Давлатимиз Раҳбарининг «Рамазон – саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи» ғояси асосида айни кунларда вилоятимизда саховат тадбирлари изчил давом этяпти.
Бу жараёнда ўзга миллат, бошқа дин вакилларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу йил 16 март куни Рамазоннинг 16-куни (16 март) Оҳангарон тумани бош имом-хатиби Ҳусниддин домла Бойниёзов бошчилигида тумандаги имом-хатиблар иштирокида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногирон парваришланаётган 36 та оила ҳолидан хабар олинди.
Ҳомийлар кўмагида уларнинг ҳар бирига 300 минг сўмлик, жами 11 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Улар орасида рус, татар, корейс миллатига мансуб хонадон вакиллари ҳам бор.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир» (Сабаъ сураси, 39 оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса: «Жоним измида бўлган Зотга қасам, садақа билан мол камаймайди», деганлар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло эҳсонларни қабул қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Ҳар бир тарихий обида – халқимиз тарихи ва маданиятининг гувоҳи. Мирзачўл ҳудудида жойлашган “Ёғочли сардоба” ҳам ана шундай ноёб ёдгорликлардан бўлиб, унинг меъморий тузилиши ва муҳандислик ечими ўз даврининг илғор билимларига таянилганини кўрсатади.
– Сардобанинг гумбазсимон тузилиши, 15 метрлик ички диаметри ва 12 метр баландлиги уни нафақат амалиётда самарали, балки архитектура жиҳатдан ҳам ўзига хос намуна сифатида намоён этади. Ердан икки метр баландликдаги туйнуклар, салқинликни сақловчи вентиляция тизими, симметрияли қурилиши ва девор қалинлигининг юқорига кўтарилган сари юпқалашиб бориши – буларнинг барчаси сардобанинг бетакрорлигигидан далолат беради,– дейди тарихчи-археолог Солижон Қудратов.
Сардобага арксимон кириш қисми орқали ғиштли зинапоялардан фойдаланиб тушилади. Кириш қисмидаги йўлакча устидан эса хизматчилар учун махсус хоналарга чиқиш мумкин бўлган айланма зинапоя қурилган.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётган бир пайтда “Ёғочли сардоба” ҳам қайта тиклаш ишлари доирасида ўрганилмоқда. Баъзи реконструкция ишлари бошланган бўлса-да, маълум техник ва молиявий сабабларга кўра, қурилиш вақтинча тўхтаб қолган.
– Энди бу масканни тўлиқ таъмирлаб, туристик маршрутларга қўшиш, атрофида дам олиш масканлари, сув йўллари, маҳаллий ҳунармандчилик объектларини ривожлантириш режалаштирилган. Бунда давлат-хусусий шериклик асосида ёш тадбиркорларни ҳам жалб этиш кўзда тутилмоқда, – дейди Сирдарё вилоят ҳокимининг ўринбосари Шоҳруҳ Исоқулов.
“Тошкент – Самарқанд – Бухоро” магистраль йўли бўйлаб жойлашган “Ёғочли сардоба” ҳозирнинг ўзидаёқ саёҳатчилар диққатини ўзига тортмоқда. Шу боис, яқин истиқболда бу иншоот нафақат тарихий ёдгорлик, балки маданий-маърифий тадбирлар ўтказиладиган, маҳаллий ва халқаро туризмни қўллаб-қувватлайдиган муҳим марказга айланиши, шубҳасиз.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири