Тошкент ислом институтининг 3-курс қорияси Робияхон Музаффархонова 30 пора Қуръони каримни бир кунда, 12 соат давомида ёддан ўқиб берди.
Қуръони каримни ўқиш жараёнини “Қуръон илмлари” кафедраси ўқитувчилари Жаҳонгир қори Неъматов, Аҳмадхон қори Рашидов, Валихон қори Азимбоев, Абдулбосит қори Қобилов, Робия Нажмиддинова ва бошқа устоз ҳамда талабалар кузатиб боришди.
Тошкент ислом институти ректори, тарих фанлари номзоди Уйғун домла Ғофуров мазкур натижани эътироф этиб, устозларга ғайрат ва шижоат тилади. Қуръони каримни 12 соатда ёддан ўқиб хатм қилган Робияхон Музаффархонова ноутбук ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Таъкидлаш жоизки, “Қуръон илмлари” кафедраси устозларининг меҳнати натижасида Тошкент Ислом институтида Қуръони каримни бир кунда тўлиқ ёддан ўқиб бериш анъанага айланди. Бугунга қадар бундай ютуққа эришган қория талабалар сони 12 нафарга етди.
Шу вақтгача ушбу натижага Гулруҳ Кенжабек қизи, Робия Нажмиддинова, Фотима Абдуллаева, Ҳавасхон Акбарова, Назокат Сайдиллаева, Ҳуснора Мираҳмадова, Мухлиса Муҳамматханова, Хадича Қурбонова, Муҳсина Орифжонова, Амина Хўжаёр, Руқайя Юсуфий эришган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ҳиро ғоридан тушиб, Макка томонга келаверишда мана шу (расмдаги) масжидга кўзингиз тушади.
Унинг номи "Масжидул Ижоба" бўлиб, Ҳиро ғори билан жуда яқин алоқаси бор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам 35 ёшларидан эътиборан тез-тез Ҳиро ғорида ёлғиз қолар, ҳатто баъзан бир неча кунлаб у ерда қолиб кетардилар. Шу аснода оналар онаси, нубувват хонадонининг султонларидан Хадийжа онамиз розияллоҳу анҳо гоҳ (дам) ўзлари Расулуллоҳ алайҳиссаломни кўргани келар, гоҳида эса қуллари Майсара билан озиқ-овқат жўнатардилар.
Пайғамбаримизни зиёрат қилишга ўзлари келганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадийжа онамизни тоғга чиқиб, ғоргача бориб чарчаб қолишларини истамасдилар. У зот алайҳиссалом узоқдан туриб, албатта бу ерлар ҳозиргидек эмас, ҳар ер очиқ эди, тоғни устидан ҳам паст жуда яхши кўринарди, елкаларида озиқ-овқат олиб келаётган Хадийжа онамизни кўрганларида, овозлари етадиган жойгача келиб, «Сен келма, ўзим бораман», деб шу масжид ўрнига келардилар. Ўша жойда Хадийжа онамиз розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашишар, шу ерда ўтириб суҳбат қуришар, ҳаттоки бу суҳбатлар тонгга уланарди. Айнан шунинг учун мазкур хотирани абадийлаштириш мақсадида, кейинчалик масжид барпо қилинди.
Абдуллоҳ Раҳим