиш билан шуғулланувчилар учун ҳақиқий билим маскани экан. Бу ерда яратилган шароитлар илм аҳлини янада кўпроқ изланишга ундайди. Биз бу имкониятлар ҳақида ёшларимизга албатта тарғибот олиб борамиз», — деди у.
Фарғона вилояти Бувайда тумани бош имом-хатиби Аҳмадхон Низомов эса Марказнинг илмий концепциясига алоҳида тўхталди.
Унинг фикрича, ҳар бир экспозиция ортида кенг кўламли тадқиқотлар ва илмий изланишлар мужассам бўлиб, бу ердаги интерактив муҳит ташриф буюрувчиларни фақат томошабин эмас, балки изланувчига айлантиради.
«Бу ерга бир марта келиб барчасини тўлиқ англаш қийин. Ҳар бир экспозиция ортида катта илмий меҳнат мужассам. Айниқса, алломаларимиз мероси, тадқиқот марказлари ва интерактив имкониятлар инсонни янада чуқур изланишга чорлайди. Бу маскан келажак авлод учун улкан маънавий бойлик ва Янги Ўзбекистоннинг илм-фан тараққиётига хизмат қиладиган муҳим пойдевордир», — деди у.
Ташриф якунида иштирокчилар Марказда жамланган бой илмий ва маданий мерос, рақамли экспозициялар ҳамда таълим имкониятларини кенг жамоатчилик, айниқса ёшлар ўртасида тарғиб қилиш Учинчи Ренессанс ғояларини ҳаётга татбиқ этиш, миллий ўзликни англаш ва илмий меросга қизиқишни янада кучайтиришга хизмат қилишини қайд этдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати