Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Рамазон – бу фақатгина рўза тутиш ва ибодат ойи эмас, балки оила аъзолари ўртасидаги меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш учун энг қулай даврдир. Ушбу муборак ойда оилавий муҳитни яхшилаш, фарзандларни тарбиялаш ва бир-бирига меҳр кўрсатиш имкони янада ошиб, жамоавий ибодат ва бирдамлик ҳисси кучаяди.
Рамазон – шукр, сабр ва саховат ойи бўлиб, айнан шу фазилатлар оилада муҳаббат ва илиқ муҳитни шакллантиради. Қуйида Рамазонда оилавий муҳитни мустаҳкамлаш йўллари ва уларнинг исломий ҳамда илмий асослари ҳақида батафсил маълумот берилади.
1. Биргаликда ифторлик ва саҳарлик қилиш.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Одамнинг эрталаб ва кечки овқатини бирга ейиши – баракадир" (Имом Муслим ривояти).
Ҳар куни бир дастурхон атрофида жам бўлиб овқатланиш оила муносабатларини мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга. Кундалик ҳаётда иш, ўқиш ва бошқа мажбуриятлар туфайли бу доимий амалга ошмайди. Бироқ Рамазон ойи буни одатга айлантириш учун ажойиб имкониятдир.
Амалиётда қўллаш йўллари:
Ифтор ва саҳарликни барча оила аъзолари биргаликда тайёрлаши лозим.
Болаларни кичик вазифаларга жалб қилиб, уларни жамоавий ишга ўргатиш.
Ифтордан аввал дуолар ўқиш ва оилавий маънавий суҳбатлар ўтказиш.
2. Биргаликда ибодат қилиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Ким Рамазонда иймон ва ихлос билан рўза тутса, унинг олдинги гуноҳлари кечирилади" (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Рамазон ойи ибодатга эътиборни кучайтириш учун энг мос вақтдир. Оила аъзолари биргаликда намоз ўқиши, Қуръон тиловати қилиш ва диний суҳбатлар уюштириши – уларнинг ўзаро муносабатларини янада мустаҳкамлайди.
Амалиётда қўллаш йўллари:
Камида бир вақт намозни биргаликда ўқиш.
Қуръон ўқишга ва дуоларни ёдлашга рағбатлантириш.
Таровеҳ намозини жамоат билан масжидда ёки уйда ўқиш.
3. Оилавий сабр ва қаноатни ривожлантириш.
Қуръонда бундай марҳамат қилинади: "Албатта, сабр қилувчиларга мукофотлари ҳисоб-китобсиз берилади" (Зумар, 10).
Рўза – сабр ва шукрни шакллантирадиган энг муҳим ибодатлардан биридир. Оила аъзолари Рамазон ойида ўзларини тарбиялаб, сабрни кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айлантиришлари лозим.
Амалиётда қўллаш йўллари:
Келиб чиққан муаммоларга хотиржам ва сабр билан ёндашиш.
Фарзандларни сабрга ўргатиш учун уларга кичик вазифалар бериш (масалан, бир ҳафта давомида ҳар куни дуоларни ёдлаш).
Рамазонда сабр ва қаноат ҳақида оилавий суҳбатлар ташкил этиш.
4. Саховат ва меҳрибонликни кучайтириш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Энг яхши одам – оиласи учун энг яхшисидир" (Имом Термизий ривояти).
Рамазон ойи – саховат ва меҳр-муҳаббат ойидир. Оилавий муҳитни яхшилашнинг энг яхши усулларидан бири – бир-бирига ва бошқаларга саховатли бўлиш, муҳтожларга ёрдам беришдир.
Амалиётда қўллаш йўллари:
Биргаликда хайрия ишларини амалга ошириш.
Фарзандларга садақа қилиш одатини ўргатиш.
Оила аъзолари бир-бирига меҳрибон ва самимий муносабатда бўлишлари керак.
5. Оилавий анъаналарни шакллантириш оилани бирлаштиришнинг энг яхши усулларидан бири – Рамазон ойида биргаликда амалга ошириладиган анъаналарни шакллантиришдир.
Амалиётда қўллаш йўллари:
Ҳар куни ифтордан кейин оилавий ҳикоя ёки тажриба алмашиш одатини жорий қилиш.
Фарзандлар билан Рамазон тақвими тузиш ва уларнинг ибодатини кузатиб бориш.
