Муҳтарам Президентимизнинг "Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида"ги қарорига биноан бу йилги қутлуғ ой "Рамазон - саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи" шиори остида ўтказилмоқда.
Бугун 16 март куни Наманган вилоят бош имом хатиби Мусохон домла ҳамда вилоятда фаолият кўрсатаётган имом хатиб ва имом ноиблари иштирокида Наманган вилоятининг учта ҳудудида Давлатабод, Уйчи, ва Чортоқ туманларида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбири ташкил этилди. Тадбир давомида 1 гектар жойга 3500 тупдан ортиқ манзарали кўчатлар экилди.
Шу кунларда ўлкамизнинг турли ҳудудларида диний соҳа ходимлари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш ишларида фаоллик билан иштирок этмоқдалар. "Табиат – Аллоҳ таолонинг омонатидир" шиори остида кенг жабҳада ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
«Раҳмоннинг бандалари қандай бўлади?» деган саволга Фурқон сураси сўнгида жавоб бор:
1. Улар ерда тавозу ила юрадилар.
2. Жоҳиллар гапирганда, улар билан тортишмасдан, “омон бўлинглар”, деб жавоб қайтарадилар.
3. Тунларни Раббиларига сажда қилиб бедор ўтказадилар.
4. “Раббано, Ўзинг бизни жаҳаннамдан сақла, у жуда ёмон жой”, деб илтижо қиладилар.
5. Инфоқ қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмайдилар, ўртача бўладилар.
6. Аллоҳдан бошқа бирортага илтижо қилмайдилар.
7. Бирор жонни ноҳақ ўлдирмайдилар.
8. Зино қилмайдилар. Зино қилса, қиёмат куни азоби бир неча баробар кўпайтирилиб, дўзахда хор бўлиб, абадий азобда қолишдан қўрқадилар.
9. «Аммо ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштиради. Аллоҳ мағфиратли, раҳмли Зотдир. Ким тавба қилиб, солиҳ амал қилса, Аллоҳга (У зотнинг мағфиратига) қайтган бўлади», деган оятларини ўқиб, чин тавба қиладилар, ёмонликлардан тийиладилар, яхши амаллар қиладилар, ҳеч қачон ноумид бўлмайдилар.
10. Улар ёлғон гувоҳлик бермайдилар.
11. Беҳуда нарсалар олдидан ўтсалар, ҳурматларини сақлаган ҳолда ўтадилар.
12. Раббиларининг оятларини эшитганда, гунг ва карларга ўхшаб турмайдилар.
13. Раҳмоннинг бандалари “Раббано, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўзимиз қувонадиган нарсаларни ҳадя эт, бизни тақводорларга йўлбошчи қил”, деб дуо қиладилар.
Абдуғофур Искандар