Бой одам деразадан қараб, фақирга кўзи тушди. У чиқинди титиб юрарди. Шунда бой одам “Аллоҳга шукрки, мени ночор ҳаётда яшатмади”, деди.
Ночор одам чиқиндилардан ул-бул нарса топиб, энди кетаётганида олдидан бир ногирон ўтиб қолди. “Фақир бўлсам-да, соғломман, алҳамдулиллаҳ!” деди уни кўрганида.
Ногирон одамнинг олдидан эса бир-бирини етаклаган кўзи ожизлар чиқди. “Вужудимда ногиронлик бўлса-да, бу оламни кўриб яшаяпман, Ўзингга шукрлар бўлсин!” деди у ҳам.
Кўзи ожизлар шифохонага боришди. Навбат кутиб турганларида бир кишининг вафот этганини эшитишди. “Аллоҳга шукр, бизни шу ҳолимизда бўлса ҳам яшатмоқда, фурсат бермоқда”, дейишди ўзаро.
Фақат ўлган одам Аллоҳга бир оғиз ҳамд айтиш имконини ҳам бой бериб бўлганди...
Нима учун бугун кўпчилигимиз Аллоҳга шукр айтишни унутиб, шикоятимиз кўпайиб кетмоқда. Ахир, Аллоҳ бизга ҳаёт, ризқ, инсон учун нима керак бўлса, ҳамма неъматларини бериб қўйган-ку! Яхшилаб ўйлаб кўрсак, бизнинг ташвишимиз, эришишни истаб, туну кун ғам чеккан нарсаларимиз асл заруратдан ташқари бўлиб чиқади.
Қаранг, бугун яна бир янги тонгни кўрдик. Дастурхонда ош-нонимиз, бошимизда бошпанамиз бор, танда жонимиз саломат. Ҳолбуки, бу кунга, бу йилги Рамазонга етмаганлар қанча?..
Шундай экан, Рамазон ойида, аввало, ота-онамиз, ўзимиз, оиламиз, қолаверса, барча уммат учун дуолар қилайлик. Зеро, Аллоҳ бизга бераётган неъматлари учун шукр қилсак, зиёда қилишини айтган: «“Ва Роббингизнинг «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”, деб эълон қилганини ҳам эсланг» (Иброҳим сураси, 7-оят).
Демак, берилган неъматларга шукр айтиш инсоннинг тўғри йўлда эканини билдиради. Дам шу дамдир, ўзга дамни дам дема, жонинг омон, давлатингни кам, дема.
Берилган неъматлардан фойдаланиб, яхши амалларни кўпайтирайлик, азизлар!
Акбаршоҳ Расулов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