Рамазон охирида оилавий йиғилиш ўтказиб, йил давомида амалга оширилиши лозим бўлган яхши ишларга режа тузиш.
Рамазон оила аъзоларини бирлаштириш, меҳр-муҳаббатни кучайтириш ва умумий диний муҳитни мустаҳкамлаш учун ажойиб имкониятдир. Ифтор ва саҳарликни бирга қилиш, ибодатни жамоавий адо этиш, сабр ва қаноатни шакллантириш, саховат ва меҳрибонликни ривожлантириш, шунингдек, оилавий анъаналарни яратиш орқали оила муносабатларини мустаҳкамлаш мумкин.
Рамазон – фақатгина рўза ойи эмас, балки оилани мустаҳкамлаш, меҳр-оқибатни кучайтириш ва Аллоҳга яқинлашиш учун энг гўзал даврдир. Шундай экан, бу муборак ойда оила муҳитини янада илиқ ва самарали қилишга ҳаракат қилайлик!
Осимхон Муҳиддинов
Ҳаётда кўпинча тўғри йўналиш эмас, балки тезлашиш ўргатилади. Тезроқ юриш, тезроқ етиб бориш, ҳамма нарсани тезроқ бажариш... Лекин ҳеч ким тўхтаб: “Бунчалик шошилишдан мақсад нима?” деб сўрамайди. Инсон тинимсиз ҳаракатда бўлишни эришиш, табиий ҳаёт тарзи деб ўйлаб, сарфланаётган умри эвазига аслида нимага эришаётгани ҳақида ўйламай қўяди.
Баъзан йўлни йўқотдик, деб ўйлаймиз. Ҳолбуки, йўқоладиган нарса йўл эмас, балки тўғри йўналишдир. Бу йўналиш харитадаги чизиқлар ёки телефондаги йўл кўрсаткич эмас, балки Аллоҳ таоло борлиғимизга жо қилган ички йўналтиргич, яъни фитратимиздир.
Бу ички йўналтиргич баъзан тўғри томонни кўрсатмаётгандек туюлади. Дунё ташвишлари, нафс истаклари кўпайиб кетганида, у сарсон бўлади ё қотиб қолади. Шунда биз уни бузилди деб ўйлаймиз. Лекин фитрат бузилмайди, шунчаки биз унга аҳамият бермай қўйган бўламиз. Баъзилар бу йўналтиргични бошқаларнинг қўлига бериб қўяди...
Йўналишини йўқотган одам тўғри йўлга қайтиши керак. Бу қайтиш шунчаки бир манзилга қайтиб боришмас, балки ички дунёмиздаги тарқоқликни жамлаш, фитратимизга қайтишдир. Шунда инсон дунёнинг “ҳаммасига эришиш” васвасасидан халос бўлади. Ўтмишдаги хато ва синовлардан ибрат олади, аммо уларни ўзига оғир юк қилиб олмайди. Бошқалардан ва ҳаётдан жуда кўп нарса кутишни тўхтатади...
Ҳақиқий хотиржамлик – ҳамма нарса мукаммал бўлиши деганимас. Инсон ўз ҳаракат доираси чегарасига етганида Аллоҳнинг қазо ва қадарига рози бўлса хотиржамлик топади. Бу лоқайдлик эмас.
Мусулмон киши ҳам хурсанд бўлади, қайғуради, бошқалар каби яшайди. Лекин у ўткинчи туйғулар, орзу-ҳаваслар аро сарсон бўлиб қолмайди. Чунки дунёдаги ҳар бир ҳолат вақтинчалик синов эканини яхши англайди.
Инсон ўзлигига қайтганида бошқаларнинг юкини елкасига олишга уринмайди. Ёрдам беради, лекин ҳар ким ўз қисмати ва қилмиши учун ўзи масъул эканини тушунади. Бошқаларнинг айбига қарамай, ўз хатоларини тузатиш билан банд бўлади. Муҳими, ҳар ишида шошқалоқлик қилмайди. Чунки охиратга ва маънавий камолотга элтувчи йўлни шошиб босиб ўтиб бўлмаслигини билади.
Айтилганидек: “Ким ўзини таниса, Раббини танийди”. Бу мартабага эришган қалб эса ҳеч қачон адашмайди.
Абдулатиф АБДУЛЛОҲ